Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият

12 Май, 18:53 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 160 марта кўрилди • Комментариев к записи Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият нет

Уруш фахрийлари, иштирокчилари ва урушда қурбон бўлганларнинг оилаларидан келиб тушган кўплаб илтимосномаларни, халқимизнинг, жамоат ташкилотларининг билдирган хоҳиш-иродасини инобатга олиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш муҳимлигини назарда тутган ҳолда, сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида 1999 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримовнинг қарорига биноан
9 май – Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинган. Шу қарор асносида ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни юртимизда кенг нишонланиб келинмоқда. Бу қутлуғ санада Иккинчи жахон уруши қатнашчиларига янада юксак иззат-эҳтиром кўрсатилиб, ўтганлар руҳи хотирланиб келинади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида ташқаридан туриб, миллатлар ўртасидаги тотувликни бузиш, демократия ва эркинлик ниқоби остида дунёқараши турлича бўлган ёшларни миллий ва маънавий қадриятларимизга қарши қўйиш, ҳаётимизга ёт ғояларни илгари суришга қаратилган уринишлар кўп бўлди. Она юртимиз тинчлиги, халқимизнинг осуда ҳаётини таъминлаш йўлида навқирон йигитларимиз ҳалок бўлди. Ўз хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, фашизмга қарши курашда нобуд бўлган юртдошларимизнинг хотирасини, жангу жадалларда кўрсатган жасоратларини унутиш мумкин эмас. Бу каби тарихий ҳақиқатлар ҳар биримизни мамлакатимиздаги тинчлик-тотувликнинг қадрига етишга, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб яшашга ундайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йилнинг апрель ойидаги Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида қарори ана шундай эзгу ишларнинг давоми бўлиб, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамига янгича тус берди.

Қарорга мувофиқ, бу йилги байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик”, “Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият” шиорлари остида ўтказилди. Шу билан бирга, Президентимизнинг айнан шу санада имзоланган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони билан 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофотлари берилгани Ватанимиз озодлиги ва шаъни-шарафи ҳимоячиларига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эҳтиром намунасидир.

Жумладан, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ҳамда бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар ва идоралар, ташкилотлар ҳамда ҳарбий қисмлар вакиллари бириктирилди. Ўша ҳудуддаги раҳбарлар эса ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш ва кўнглини кўтариш мақсадида уларнинг яшаш жойига боришди. Қолаверса, ёлғиз ҳамда кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг тураржойи ва уй хўжаликлари таъмирланди. Ўз уй-жойига эга бўлмаганларга тураржой ажратилди ҳамда Президентимизнинг табриги ва имтиёзлар асосида ўзимизда ишлаб чиқарилган машиналар етказилди.

Бу йил байрам тадбирлари ўзгача, яъни ўша суронли йилларнинг муҳитини акс эттирган тарзда нишонлангани барча юртдошимиз, хусусан, табаррук кексаларда алоҳида таассурот қолдирди. Зеро, фаровон ҳаётга қандай машаққатлар билан эришилганини доимо ёдда тутишимиз, айниқса, буни навқирон авлод чуқур билиши жуда муҳим. Шу орқали дориламон кунларнинг қадри, аҳамиятини янада теранроқ англаймиз. Ахир “тарих — улуғ мураббий” деб бежиз айтилмаган.

Мамлакатимизнинг барча худудларида ушбу кун кенг нишонланиб кўчаларда, хиёбонларда байрамона кайфият ҳукм суриб барча ёшу қари юзида хурсандчилик, ҳаётдан розилик ҳиссини кузатишимиз мумкин бўлади.

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат”СДП фракцияси аъзоси.

Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият was last modified: Май 12th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »