Халқ манфаатларига хизмат қилувчи янгиланишлар

17 Май, 13:37 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 147 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқ манфаатларига хизмат қилувчи янгиланишлар нет

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот аввало аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш даражасини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётини юксалтириш, аҳолига қулай турмуш шароитларини яратиш борасида янги даврни бошлаб берди. Давлатимиз раҳбарининг ташриф давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган, шаҳарсозлик, саноат, транспорт, қурилиш индустрияси, қишлоқ хўжалиги, туризм, фан, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга оид лойиҳалар ишлаб чиқилди. Жумладан, йирик лойиҳалардан бири сифатида 2017-2019 йилларда вилоятимиздаги барча деҳқон бозорлари қайта реконструкция қилиниб, уларда замонавий савдо мажмуалари бунёд этилишини кўрсатиш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 мартда “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудда замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорнинг амалга оширилиши деҳқон бозорларининг сони ва ҳудуди мақбуллаштирилишини, уларнинг майдонларидан ва инфратузилма объектларидан самарали фойдаланилишини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини, харидорлар учун қулай савдо муҳити яратилишини, савдони ҳисоб-китоб терминаллари орқали ташкил этиш ҳисобига нақд пул маблағлари айланмаси қисқаришини, шунингдек, республикада 2020 йилда деҳқон бозорлари тўлиқ реконструкция қилинишини таъминлайди албатта. Мазкур қарор асосида 2017 йилда Бухоро вилоятидаги қатор деҳқон бозорлари реконструкция қилинади. Бозорларнинг ҳар бирида турли типдаги замонавий супермаркетлар қурилади. Ушбу қарор асосида айни пайтда Бухоро шаҳридаги йирик савдо мажмуаларидан бири ҳисобланган “Дилкушо” деҳқон бозори капитал реконструкция ва қайта қурилиши кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтадиган бўлсак, ўтган асрнинг 70-йилларида барпо этилган бозор ҳам меъморий ечим, ҳам аҳоли хавфсизлиги, ҳам санитария нуқтаи назаридан бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бера олмай қолган эди. Бундан ташқари, бозор атрофидаги расталар, ноқонуний қурилмаларнинг кўплиги, уларнинг режасиз жойлаштирилганлиги харидорлар ҳаракатланишида кўпгина ноқулайликлар туғдирарди. Айни ушбу омиллар туфайли бозор фаолиятини бугунги замон стандартларига мос тарзда қайта ташкил этиш эҳтиёжи туғилди. Янги кўринишдаги бозор ҳудуди аниқланди. Бозор ҳудуди ва унга туташ майдонларда амалга оширилаётган капитал реконструкция ва қайта қуриш ишлари аввало Бухоро шаҳар аҳолиси учун қулай, замонавий бозор барпо этиш, уларга сифатли сервис хизмат кўрсатиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш мақсадларига йўналтирилган.

Замонавий ва миллийликни ўзида мужассам эта оладиган янги бозор эса ҳудудда сайёҳликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши кўзда тутилган. Умуман, Бухоро шаҳрини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартириш, фуқаролар учун шароитлар яратиб бериш борасида улкан ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Вилоятда сайёҳлик салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида Бухоро шаҳрининг эски шаҳар ҳудудида 10 гектар майдонда жойлашган янги туристик марказ яратилади. Замонавий меҳмонхоналар қурилади. Тарихий обидалар таъмирланиб, атрофи ободонлаширилади. Бухоро қадимий бозорлари қайта тикланиб, эски шаҳар ҳудудида кечки сайёр имконияти яратилади, миллий ҳунармандчилик анъаналари, тунги дастурлар намойиш қилинди. Бу саъй-ҳаракатлар шубҳасиз, юртимиз кўркига кўрк қўшади. Халқ учун қатор имкониятлар эшигини очиб беради. Зеро, ўзгаришлар халқ манфаатларига хизмат қилади.

Ориф ЭГАМОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати.

Халқ манфаатларига хизмат қилувчи янгиланишлар was last modified: Май 17th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »