Малакали кадрлар – тараққиёт таянчи

28 Апрель, 09:36 • Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 80 марта кўрилди • Комментариев к записи Малакали кадрлар – тараққиёт таянчи нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда “Олий таълим соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг устувор вазифалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари, бир қатор олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабалар, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелда қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш ва унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва уни жаҳон стандартлари даражасида ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини кенг муҳокама қилишга қаратилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда, кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.

Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим тизимини келгусида комплекс ривожлантириш борасида белгилаб берилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти депутатлар ва олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчилари томонидан эътироф этилди.

Феруза Каримова, Тошкент темирйўл муҳандислари институтининг ўқув ишлари бўйича проректори:

Президентимизнинг ушбу қарорини биз катта мамнуният билан қабул қилдик. Чунки унда олий таълим тизимида тўпланиб қолган кўплаб муаммоларни ҳал этишнинг аниқ ечимлари белгилаб берилди.

Қарорнинг муҳим аҳамиятини кўрсатадиган яна бир жиҳат шундан иборатки, мамлакатимиз Президенти томонидан ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича аниқ параметр ва кўрсаткичларни ўз ичига олган манзилли ривожлантириш дастурлари тасдиқланди. Унга мувофиқ профессор-ўқитувчиларнинг касб маҳоратини, педагог ходимларнинг малакасини ошириш, шунингдек, уларнинг хорижий ҳамкор олий ўқув юртларида малака ошириши, магистратура, докторантурада таълим олиши, ҳамда республикамизнинг таянч олий ўқув юртлари қошида қайта тайёргарликдан ўтиши ва малака ошириши таъминланади. Бу биз учун муҳим аҳамиятга эга.

Чунки, институтимиз Осиё-тинч океани минтақаси темирйўл университетларининг халқаро ассоциациясига аъзо 18 давлатнинг нуфузли олий таълим муасасалари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Аммо шу вақтга қадар ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилмагани сабабли ушбу хорижий университетларнинг профессорларини мамлакатимизга чақириш, уларнинг тажрибаларини ўрганиш имконияти бўлмас эди. Эндиликда мазкур йўналишда кенг имконият очиб берилаётгани муҳим аҳамиятга эга.

Шуҳрат МУТАЛОВ, Тошкент кимё технология институтининг илмий ишлар бўйича проректори:

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ педагог кадрларнинг касб малакаси ва маҳоратини сифат жиҳатдан мунтазам ошириб бориш, педагог ва илмий ходимларнинг стажировкадан ўтишини йўлга қўйиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD дастури ва хорижий магистратура дастурлари асосида ўқитиш ҳам назарда тутилмоқда.

Қолаверса, Қарор билан олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, уларнинг академик илм-фан билан интеграциясини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий фаолияти самарадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилади.

Қолаверса, Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ечимини тўлиқ таъминлаш мақсадида олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш мақсадида Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Айниқса, Қарорга мувофиқ профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламалари қисқартирилаётгани уларнинг ўз устида ишлаши, илмий фаолият билан шуғулланиши, ўқув адабиётлари тайёрлаши ҳамда талабаларга сифатли билим беришларига кенг имконият яратади.

Шу ўринда техник йўналишдаги олий таълим муассасалари учун ҳамон қийинчилик туғдираётган бир масалани айтиб ўтишни жоиз. Хусусан, айни вақтда ишлаб чиқариш ва саноат соҳасининг 50 фоиздан ортиғи хусусий сектор тасарруфига ўтиб кетганлиги сабабли биз талабаларимизни ишлаб чиқариш амалиётига тўлиқ жалб этиш масаласида қийинчиликка дуч келяпмиз. Бу ўринда қонуности ҳужжатларида талабаларнинг амалиёт ўташларига шароит яратиб беришда хусусий секторнинг ижтимоий масъулиятини ошириш билан боғлиқ мезонларни белгилаш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Қодир ЖЎРАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Президентимизнинг ушбу қарори партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган илмий тадқиқот ишлари, мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тармоқлардаги мавжуд эҳтиёжни инобатга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш, олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини, илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтиришга доир қўшимча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мақсадли дастурлар ишлаб чиқишга доир вазифаларнинг ҳаётга жорий этилишида айни муддао бўлди.

Айниқса, Қарорга мувофиқ олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида корхоналарнинг буюртмасига асосан амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширадиган таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари юридик шахслардан олинадиган даромад солиғидан, ягона солиқ тўловидан, мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўлов ва қўшимча қиймат солиғидан озод қилиниши ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантиришга, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, олий таълим тизимида янги таълим ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларнинг, шунингдек, иқтисодиёт соҳалари ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва бакалавриат ва магистратурага талабалар қабул қилишнинг умумий кўрсаткичларини 2021 йилгача босқичма-босқич равишда 18 фоизгача оширишни назарда тутилаётгани юртимиз ёшларининг олий таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлади.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан давлатимиз раҳбарининг мазкур Қарорида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳага доир қонун ва қонуности ҳужжатларига тегишли ўргартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш партия депутатлик корпусининг энг муҳим вазифаларидан эканлиги айтиб ўтилди. Бу борада Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий ўқув юртлари, олимлар ва жамоатчилик билан мустаҳкам ҳамкорлик Қарорда белгиланган вазифалар самарали ижро этилишининг муҳим омили эканлиги таъкидланди.

Давра суҳбати якунида муҳокама этилган масала юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Илёс САХАТОВ.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »