Сиёсий ўқув: фаолиятдаги шаффофлик ва очиқлик коррупция олди олинишининг муҳим омили

27 Апрель, 18:41 • Муҳим хабарлар, Семинар, Янгиликлар • 76 марта кўрилди • Комментариев к записи Сиёсий ўқув: фаолиятдаги шаффофлик ва очиқлик коррупция олди олинишининг муҳим омили нет

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан ҳудудий партия ташкилотларининг раҳбарлари ва бош ҳисобчилари учун партия маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, молия интизомига риоя қилиш, партия тизимида коррупцияга йўл қўймаслик мавзуларига бағишланган ўқув-семинарлари, тадбирлар ўтказиб борилади. Яқинда “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусидаги ана шундай ўқув-семинарлардан бири Тошкент шаҳридаги “Grand atlas” меҳмонхонасининг анжуманлар залида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси масъул вакиллари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзолари ҳамда партиянинг ҳудудий Кенгаш бош ҳисобчилари иштирок этган тадбирдан кўзланган мақсад партиянинг молиявий хўжалик фаолиятида молия интизомига оид риоя этиш ва партия тизимида ишловчи ходимларнинг ўз фаолиятида коррупцияга йўл қўймаслик ва унга қарши курашиш бўйича билимларини оширишдан иборатдир.

Таъкидланганидек, коррупция — ҳар қандай мамлакатнинг миллий давлатчилик асослари, сиёсий ва иқтисодий барқарорлигига жиддий хавф солиб, фуқароларнинг ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва давлат органларига бўлган ишончини сусайтиришига олиб келувчи иллатлардан ҳисобланади. Мазкур иллатга қарши самарали курашиш, унинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшиш Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг устувор мақсад ва вазифаларидан саналади.

Бинобарин, партиямиз давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, қонунчилик меъёрларини бузишга, уларни нотўғри ва эркин талқин этишга, тўрачилик, расмиятчилик, коррупцияга йўл қўймаслик тарафдори эканлиги билан боғлиқ ғоя партиянинг Сайловолди платформасида аниқ белгиланган.

Аввало қайд этиш лозим, бугунги кунда сиёсий партиялар ўз дастурий мақсадларини илгари суриш ва амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ўзининг молиявий-хўжалик фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий асосларга эга.

Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг молиявий-хўжалик фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 мартда тасдиқланган “Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисидаги Низоми” ва ўз Уставига мувофиқ амалга оширмоқда.

“Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик ҳажми шу маблағларни ажратиш мўлжалланаётган йилдан олдинги йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган энг кам иш ҳақининг икки фоизини Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонига кўпайтмаси миқдорида шакллантирилади. Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг пул маблағлари партия Уставига биноан давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан ташқари партияга аъзолик бадалларидан, Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари хайрияларидан, шунингдек, амалдаги қонунларга зид бўлмаган бошқа тушумлардан шаклланади.

Эътиборлиси, барча сиёсий партиялар қаторида партиямиз ўз фаолиятининг молиялаштириш ҳажми ва манбалари, ушбу маблағларнинг қайси мақсадларга йўналтирилганлиги тўғрисидаги ахборотни белгиланган тартибда расмий нашри — “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси ҳамда расмий вебсаҳифаси орқали эълон қилиб келмоқда. Шу билан бирга, ҳар йили қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда сиёсий партияларнинг молиявий ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги депутатлар томонидан тингланиши ҳамда муҳокама қилинишига оид механизм амалиётда самарали татбиқ этиб келинмоқда.

Ўқув-семинарда сўз олган мутахассислар таъкидланганидек, бу сингари чора-тадбирлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш, масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётган айни пайтларда сиёсий партияларнинг молиявий интизомини мустаҳкамлаш, партия маблағларидан мақсадли фойдаланишини назорат қилиш, фаолиятнинг шаффоф ва очиқлигини таъминлаш, партия тизимида коррупциянинг олди олинишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Маърузалар билан иштирок этган соҳа мутахассислари ҳудудий партия ташкилотларида молия, солиқ ва бошқа турдаги ҳисоботларнинг юритилишида учраётган айрим хато ва камчиликларни бартараф этиш, сиёсий партияларнинг молиявий хўжалик фаолиятини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларга берилган имтиёзлар масалалари юзасидан атрофлича маълумот берди. Ўз навбатида бош ҳисобчилар ваколатли ташкилотлар мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Қизғин баҳс-мунозаралар шаклида ўтган ўқув-семинар якунида коррупцияга қарши қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг амалиётда қўлланишини ҳар томонлама ўрганиш, ушбу иллатга қарши курашиш борасида самарали ва таъсирчан усул ҳамда услубларни ишлаб чиқишда партия аъзоларининг фаоллигини ошириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Хулоса қилиб айтганда, бу сингари ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари партия тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг тегишли ҳисоботларни тўғри расмийлаштириш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш борасидаги ҳуқуқий саводхонлигини янада юксалтириш, мутахассисларнинг молия интизомини яхшилаш, тизимда коррупцияга йўл қўймасликка эришишга хизмат қилади.

Дилором АДИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати сектор мудири.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »