Конференция: фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ижтимоий-сиёсий, фалсафий масалалари

28 Апрель, 16:46 • Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 366 марта кўрилди • Комментариев к записи Конференция: фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ижтимоий-сиёсий, фалсафий масалалари нет

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ҳамкорлигида “2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишланган “Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ижтимоий-сиёсий, фалсафий масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, республикамиз олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этди.

Конференцияда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Н.Умаров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) У.Мухаммадиев, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, профессор Б.Ходиев ва бошқалар мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 2017 йил 7 февралда имзолаган Фармонида белгиланган устувор йўналишларни ҳаётга жорий этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида қайд этишди. Президентимизнинг бевосита раҳбарлиги остида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини ҳам ўз ичига оладиган мазкур кенг кўламли дастурий ҳужжат ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилганлиги эътироф этилди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жамиятимизда олий маълумотли кадрларни тайёрлашнинг сифатини тубдан яхшилашга, халқаро стандартлар даражасида таълим бериш, олий таълим муассасалариларининг моддий-техник базасининг замон талабларига кўра мустаҳкамланишига асос бўлиши ҳақида фикрлар билдирилди.

Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш соҳасидаги демократик ўзгаришлар аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ҳамда ижтимоий онги ўсишини ҳисобга олган ҳолда, тизимли, изчил ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда маънавият ҳамда маърифатни, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида одамларда ўзликни англаш, фуқаролик фаоллиги ва жамиятда кечаётган ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси мустаҳкамланиб бормоқда. Истиқлол йилларида фуқаролик жамияти институтларининг эркин ҳамда мустақил фаолият юритишига қаратилган қонунчилик асослари ва ҳуқуқий кафолатлари яратилгани бунда ҳал қилувчи омил бўлмоқда.

Конференцияда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш жараёнида фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшларнинг маънавиятини юксалтиришда ижтимоий-гуманитар фанларнинг ролини кучайтириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари хусусида сўз борди. Жамият ҳаётида парламент ва сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, халқ билан самарали мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, маҳалланинг жамият ҳаётидаги ролининг кучайиши ва унинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва бошқа масалалар юзасидан маърузалар тингланди. Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг фалсафий, сиёсий, маънавий ва ижтимоий-иқтисодий асосларини ўрганиш юзасидан амалга оширилаётган илмий изланишлар, бу йўналишда йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик истиқболлари хусусида фикрлар алмашилди. Мамлакатда ҳаётга татбиқ этилаётган демократик ислоҳотлар самарадорлиги кўп жиҳатдан фуқаролар онги, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг нечоғли ривожланганига боғлиқлиги, аҳолида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонунларни ҳурмат қилиш, Ватанимиз тақдирига, мамлакатимиз ҳамда дунёда рўй бераётган воқеаларга дахлдорлигини англаш туйғусини шакллантириш муҳим вазифалардан бири эканлиги алоҳида қайд этилди.

Конференция иштирокчилари томонидан аҳоли, жумладан, ёшларга, ННТлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари етакчилари ва фаолларининг ҳуқуқий билим даражаси, сиёсий маданиятини ошириш, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш муҳимлигини тушунтириш ишларини янада яхшилаш талаб этилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Конференция ниҳоясида тингланган маърузалар бўйича муҳокама ўтказилиб, бундай илмий-амалий конференцияларни анъанавий тарзда ташкил қилиш мақсадли эканлиги таъкидланди. Конференция иши доирасида ёш олимлар “Энг мазмунли маъруза”, “Нотиқлик маҳорати”, “Энг яхши тақдимот” йўналишлари бўйича рағбатлантирилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
матбуот хизмати.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »