Бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, соҳада коррупциянинг олдини олиш бугунги кун талаби

24 Май, 18:40 • Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 135 марта кўрилди • Комментариев к записи Бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, соҳада коррупциянинг олдини олиш бугунги кун талаби нет

2017 йил 24 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2016 йил ҳамда 2017 йил I чорак якунлари кўриб чиқилди.

Қуйи палата депутатлари, бир қатор мутасадди вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаевнинг ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва модернизация қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ 2016 йил якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти(ЯИМ)нинг ўсиш суръати 7,8 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизни ташкил этди. Қурилиш ишлари ҳажми 12,5 фоизга ҳамда хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,5 фоизга кўпайди.

Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Бу эса макроиқтисодий барқарорликнинг асосий кўрсаткичларидан бири бўлган инфляция даражасининг прогноз кўрсаткичларидан паст бўлишини таъминлади.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулокот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тадбирларининг фаол амалга оширилиши натижасида республикамизда 2017 йилнинг I чорагида ҳам иктисодий ўсиш суръатлари таъминланди.

Ушбу даврда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,3 фоизга, саноат ҳажми 7,4 фоизга, қишлок хўжалиги ҳажми 6,6 фоизга, хизматлар ҳажми 11,3 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 12,4 фоизга ўсди. Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ва 2,9 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзолари ҳисобот давридаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдилар.

Қайд этилганидек, ўтган йилда аҳолининг даромадлари, ҳаёт даражаси ва сифатини муттасил оширишни таъминлаш бўйича комплек чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида аҳолининг реал даромадлари 11 фоизга ошди, жумладан, бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 15 фоизга оширилди.

Ҳисобот даврида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар Давлат бюджети харажатларининг 58,9 фоизини ташкил этди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,1 фоизни ташкил этди.

Хусусан, 2016 йилда ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисмини ёки 57,4 фоизини ташкил этган таълим муассасалари таъминоти ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 13 831,7 млрд. сўм маблағ ажратилди. Мос равишда 2017 йилнинг 1 чорагида ҳам ушбу мақсадлар учун Давлат бюджетидан 3 520,2 млрд. сўм ёки ижтимоий харажатларнинг 61,7 фоизи миқдорида маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон «Адолат» СДП Сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди.

Қайд этилганидек, 2016 йилда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасидаги ишлар изчил ва тизимли асосда давом эттирилди. Ҳисобот даврида соғлиқни сақлашни ривожлантиришга Давлат бюджетидан 5 811,6 млрд. сўм ёки ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 24,1 фоизи йўналтирилди.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари ижтимоий соҳага ажратилган бюджет маблағларининг самарали ижро этилишида йўл қўйилган айрим камчиликларга ўз муносабатларини билдиришди.

Жумладан, 2016 йилда янги объектларни жиҳозлаш ишларининг умумтаълим мактаблари бўйича 75,6 фоизга, касб-ҳунар коллежлари бўйича 28,2 фоизга, Болалар мусиқа ва санъат мактабларини мусиқа чолғу асбоблари билан жиҳозлаш 70,6 фоизга бажарилгани ҳамда тиббиёт муассасалари бўйича 33,0 млрд. сўмдан бирор сўмлик харажат қилинмагани натижасида белгиланган режа бажарилмай қолганлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, объектларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига йўналтирилган йиллик маблағлар умумтаълим мактаблари бўйича 97,1 ва 97,6 фоизга, касб-ҳунар коллежлари бўйича 97,7 ва 97,2 фоизга ва тиббиёт муассасалари бўйича 91,2 ва 86,3 фоизга ҳамда олий уқув юртларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари 95,6 фоизга ўзлаштирилиши ҳам қониқарли эмаслиги қайд этилди.

Фракция аъзолари, ўз сайлов округлардаги амалий ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, жорий йилда таълим муассасаларида тиббий хизмат хоналарининг керакли тиббий воситалар ва бирламчи дори-дармонлар, малакали мутахассислар билан таъминланиши, болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун йўналтираладиган маблағларнинг мақсадли ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратишди.

Депутатлар Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳада коррупциянинг олдини олиш лозимлигини ҳамда ушбу йўналишда, айниқса, жойлардаги маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини янада ошириш бугунги кун талаби эканлигини таъкидладилар.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида ҳудудларда халқ билан олиб бораётган мулоқотлари давомида Давлат бюджетидан соҳаларга ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши борасида аниқланган камчиликлар ҳамда фуқаролардан тушган мурожаатлар асосида тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларига ўз савол ва таклифларини йўллаганларини маълум қилдилар.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон «Адолат» СДП нуқтаи-назаридан келиб чиқиб ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Йиғилиш якунида фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
матбуот хизмати.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »