Инсон қадр-қимматини топтовчи иллат

31 Май, 16:41 • Давра суҳбати, Ёш адолатчилар, Муҳим хабарлар, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 303 марта кўрилди • Комментариев к записи Инсон қадр-қимматини топтовчи иллат нет

Янгийўл иқтисодиёт ва сервис коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан партиянинг “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида “Одам савдосига қарши кураш ва ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш – долзарб масала” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ва Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мазкур тадбирдан мақсад одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида тарғиб қилишга қаратилди.

Қайд этилганидек, одам савдоси инсон, унинг дахлсиз ҳуқуқлари, қадр-қиммати, осойишта ҳаёти ва келажагига жиддий путур етказувчи сарҳад ва миллат танламайдиган иллатдир. Шу боис бу жиноят жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.

Ушбу қилмиш туфайли олинаётган даромад гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғ савдосидан кейин учинчи ўринни эгаллайди. Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотларга кўра, ҳар йили 600 мингдан 800 минггача аёллар ва болалар алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда. Ушбу рақамлардан кузатиш мумкинки, бугунги кунда одам савдоси ижтимоий хавфлилиги жиҳатидан кун сайин ўсиб бораётган жиноятлардан бири бўлиб, унга қарши миллий ва халқаро миқёсда курашни кучайтириш, бундай қилмишларнинг олдини олишда зарур дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда мазкур муаммога қарши курашишнинг хуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш лозимлигини даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Сўнгги йилларда одам савдоси жинояти туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, дунёнинг қатор мамлакатларида бу иллатга қарши курашишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда ҳам одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Аввало, одам савдоси жиноятига барҳам бериш учун етарли норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.

Жумладан, 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади, шунингдек одам савдосига қарши курашишни ташкил этиш, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш, одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорлик, бу соҳадаги қонун хужжатларини бузганлик учун жавобгарлик каби масалаларни ҳам қамраб олади.

Ушбу қонунда белгиланишича, одам савдосига қарши курашиш ўз ичига одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш каби масалаларни ҳам камраб олади. Бу борада одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи ихтисослаштирилган муассасалар, одам савдосидан жабрланган болаларга ёрдам кўрсатиш, одам савдосидан жабрланганларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари ва уларга бериладиган бошқа кафолатлар, уларнинг таъминоти ва реабилитатсия қилиш билан боғлиқ хужжатларнинг ўрнини қоплаш каби муаммоларнинг қонун томонидан алоҳида белгиланганлиги муҳим аҳамиятга эгадир.

Давра суҳбатида одам савдосига қарши кураш борасида авваламбор аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни касбга йўналтириш, ўз вақтида иш билан таъминлаш, шунингдек, барча мутасадди ташкилотлар кучли ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйиб фаолият юритишлари лозимлигини таъкидланди.

Хусусан, одам савдоси муаммосининг олдини олиш бўйича Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз дастурида белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир мақсадлар ижроси доирасида умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшлар учун турли мавзуларда семинар ва давра суҳбатлари ўтказиб келмоқда. Интерфаол усулда ташкил қилинадиган мавзулар муҳокамаси, саҳна кўринишлари, слайдлар намойиши иштирокчиларни фаоллаштиришга, уларда қизиқиш уйғотишга ва кўтарилаётган масалага оид ҳаётда учрайдиган муаммоли вазиятнинг ечимини топишга кўмаклашмоқда.

Давра суҳбатида шунингдек, масъуллар томонидан одам савдосига қарши курашиш бўйича олиб бораётган фаолият тўғрисида ҳам маълумотлар берилди. Тадбир доирасида иштирокчиларга одам савдоси муаммоси, чет элларга чиқиш ва ўзга давлатларда бўлиш қоидалари, у ерларда норасмий ва ноқонуний ишлашнинг оқибатлари, ушбу жиноятдан жабрланганлар учун йўналтирилган ахборотни ўзида мужассам этган буклетлар тақдим этилди.

Жонли мулоқотларга бой бўлган тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга депутатлар, мутахассислар ва партия фаоллари томонидан атрофлича жавоб берилди. Шунингдек, давра суҳбати доирасида ўтказилган махсус викторина саволларига жавоб берган энг фаол ўқувчилар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати етакчи мутахассиси.

Инсон қадр-қимматини топтовчи иллат was last modified: Май 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »