Мулоҳаза: «Сепли эмас, эпли бўлсин»

29 Апрель, 17:16 • Фарғона вилояти, Янгиликлар • 266 марта кўрилди • Комментариев к записи Мулоҳаза: «Сепли эмас, эпли бўлсин» нет

Фарзанд, айниқса, оиладаги қиз бола тарбияси жуда мураккаб ва масъулиятли вазифадир. Қиз бола бамисоли субҳидамдаги гул япроғига қўнган шабнамга ўхшайди. Унга, хаттоки, тонг еллари ҳам азият бериши мумкин. Қиз бола – аввало, бўлғуси она. Шу сабабдан ҳам у қанчалик соғлом ва бахтли бўлса, келгусида қурадиган оиласи ҳам, унинг меваси бўлмиш фарзандлари ҳам соғлом ва бахтли бўлади.

Мамлакатимизда ёшларимиз, хусусан, қизларимизнинг вояга етишлари, ўқиб билим олишлари, қўйингки, оилавий ҳаётга тайёрланишлари учун барча шароитлар яратилган. Ҳамма жойда маънавий таълим ва тиббиёт масканлари, спорт комплекслари барпо этилган. 12 йиллик мажбурий ва бепул таълим давомида йигит-қизларимиз билим олиш билан бирга касб-ҳунар эгаллаб, мустақил ҳаётга қадам қўйишмоқда. Ўзлари қизиққан соҳа билан шуғулланиб, оиласига даромад, жамиятга наф келтиришмоқда.

Бугунги кунда қанчадан-қанча ота-оналар ўз қизларининг ҳунарли бўлганидан, ҳаётда ўз ўрнини топганидан ҳурсанд. Ўғил-қизларимиз қанча ақлли-ҳушли, фаросатли, меҳнатсевар ва одобли, муайян бир ҳунарнинг эгаси бўлса, келажакда улар қураётган оиланинг пойдевори шунчалик мустаҳкам бўлади.

Бироқ, айрим ота-оналар ўзларининг хоҳиш-иродасига кўра, фарзандини ўқиб, касб-ҳунарли бўлишига тўсқинлик қилади ва эртароқ турмушга узатишга уринади. Оқибатда оила қуришга жисмонан ва маънан тайёр бўлмаган, маълум касб-ҳунарга, кенг дунёқарашга эга бўлмаган қизлар ҳаётда кўп қийинчиликларга дуч келишмоқда.

Психологларнинг фикрича, фарзанднинг соғлом дунёга келиши, оиланинг бахтиёр ва мустаҳкам бўлишида мустақил ҳаётга жисмонан ва руҳан тайёр, маънавий етук йигит-қизларнинг ўзаро келишуви асосида тузилган никоҳ муҳим аҳамиятга эга.

Қиз бола ёш хомиладор бўлса, турли патологик, экстрагенитал хасталиклар кучаяди. Эрта хомиладорлик кўпинча бола тушиши ёки ўлик туғилиши билан тугайди. Бу ҳолатлар аёлнинг саломатлигига ҳам катта хавф туғдиради. Кейинги хомиладорлик ва туғруқнинг нормал кечишига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Сурункали кислород етишмаслиги туфайли она қорнида суст ривожланган чақалоқнинг вазни анча кам бўлади, аксарият ҳолларда у кўп яшамайди.

Мамлакатимизда бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига “Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” деб номланган янги модда киритилди. 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришганлик учун жавобгарлик белгиланган. Мулоҳаза қилиб кўрилса, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси инсонга, унинг манфаатларига қаратилган.

Жорий ўқув йилининг ўтган даври мобайнида Фарғона шаҳридаги барча умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларида “Ораста қизлар” тўгараклари томонидан “12 йиллик мажбурий таълим-қизлар учун ўта зарур ва муҳим” мавзуида машғулотлар ўтказилди. Давомати яхши бўлмаган қизлар дарсларга тўлиқ жалб этилди.

Ўқувчи қизини турмушга бермоқчи бўлган ота-оналар билан суҳбатлашиб, эрта никоҳларнинг олди олинди.

Бугун юртдошларимизнинг турмуш тарзи, дунёқараши ўзгарган. Бундай ўзгаришлар туфайли эндиликда ота-оналар ўз фарзандларини соғлом, билимли, маърифатли қилиб вояга етказишни ўйлашмоқда. Қизларнинг маърифатли бўлиши, уларнинг ўз оилалари учун қанчалик фойда бўлса, бу юрт равнақи, жамият тараққиёти учун ҳам шунчалик муҳим эканлигини теран англамоқдалар. Бу эса авлодларимизнинг  жисмонан ва маънан соғлом, пироварида, миллат наслининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Раъно СУЛАЙМОНОВА,

халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати,

Фарғона вилоят перинатал маркази шифокори.

Мулоҳаза: «Сепли эмас, эпли бўлсин» was last modified: Апрель 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »