Сессия: депутатлар ва ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш зарур

17 Апрель, 12:44 • Тошкент вилояти, Янгиликлар • 49 марта кўрилди • Комментариев к записи Сессия: депутатлар ва ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш зарур нет

Куни кеча халқ депутатлари Бекобод тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда туманни ҳар соҳада ривожлантиришда амалга ошириш лозим бўлган вазифалар, ҳал этилиши муҳим ҳисобланган масалалар, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ўрганиш натижалари сенаторлар ва депутатлар ўртасида кенг муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, 1-10 апрель кунлари Тошкент вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Сенат аъзолари билан биргаликда Бекобод туманида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан танишишди. Учрашув чоғида фуқаролар билан очиқ мулоқотда бўлишиб, уларнинг истакларини тинглашди. Шу билан бирга, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни жойида бартараф этишга эътибор қаратишди.

Сессияда туманда 2016 йилда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 174 млрд. 512 млн.сўмни ташкил этиб, 2015 йилга нисбатан ўсиш суръати 109,5 фоизни ташкил этган. 2016 йилда 45 млрд. сўмлик қурилиш пудрат ишлари бажарилиб, 2015 йилга нисбатан 88,5 фоизни кўрсатганлиги қайд этилди. Унда ўрганиш жараёнида туманда эришилган ютуқлар билан бир қаторда ҳали-ҳануз ўз ечимини кутаётган масалалар, фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Туманда давлат рўйхатидан ўтган 583 та якка тартибдаги тадбиркорлар мавжуд бўлиб, уларнинг 102 таси фаолияти турли сабабларга кўра тўхтатилган. Масалан, танлов асосида Зафар шаҳобчалари ўрганилганда банк ҳисоб-китоб терминаллари ўрганилмаганлиги аниқланди. 2016 йил мобайнида тижорат банклари томонидан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан барча молиялаш манбалари ҳисобидан кредитлар ажратиш ҳажми 1,34 баробарга ошиб, белгиланган прогноз 121 фоизга бажарилган. Бироқ, тижорат банкларида фуқароларнинг узоқ муддат навбат кутишлари, электр энергия таъминотининг мунтазам равишда ўчиши оқибатида банк хизматларини ўз вақтида, самарали кўрсатишга тўсқинлик қилаётганлиги аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги аниқланди.

2016 йилдаги иш ўринлари ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 4019 та янги иш ўринлари яратилгани тўғрисида маълумотларнинг айримлари ҳақиқатда ўз тасдиғини топмаган. Туманда ишлаб чиқариш корхоналарининг етарли эмаслиги, сифатли транспорт хизмати кўрсатиш йўлга қўйилмаганлиги, бандлик дастурини тузишда туманнинг ижтимоий иқтисодий салоҳияти, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаганлиги аҳоли билан бўлган мулоқотларда бандлик масаласида 250 дан ортиқ муаммолар кўтарилганлигининг асосий сабаби бўлди.

Тумандаги 10 та умумтаълим мактабларида компьютер техникаси, 19 та умумтаълим мактабларида спорт заллари мавжуд эмаслиги, 21 та умумтаълим мактабларида ўқув парталари ва бошқа жиҳозларга эҳтиёж борлиги аён бўлди. Туманда 2 та умумтаълим мактаб бинолари таъмирталаб аҳволда. Мисол учун, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари асосида фойдаланишга топшириш лозим бўлган 26-умумтаълим мактабининг спорт зали қурилиш ишлари якунига етказилмаган.

Тумандаги мавжуд 7 та ўрта махсус касб-ҳунар коллежларида 30 дан ортиқ таълим йўналишларида 102 та мутахассисликлар тайёрланаётган бўлса-да, бир-бирини такрорловчи йўналишлар мавжудлиги сабабли битирувчилар бандлигини таъминлашда муаммолар мавжуд. Коллежларнинг аксариятида ичимлик суви таъминоти талаб даражасида эмас. Лаборатория хоналарида совуқ сув тизими ўрнатилмаган. Ўрганилган коллежларнинг айримларида замонавий ахборот коммуникация технологиялари ўқув материаллари, ўқув компьютерлари, дарсликлар ва ўқув адабиётлар етишмайди.

  Шунингдек, тумандаги кўплаб маҳаллалар кўчаларида эскирган, яроқсиз электр симёғочлари мавжуд. 2017 йил Бекобод туманининг электр энергиясидан қарздорлиги 34,593 млрд. сўмни ташкил этиб, 2017 йил апрель ойи учун аҳоли истеъмолчиларига 652,980 млн.сўм маблағ 10 апрелгача ундирилиши белгилангани ҳолда, амалда 43,0 млн. сўм ундирилган холос.

Туманда ўрганиш жаарёнида туман ҳудудидаги 2000 йилларда янги ташкил этилган маҳаллалардаги хонадонларга электр энергиясини тортиш масаласи муаммолигича қолмоқда. Хусусан, туман бўйича 2 мингдан ортиқ хонадон 65,7 км электр линияларини тортишга муҳтожлик сезмоқда. Шунингдек, 26  та маҳалладаги хонадонларни тўлиқ электр энергияси билан таъминлаш учун трансформаторлар ўрнатилиши зарурлигини айтиш жоиз. Тумандаги симёғочларнинг 60 фоизи талабга жавоб бермаслиги ҳам эътибордан четда қолмади.

депутат Людмила Кошелапова Бекобод тумандаги мактабгача таълим муассасасини ўрганиш жараёнида

Ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига вилоят газтаъминот корхонаси томонидан ажратилган суюлтирилган газ лимити аҳоли эхтиёжларини тўлиқ қоплашга етмайди. Суюлтирилган газ ташиш учун ажратилган махсус Зил ва ISUZU автомашиналарининг техник холатини ҳам яхшилаш зарур. Туманда аҳолини Сувоқава корхонаси орқали тоза ичимлик суви билан ттаъминлаш даражаси 67%ни ташкил этади. Муқобил сув манбалари ва махсус техникалар ёрдамида ичимлик сувини етказиб бериш тизими мавжуд эмас. Мавжуд 102 дона артизан сув қудуқларидан 35 таси яроқсиз холатда. “Сувоқава” корхонасининг техника воситалари ва автоуловлар сонини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.

Туманда умумфойдаланишдаги ички йўлларнинг узунлиги 858,8 километрни ташкил этади ва уларнинг аксарияти таъмирталаб аҳволда эканлиги аниқланди. Автомобиль йўлларида ёритиш чироқлари ўрнатилмаган, йўл белгилари замон талабларига жавоб бермайди. Туман ҳудудида автобус қатновини йўлга қўйиш борасида ҳам қилинадиган ишлар кўплиги баён қилинди.

Сессиянинг яна бир муҳим жиҳати жиддий таҳлил этилди. Яъни Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг депутатлик сўровларини давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахслари томонидан қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқиш ва ёзма жавоб бериш ишларида сусткашлик холатлари мавжуд. Масалан, туман йўл қурилиш бўлими, электр тармоқлари корхонаси, туман Ободонлаштириш бошқармаси ва туман давлат солиқ инспекциялари томонидан депутатлик сўровлари ёки мурожаатларига ўз вақтида жавоб бермаслик ҳолатлари учрамоқда.

Халқ депутатлари Бекобод туман Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг сайловчилар билан ишлаш ҳамда улар олдидаги масъулиятини ошириш, Кенгашдаги партия гуруҳлари, доимий комиссияларининг ташаббускорлигини кучайтириш кечиктириб бўлмайдиган ишлардан саналади.

Людмила Кошелапова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Людмила Кошелапова, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Ўрганишлар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга эҳтиёж борлигини ҳам кўрсатади. Ичимлик суви, табиий газ, электр таъминоти ёки ички йўллардан фойдаланиш масалаларида белгиланган қонун-қоидаларни фуқаролар ўзига лозим даражада билиши бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатишга, муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сессия қарорига мувофиқ, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг аҳволини ўрганиш якунлари бўйича ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Белгиланишича, тадбиркорлик субъектлари ва тижорат банкларида электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш, электр энергияси истеъмолчиларининг қарздорлигини камайтириш, фойдаланишга яроқсиз симёғочларни алмаштириш бўйича зарур чоралар кўриш, ҳар ойда камчиликлар бартараф этилиши ҳамда электр энергияси таъминоти ҳолати ҳақида халқ депутатлари туман Кенгашига  маълумот тақдим этилади.

“Тумангаз” идораси раҳбарига 10 кун муддатда аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган табиий газ истеъмоли учун нореал қарздорликни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўриб,  амалга оширган ишлари ҳақида, “Сувоқава” корхонаси  раҳбарига тумандаги сув йиғиш иншоотлари, сув қувирлари, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда тизимдаги нореал қарздорлик каби муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишларни халқ депутатлари туман Кенгашига ахборот бериш вазифаси топширилди.

Шу билан бирга, қарорда бир қатор ташкилотларнинг фаолияти бўйича тегишли мақсад-вазифаларни бажаришда халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашининг доимий комиссияси билан ҳамкорликда амалга ошириш белгиланди.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »