Соғлом турмуш тарзи: касалликни даволагандан кўра, уни олдини олган маъқул

28 Апрель, 17:49 • Семинар, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 296 марта кўрилди • Комментариев к записи Соғлом турмуш тарзи: касалликни даволагандан кўра, уни олдини олган маъқул нет

Дунёдаги энг улуғ бахт оналик бахтидир. Унинг ҳар бир они бебаҳо ва унутилмасдир. Миттигина гўдак учун эса онанинг бағридан ўзга ҳаловатли жой топилмаса керак. Зеро, фарзанд онасининг қучоғидагина ўзини хотиржам ва ишончли ҳис этади.

Аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори Сайёра Бабаева иштирокчиларга маъруза қилмоқда

Юрт равнақи бевосита ана шу икки инсоннинг соғ — саломатлигига боғлиқ десак янглишмаймиз. Қайси мамлакатда болаларнинг шодон кулгуси янграса, бу ватаннинг эртанги келажаги нурафшон бўлиши аниқ. Давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳам ана шу оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун керакли шарт — шароитларни яратиб бериш ҳисобланади. Аҳолининг саломатлиги ва келажак авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан саналади. Бунинг учун республикамизда она ва бола саломатлигини яхшилаш, ногиронликни олдини олиш мақсадида оналар ва болаларга махсус хизмат кўрсатишни ривожлантириш, соғлом экологик муҳитни сақлаш учун кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.

Амалий учрашувда болалар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилди

Шуни инобатга олиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши, “Аҳоли репуродуктив саломатлик маркази” Сирдарё вилояти филиали, “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси Сирдарё вилояти бўлинмаси билан ҳамкорликда “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида “Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият саломатлиги гарови” мавзусида амалий учрашув ташкиллаштирилди. Бунда, кўзланган мақсад фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш ва аёллар орасида тиббий маданиятни оширишга қаратилди.

Тадбирни Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева кириш сўзи билан очиб, тадбирнинг мақсад ва вазифалари тўғрисида батафсил ахборот берди. Шундан сўнг сўз олган “Аҳоли репродуктив саломатлик маркази” Сирдарё вилояти филиали директори Сайёра Бабаева “Бачадон бўйин ракини одини олиш ва эрта аниқлаш” мавзусидаги маърузаси тингланди. Маърузада таъкидланганидек, соғлом фарзанд кўриш — оила бахти, ота — она қувончидир. Боланинг дунёга келиши икки ёшни янада бирлаштиради, оилани мустаҳкамлайди. Соғлом фарзанд кўришни истаган бўлажак ота — оналар ўз репродуктив саломатлиги ҳақида чуқур ўйлаши лозим. Агар аёлда сурункали соматик, ўткир ва сурункали касалликлар ҳамда эндокрин касалликлар бўлса улар зудлик билан мутахассис — шифокорга мурожаат қилиб даволанганларидан кейин ҳомиладор бўлишлари талаб этилади. Фарзанд кўриш орзусида юрган ҳурматли аёлларимиз ўз соғлиғига масъул бўлиш билан бир қаторда туғилажак фарзандларига ҳам эътиборли бўлса, улардан туғиладиган болалар ҳам жисмонан, ҳам ақлан соғлом бўладилар. Аёллар кечикмасдан ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туришса мақсадга мувофиқ бўлади. Бу текширув ўзларининг ва фарзандларининг саломатлиги учун жуда муҳим. “Касалликни даволагандан кўра, уни олдини олган маъқул”-деди доно халқимиз.

Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш — муҳим вазифамиз

Феруза Эргашева – Гулистон шаҳри “Навбаҳор” маҳалласи фуқароси:

Бугунги ўтказилган амалий учрашувда мутаҳассислар томонидан маърузалар тингланди. Ушбу маърузалар орқали биз аёллар ўзимиз учун керакли бўлган маълумотларни олдик. Иш, уй – юмушлари сабаб, тез – тез тиббиёт мутахассисларига кўриниб туришга ҳафсала қилмаймиз. Бугунги тадбирда бу нақадар нотўғри эканлигига амин бўлдим. Бундан кейин маҳалладош аёллар билан тез — тез тиббий кўрикдан ўтиб туришга келишиб олдик.

Ҳуршида Абдуназарова — Гулистон шаҳри “Намуна” маҳалласи фуқароси:

Бугун қўшним билан биргаликда шу ерга ташриф буюриб, ҳамкорликда ташкил этилган амалий учрашувда иштирок этдик. Амалий учрашув давомида биз аёллар учун ташкил этилган семинарда қатнашиб, ўзимиз учун керакли маълумотларга эга бўлдик. Семинардан сўнг бир қатор бепул тиббий кўриклардан ҳам ўтдик. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти И.Каримов, “Буюк давлатни фақат соғлом миллат, соғлом авлодгина қура олади” деб таъкидлагандилар. Ана шундай келажак бунёдкорлари, юрт таянчлари эса оилада шаклланади. Оила мустаҳкамлигида эса биз аёлларнинг ўрнимиз беқиёс деб ўйлайман. Бизга шунчалик шароит яратиб бераётган ҳукуматимизга алоҳида миннатдорчилигимни билдираман. Тадбир ташкилотчиларига ҳам бутун маҳалладошларим номидан ташаккур айтаман. Шундай амалий учрашувлар бундан кейин ҳам тез — тез амалга оширилиб борилса, биз бундан фақатгина ҳурсанд бўламиз.

Ўтказилган семинардан сўнг турли маҳаллалардан келган юздан ортиқ аёллар терапевт, ультратовуш текшируви, акушер – гинеколог, электрокардиография, колноскапия каби тиббий текширувлардан ўтказилиб, мутахассислар томонидан керакли тиббий маслаҳатлар берилди ҳамда аниқланган касалликлар юзасидан “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси Сирдарё вилояти бўлинмаси томонидан бепул дори – дармонлар тарқатилди.

Ҳар бир инсон соғлом ва бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли. Бу бахт кўпинча ўз соғлиғимиз билан боғлиқлигини унутмаслигимиз даркор. Янги ҳаётга қадам қўйган ёшлар соғлом ҳаёт кечириш ва бахтли бўлиши учун барча имконият ва шароитлар етарли. Бунинг учун улар имкониятлардан унумли фойдаланиб, соғлом турмуш тарзига риоя этишлари, Ватанга муносиб бўлган соғлом ва комил фарзандларни вояга етказиш масъулиятини унутмасликлари лозим. Ишонамизки, катта авлод вакиллари ҳам бу борада уларга ўрнак бўладилар.

Шухратжон ХАСАНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Соғлом турмуш тарзи: касалликни даволагандан кўра, уни олдини олган маъқул was last modified: Апрель 28th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »