Муносабат: халқ ишончи – олий саодат

4 Апрель, 11:26 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Жиззах вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 248 марта кўрилди • Комментариев к записи Муносабат: халқ ишончи – олий саодат нет

Жорий йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ мутахассислари билан учрашувда ушбу тизимда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаатлари йўлида қилинаётганлиги, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш устувор вазифалар сирасига кириши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ҳамда маънан баркамол авлодни вояга етказиш борасида қатор амалий ишлар бажарилиши лозимлигини таъкидлагани барча фуқароларимиз, шифокорлар қаторида мени ҳам тўлқинлантирди.

Шу ўринда мамлакатимизда мазкур соҳани жадал ривожлантиришда қўл келадиган зарур шарт-шароитларнинг муҳайё қилинганлиги, врачларнинг касб-маҳорати, билим даражаси ўсаётгани ҳисобига аҳоли ўртасида учрайдиган кўпгина касалликлар камайиб, узоқ умр кечириш имкониятлари янада ортганини қайд этиш зарур. Айниқса, чекка ҳудудларда қишлоқ врачлик пунктларининг қурилиб ишга туширилгани аҳоли учун катта қулайлик яратди.

Ушбу соҳага берилган эътиборни биргина Жиззах вилояти мисолида айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда вилоятимизда 38 та шифохона, 183 та амбулатория-поликлиника муассасалари, жумладан 169 та қишлоқ врачлик пунктлари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали ва унинг туманлардаги 12 та бўлимлари, вилоят перинатал маркази ва Республика саломатлик ва тиббий статистика институти Жиззах филиаллари аҳолига юқори даражада хизмат кўрсатиб келишаётганлиги айни ҳақиқат. Ушбу тиббиёт муассасалари замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари, тиббий жиҳозлар ва керакли тиббий қурилмалар билан таъминланган.

Жиззах вилоятида фаолият кўрсатаётган қишлоқ врачлик пунктларидан 82 таси янги қурилиш ва 87 таси мослаштирилган бинолар ҳисобига ташкил этилиб, уларда 240 нафар врачлар фаолият юритиб, шундан 198 нафарини умумий амалиёт врачлари ташкил этади. Бугунги кунда мавжуд қишлок врачлик пунктларидан 136 таси намунали шаклга келтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 25 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил Инвестиция дастури тўғрисида»ги ПҚ-2458-сонли қарорига асосан Бахмал, Ғаллаорол, Жиззах, Зарбдор, Зафаробод, Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, руҳий касалликлар диспансери тиббиёт муассасаларида жами 16,1 млрд. сўмлик реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилди.

Лекин замон тараққий этиб, йилдан йилга бу соҳада ҳам катта ўзгаришларни, юксак талабларни ўз олдига қўймоқда. Шулардан келиб чиққан ҳолда, учрашувни бу жабҳада янги ва яхши ўзгаришлар ясалишига замин яратади, дейиш мумкин. Учрашувда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, соҳа ходимларининг энг илғор, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш усулларини ўрганиши кераклиги алоҳида таъкидланди.

Маълумки, 2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди. Бу ном замирида фуқароларимизнинг соғлигини яхшилаш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш тушунчаси мужассам. Президентимиз ушбу учрашувда тиббий жабҳадаги муаммолар ҳақида тўхталиб ўтди. Бугун аҳоли учун кенг қамровли хизмат кўрсатаётган қишлоқ врачлик пунктларида малакали мутахассислар етишмаслиги, тиббий кўрикларнинг тўлақонли равишда ўтказилмаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун қишлоқ врачлик пунктларининг туну кун ишлаши ҳам мақсадга мувофиқлиги айтилди. Албатта, аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишига сабаб бўлиши бу каби қулайликлар қишлоқ аҳолисининг соғлигини тиклаш ва мустаҳкамлашда беназир кўмакдир. Шунингдек, Президентимиз томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказларининг аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, бу тизимни мутлоқ ўзгартириш кераклиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг аёллар учун махсус поликлиника жорий қилиш борасидаги фикрлари айни бугунги кун учун ниҳоятда долзарб масаладир. Токи, Ватан келажаги соғлом, маънан етук авлод вакилларининг қўлида экан, аёлларга эътибор асосий масала бўлиб қолаверади.

Учрашув мобайнида ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг пойтахтда жойлашганлиги, бу ўз навбатида қишлоқ аҳолиси учун қатор ноқулайликларни юзага келтираётгани айтилди. Шунингдек, кўплаб жарроҳлик амалиётлари ҳам асосан Тошкент шаҳрида ўтказилаётгани таъкидланди. Албатта, бу каби мураккаб операцияларнинг вилоятларнинг ўзида ўтказилиши аҳоли учун катта енгиллик туғдиради.

Тадбирда Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва бу хизматларнинг халқаро стандартларга жавоб бериши, юқори технологиялар асосида иш юритиш, дунёдаги илғор тиббиёт марказлари ва мутахассислари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда мустаҳкамлаш каби муҳим топшириқлар белгилаб берилди.

Мен  шифокор сифатида мазкур мулоҳазалар ва танқидий фикрлар мамлакатимизда ушбу тизимда туб ўзгаришларнинг ясалишига, халқ саломатлиги йўлида катта марралар сари одимлашга кенг йўл очиб беришига аминман. Бу эса ўз навбатида, шифокорларимизнинг халқимиз ишончини оқлашига замин яратади.

Исомиддин ХОЛМУРЗАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП халқ депутатлари
Жиззах вилоят Кенгаши депутати.

Муносабат: халқ ишончи – олий саодат was last modified: Апрель 4th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »