Юрт фидойилари хотираси – қалбларда барҳаёт

25 Апрель, 15:54 • Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 86 марта кўрилди • Комментариев к записи Юрт фидойилари хотираси – қалбларда барҳаёт нет

Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятга айланган. Айниқса, иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фахрийларимизга юксак эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш давлатимизнинг ҳамиша эътибор марказида бўлиб келмоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ва «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам бугунги дориломон кунларимизнинг сабабчилари бўлган нуронийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида айни кунларда барча давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ташкилотлари томонидан ҳам жойларда кексалар ҳолидан хабар олиниб, улар иштирокида учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири бугун пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Партиянинг  “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида ўтказилган “Юрт фидойилари хотираси – қалбларда барҳаёт” мавзуидаги мазкур маънавий-маърифий тадбирда бир гуруҳ иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари учун байрам дастурхони ташкил этилди.

Партия фахрийлари ва фаоллари, депутатлар ҳамда “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари ҳам иштирок этган мазкур уч авлод учрашувида уруш қатнашчилари ва фронт ортида хизмат қилган фахрийлар йиғилганларга дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб бердилар. Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги ҳаётий мисоллар асосида чуқур тушунтирилди. Юртимизда  яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда чуқур билим олиш, яхши касб эгаси бўлиш, шу орқали Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш ёш авлоднинг муқаддас бурчи эканлиги таъкидланди.

Тадбирда сўз олган партия Сиёсий Кенгаши аъзолари ва депутатлари Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ўша мудҳиш даврда халқимизнинг, ўз оиласининг ор-номуси, тинчлик ва фаровонлиги учун курашганларга ҳар томонлама эъзоз кўрсатиш, биз билан бирга умргузаронлик қилаётган қаҳрамонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтиришга хизмат қилаётганлигини қайд этдилар.

Хусусан, “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида ташкил этилаётган бу йилги байрам муносабати билан 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Ёлғиз ва кам таъминланган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларига турар жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларнинг бугунги нурафшон кунларимиз йўлида кўрсатган матонати, мардлик ва жасоратининг аҳамиятини кенг аҳоли қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ этиш борасида олиб борилаётган тадбирлар ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбир давомида таниқли шоир ва хонандаларнинг тинчликни, Ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлари нуронийларга кўтаринки кайфият бахш этди.

Маънавий-марифий тадбир доирасида, шунингдек, партия фаоллари ва “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоларидан иборат ташаббускор гуруҳ Чилонзор туманидаги “2-Чарх Камолон” маҳалласида истиқомат қилувчи бир қатор уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олишди. Улар билан дилдан суҳбат қурилиб, байрам билан муборакбод этилди, совғалар улашилиб, хонадон ишларига кўмаклашилди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрлик, ёшларнинг ҳурмат ва эҳтироми мамлакатимизда инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканини яна бир карра намоён этмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
матбуот хизмати.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »