Хотира – муқаддас, жасорат – мангу

12 Май, 18:06 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 68 марта кўрилди • Комментариев к записи Хотира – муқаддас, жасорат – мангу нет

Тинчлик ва осойишталик — улуғ неъмат. Улар мужассам жойда тараққиёт ва ривожланиш барқарор бўлади, одамнинг уйида ҳам, кўнглида ҳам хотиржамлик ҳукм суради, бундай инсон ҳақиқий бахт ва ҳаловатни туйиб яшайди. Уруш эса айрилиқ, вайроналик, жабру ситам, азоб-уқубат…

Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши даҳшатлари ва синовларини бошидан кечирмаган бирорта оила йўқ. Агар уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони урушда бевосита иштирок этган. Ёш гўдаклар ва болаларни, қария ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жангу жадалларда қатнашган. Бу даҳшатли қирғинда қарийб 500 минг юртдошимиз, яъни урушда қатнашганларнинг 30 фоизи ҳалок бўлган, қанча одам бедарак кетган, қанча-қанча инсонлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтган.

Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фахрийларимизга юксак ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш миллий қадриятга айланган. 1999 йилда Биринчи Президентимиз И.Каримов ташаббуси билан 9 май — Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниши, пойтахтимиз ҳамда барча вилоятлар марказларида Хотира майдонларининг барпо этилиши мамлакатимизда инсон, унинг қадр-қиммати бебаҳо қадрият сифатида эъзозланишини яна бир бор тасдиқлади.

Ушбу майдонларда “Мангу аланга” ёдгорлиги, Мотамсаро она ҳайкали қад ростлаган, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик жангчиларнинг исм-фамилияси битилган “Хотира китоби” ўрнатилган.

Шу кунларда бу табаррук маскан ҳар қачонгидан гавжум. Ҳар биримиз Мотамсаро она ҳайкали қаршисида ўйга чўмамиз. Унинг пойига битилган «Сен доимо қалбимдасан, жигарим» сўзлари миллатимизнинг, халқимизнинг қурбон бўлган фарзандларига чексиз эҳтиромини англатиб, қалбларимизда доимо акс-садо бериб туради. Нақшинкор айвонлар ичида жило таратиб турган Хотира китобларини варақлаб, бугунги тинч, фаровон кунларимиз учун жонини фидо этган боболаримиз номини ёдга оламиз.

Дарҳақиқат, инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Барчамиз Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотираси ёд этилиб, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Жумладан, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ва “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу йил ҳам ёши улуғ инсонларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, айниқса, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий хизмат кўрсатиш ҳамда уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу йил Хотира ва қадрлаш куни юртимизда ҳар йилгиданда ўзгача руҳда нишонланди. Анъанага мувофиқ давлатимиз раҳбари пойтахтимиздаги Хотира майдонида бўлиб ўтган маросимда иштирок этиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйди. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари учун тантанали байрам тадбири ташкил этилганлиги ушбу санага ўзгача шукуҳ бағишлади.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табриги барчамизнинг кўнглимизни тоғдек кўтарди.

Давлатимиз раҳбари айни вақтда жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат бўлиб юрган муҳтарам фахрийларимизга ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун миннатдорлик билдирдилар.

Табрикда таъкидланганидек, фахрийларимизнинг урушдан кейинги оғир тикланиш йилларида қандай буюк хизмат қилганингизни халқимиз асло унутмайди. Уларнинг мардлик ва матонати, меҳнат жасорати бугунги ва келгуси авлодлар учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолади.

Ҳақиқатдан ҳам, барчамизни тарбиялаб, вояга етказган, ҳаёт йўлларида бизга таянч ва суянч бўлган табаррук инсонлар олдида биз доимо қарздормиз.

Айниқса, Президентимиз барчани мўътабар оталаримиз, меҳрибон оналаримиз бошимиздаги тожи давлатимиз эканини ҳеч қачон унутмасликка чақириб, “Агарки мендан, дунёдаги қайси оила энг бахтли, деб сўрашса, мен ҳеч иккиланмасдан, кексалари бош бўлиб, иззат-ҳурматда ҳаёт кечираётган оила, деб жавоб берган бўлардим”, деган сўзлари барчамиз учун ибрат бўлиши шубҳасиз.

Мухтасар айтганда, хотира ва қадрлаш тушунчаси мазмун-моҳиятида халқимизга хос эзгу фазилатлар мужассам. Шундай экан, фашизмга қарши курашда жонини фидо қилган юртдошларимиз руҳини ёд этиш, бахтимизга сафимизда омон юрган нуроний отахон ва онахонларимизни қадрлаш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »