Бошланғич партия ташкилотлари — электорат манфаатларини ҳимоя қилувчи ва уни рўёбга чиқарувчи кучдир

19 Май, 17:08 • БПТ, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 534 марта кўрилди • Комментариев к записи Бошланғич партия ташкилотлари — электорат манфаатларини ҳимоя қилувчи ва уни рўёбга чиқарувчи кучдир нет

Ҳозирда сиёсий партиялар жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаши учун бошланғич ташкилотлар фаолияти алоҳида ўринга эга. Чунки, БПТ аъзолар ва электорат билан бевосита ишловчи, жойлардаги мавжуд муаммолардан доимо бохабар бўладиган бўғиндир. Шу боис, қуйи ташкилот фаолиятини кучайтириш орқали сиёсий партия ўз дастурий мақсад ва ғоясини амалга ошириш йўлида самарали натижаларга эришиши мумкин.

Бугунги кунда Оқолтин туман партия ташкилотида 10 та қуйи бўғин мавжуд бўлиб, буларнинг барчаси партия туман Кенгаши ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга интилмоқдалар. Бу эса ўз ўрнида иш фаолияти самарадорлигини ошишига замин яратмоқда. Қолаверса, туман партия ташкилоти БПТлар ишини янада такомиллаштириш, партия аъзоларининг ҳуқуқий, сиёсий билимларини бойитиш масаласига ҳам эътиборни кучайтирган. Бунинг натижасида ўз амалий ишлари билан аҳоли орасида тобора обрў – эътибори юксалиб бораётган оқолтинлик партиядошларимизнинг сафи ҳам янада кенгайиб бормоқда. Сиёсий фаол, етук аъзолар Оқолтин туманидаги барча БПТларда бирлашган десак хато бўлмайди.

Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси қошида тузилган бошланғич партия ташкилоти, ҳар жабҳада фаол бўлган БПТлардан эканлигини ғурур билан таъкидлаш лозим. Улар ҳоҳ тиббиёт соҳаси бўлсин, ҳоҳ партия тизимида бўлсин халқимиз фаровонлиги, юрт келажаги йўлида жонбозлик кўрсатиб келишмоқда.

Ўтган 2016 йилда Тиббиёт бирлашманинг туғруқ бўлими, болалар бўлими, ошхона, зарарсизлантириш (стерилизация) кир ювиш бўлимлари 2,1 милиард маблағ хисобидан мукаммал таъмирлашдан чиқарилиб 2017 йил феврал ойидан фойдаланишга топширилди. Барча бўлимлар зарур тиббий асбоб ускуналар, юмшоқ ва қаттиқ жихозлар билан таъминланиб қулайликлар яратилди.

Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси тизимида 2017 йил давомида бир қатор ишлар амалга оширилиши кутилмоқда. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмаси ҳовлисида тез тиббий ёрдам бўлимини янгитдан қуриб фойдаланишга топшириш, тиббиёт бирлашмасининг ҳовлисига оқава сув тортиш, барча тез ёрдам автомашиналарини алоқа воситаси — рация ёки мобил алоқа билан таьминлаш, 4 та “Дамас” русумли тез тиббий ёрдам автомашиналари 10 йилдан ортиқ фойдаланилаётганлиги ва эскирганлиги учун янги тез ёрдам автомашиналарига алмаштириш, Марказий тез тиббий ёрдам бўлимини барча зарур тиббий асбоб ускуналар билан таъминланган замонавий Реанимобил автомашинаси билан таъминлаш, қишлоқ врачлик пункт (ҚВП)лардаги компьютерларни тиббиёт бирлашманинг ягона портал тизимига улаш, «Фарғона» ҚВПсини поликлиникага айлантириш, туман аҳолисига тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида, тиббиёт бирлашмаси тизмидаги бўш иш ўринлари мавжуд бўлиб, олий маълумотли шифокорлар билан таъминлаш муаммосини ҳал этиш кабилар шулар жумласидандир.

Бизнинг бошланғич ташкилотимиз партиянинг ҳар бир тадбир ва тарғибот ишларида ҳам фаоллардан саналади. Ўтган йилнинг 4 декабрь санасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида алоҳида жонбозлик кўрсатишиб, партия аъзоларини янада жипслаштиришга, фаоллаштиришга, партия тизимида ташаббускор ва фаол аёллар сонини кўпайтиришга, жойлардаги партия ташкилотлари таркибида бўлган “Аёллар” қаноти кенгашлари салоҳиятини оширишга, “Аёллар қаноти” аъзоларининг партия ҳаётидаги иштирокини кучайтиришга, уларнинг ташаббускорлигини оширишга эришди.

Партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга уларни кенг жалб этишга ёрдам бериш мақсадида ўтказиладиган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” Республика кўрик – танловининг туман ва вилоят босқичида ҳам сафдошимиз Муҳаббат Холмирзаеванинг кўрсатган юқори кўрсатгичлари ҳам, сафимизда жамият ҳаётида самарали иштирок этаётган аёлларнинг борлигидан далолат.

Бундан ташқари, бошланғич ташкилотимиз томонидан 2016 йил ҳамда 2017 йилнинг шу давригача “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга сўнгги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи қарорлари мазмун – моҳияти ҳамда сайловчиларнинг қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида аҳолига кенг тушунчалар бериш мақсадида “Буюк ва муқаддассан, ҳур Ўзбекистон!” лойиҳаси доирасида ўтказилган “Ҳар бир фуқаро бир овозга эга”, “Сайловда биринчи маротаба овоз бераман!”, “Сайлов – демократия кўзгуси”, “Хотин – қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш – долзарб масала”, “Сиёсий жараёнлар барчани жипслаштиради” мавзуларидаги давра суҳбатлари, “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари” деб номланган сиёсий ўқув, “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида тадбир, “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари” лойиҳаси доирасида “Юксак ҳуқуқий маданият – фуқаролик жамияти асоси” мавзуларидаги бирқатор тадбирларни юқори савияда ташкиллаштирилганлиги фикримиз нақадар тўғри эканлигининг далилидир.

Бугун сиёсий партиялар олдига қўйилаётган муҳим вазифалар ижроси кўп жиҳатдан биз бошланғич партия ташкилотлари раислари ҳамда аъзоларининг фаоллиги ҳамда ташаббускорлигига боғлиқ. Бошланғич партия ташкилотларидан жойларда партия ғоя ва мақсадларини тарғиб қилиш билан биргаликда, электоратни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш йўллари юзасидан партия гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиши талаб этилади. Самарали фаолият олиб борилсагина, ўша ерда қуйи бўғиннинг нуфузи ошиб бораверади. Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ўтган йил ҳамда шу йил биринчи чораги билан қўшиб ҳисобласак 60 дан ортиқ фуқаро иш билан таъминланди. Ўтган йилларга назар ташласак, партияга аъзолар сони 200 – 300 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 500 нафарга етди. Бундан ташқари партия аъзолигига кириш истагида бўлаётганларнинг тобора ортиб бораётганлиги ҳаракатларимиз, ўтказаётган тадбирларимизни бесамар кетмаётганлигидан деб ўйлайман.

Сўзим сўнгида шуни айтмоқчиманки, бошланғич партия ташкилотлари бу электорат манфаатларини ҳимоя қилувчи ва уни рўёбга чиқарувчи кучдир. Шундай экан, буни биз БПТ раислари ҳамда БПТ аъзолари ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим ҳамда янада фаол бўлишимиз шарт.

Санъат ҚОДИРОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Оқолтин туман
тиббиёт бирлашмаси қошида
тузилган БПТ раиси
(Сирдарё вилояти).

Бошланғич партия ташкилотлари — электорат манфаатларини ҳимоя қилувчи ва уни рўёбга чиқарувчи кучдир was last modified: Май 19th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »