“Баркамол авлод-2017”: тинчлик, дўстлик ва ёруғ келажак тантанаси

31 Май, 10:58 • Жиззах вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 288 марта кўрилди • Комментариев к записи “Баркамол авлод-2017”: тинчлик, дўстлик ва ёруғ келажак тантанаси нет

Бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлодни соғлом турмуш тарзи асосида вояга етказиш, уларнинг жисмонан бақувват, маънан баркамол бўлиб улғайишлари мақсадида турли спорт ўйинлари йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 25-27 май кунлари Жиззах вилоятида бўлиб ўтган “Баркамол авлод-2017” спорт мусобақалари шулар жумласидан. Ўз ўрнида эътироф этиш керакки, халқаро ва жаҳон ареналарида қўлга киритилаётган ютуқларга ана шу мусобақалар, хусусан, “Баркамол авлод” ўйинлари асос вазифасини ўтамоқда.

“Ёшлик ва маҳорат байрами”, “Кичик олимпиада”, “Баркамоллик ва шижоат байрами” каби номлар билан аталган мазкур мусобақалар спортнинг 17 тури бўйича ўтказилиб, унда мамлакатимиздаги 1500 дан зиёд лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларидан тузилган жамоалар ўзаро куч синашдилар. Бутун Жиззах аҳлини уч кун давомида ўзгача кўтаринки кайфиятда тутиб турган бу кичик олимпиада ўзига хос шодиёналик руҳини намоён этди, десак асло муболаға бўлмайди. Жиззах аҳли ушбу спорт мусобақаларига катта тайёргарлик кўрди. Вилоятда янги спорт иншоотлари қурилди, мавжудлари қайта таъмирланиб, улкан ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, ҳудудлар манзарали дарахтлар ва турфа ранг гулларга бурканди, шаҳар янада чирой очди.

— Жиззах вилоятида енгил атлетиканинг барча турлари бўйича беллашувлар ўтказиш учун ҳамма шароитлар бор, — дейди «Баркамол авлод — 2017” спорт мусобақаларининг енгил атлетика бўйича бош ҳаками Муҳсинбек Олимов. — Спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва томошабинлар учун яратилган шароитлар ҳам ҳавас қилгудек. Булар ҳаммаси беллашувлар натижаларига бевосита ижобий таъсир ўтказади.

“Баркамол авлод — 2017” ўйинларида 898 нафар ёш спортчи 193 та олтин, 193 та кумуш, 214 та бронза медаллари учун кураш олиб борди. Беллашувлар 150 нафардан ортиқ ҳакамлар томонидан баҳоланди. Ҳар куни саралаш, ярим финал ва финал баҳслари ғолибларига тантанали тарзда дипломлар, эсдалик ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

— Бундай кенг қамровли, бутунжаҳон спорт стандартлари талабига мос келадиган ўсмирлар спорт ўйинлари бошқа давлатларда мавжуд эмас, — дейди “Рио -2016” Жаҳон Олимпиадаси ғолиби Руслан Нуридинов. – Бу каби нуфузли мусобақалар ёшларимизнинг спортга бўлган муҳаббатини ошириш, уларни бу соҳани яхшироқ ўзлаштириш, ўз билим ва тажрибаларини синовдан ўтказиш, меҳнатларининг муносиб рағбатини кўриш ва энг муҳими, жаҳон спорт ареналарига элтувчи йўл вазифасини ўтамоқда. Мамлакатимизда спортнинг ривожланишига қаратилган эътибор фарзандларимизнинг ҳар томонлама бақувват ва соғлом, иродаси мустаҳкам бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутмоқда. Спорт ўйинларининг юксак даражада, юқори савияда ўтказилаётгани, оғир атлетикачилар орасида истеъдодли ёшларнинг кўплиги мени беҳад қувонтирди. Ушбу мусобақалар туфайли Жиззахда барпо этилган ва қайта таъмирланган кўплаб янги спорт иншоотлари жиззахлик ёшлар фойдаланадиган имкониятларнинг янада кенгайишига замин бўлгани қувонарли.

Мусобақалар жуда қизғин ва муросасиз кечди. Уларда фақат юқори даражада тайёргарлик кўрган ёш спортчилар шоҳсупага кўтарилди. Спорт ўйинларининг ёпилиш маросими ўзгача шодиёна тарзида ўтди. Минглаб ёрқин чироқларга кўмилган кечки Жиззахнинг таровати қўйнида, “Сўғдиёна” спорт мажмуаси спорт ишқибозлари, ёшлар билан тўлди. Умидли ва ёш спортчиларни минглаб ёшлар катта қувонч ва олқишлар билан қарши олди. Худди шу ерда ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Беллашувларда пойтахтлик ёшлар жамоасига бош соврин — Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинлари қатнашчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси “Damas” автомобили тантанали суратда топширилди. Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган Андижон вилояти ва учинчи ўринни забт этган Самарқанд вилояти жамоалари ҳам Президент совғаси “Damas” автомобиллари билан тақдирланди. Шунингдек, юқори натижаларни қайд этган бир гуруҳ спортчилар махсус совринларга эга бўлишди.

— Мусобақанинг очилиш маросимида Президентимиз табригида келтирилган “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор… Худо хоҳласа ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам бўлади” деган сўзлари доим қулоқларим остида жаранглаб турди ва бу менга куч бахш этди, — дейди “Баракамол авлод — 2017” спорт ўйинларининг олтин медали соҳиби жиззахлик таэквандочи Суҳроб Бобобеков. — Мен Президентимиз ишончини оқлашга ҳаракат қилдим ва ғолиб бўлдим. Орзуим яқинда Жанубий Корея бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиб, Токиода ўтажак Олимпия ўйинларида юқори натижаларни қайд этишдир.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида “Баракамол авлод — 2017” спорт ўйинларининг байроғи туширилди. Байроқ навбатдаги мусобақага мезбонлик қиладиган Қашқадарёлик ёшларга топширилди. Шундан сўнг анъанага кўра мусобақа давомида гуриллаб турган “Баракамол авлод — 2017” машъаласи сўндирилди. Тадбир спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ҳамда халқимизнинг таниқли санъаткорлари ижросидаги катта концерт дастурига уланиб кетди. Тантана сўнгида Жиззах осмонини ранг-баранг мушаклар шодаси безади. “Баркамол авлод — 2017” спорт мусобақаларининг ёпилишида Ўзбекистон Республикасининг Бош Вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

Хулоса ўрнида эътироф этиш керакки, бу мусобақалар ёш авлодни нафақат етук ва комил этиб тарбиялашга, балки спорт орқали Ўзбекистон шаънини кўкларга кўтарувчи спортчиларни тарбиялаб етказишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу спорт ўйинларида ёшларнинг ҳар томонлама соғлом, илғор вакиллари иштирок этиб, ўзи учун катта синов майдонида керакли куч ва тажриба тўплади, бу уларни жаҳон ареналардаги улкан ютуқлар сари элтишига шубҳа йўқ. Мазкур кичик олимпиада мамлакатимиз ёшларининг бирдамлиги, дўстлигининг катта сабабчисига айланди. У биз орзу қилган комил ва соғлом фарзандларни тарбиялашда амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар самарасининг исботидир. Бу мусобақалар Ватанимиз тинчлиги, фаровонлиги ва фарзандларимиз бирдамлигининг рамзидир.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши матбуот котиби

“Баркамол авлод-2017”: тинчлик, дўстлик ва ёруғ келажак тантанаси was last modified: Май 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »