Ишчи гуруҳ: Фарзандларимиз камоли — юртимиз истиқболи

1 Май, 19:25 • Ишчи гуруҳ, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 396 марта кўрилди • Комментариев к записи Ишчи гуруҳ: Фарзандларимиз камоли — юртимиз истиқболи нет

Ҳар бир оиланинг жамиятдаги ўрни, мавқеи, ҳурмат-иззатини камол топаётган фарзандлари белгилаб берганидек, ҳар бир давлатнинг ҳам ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий потенциалини айнан иқтидорли ёшлар белгилаб беради. Шуни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз мақсад вазифалари билан сиёсий майдонда фаолиятини бошлагандан буён соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш масаласига катта эътибор қаратиб келмоқда. Шунга асосан, партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида вилоятдаги мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария –гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар ҳамда тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлиги ҳолатларини ўрганиш мақсадида вилоятдаги туман ва шаҳарларда ишчи гуруҳлари тузилиб 140 та мактаб, 70 та болалар боғчаларидаги ҳақиқий аҳвол мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқилди.

Дарҳақиқат, ёш авлоднинг ҳар томонлама етук инсонлар этиб вояга етказиш ўта муҳим вазифалардан бири саналади. Шунинг учун ҳам айни пайтда вилоятдаги 1 минг 121 та мактабнинг барчасида замонавий қулайликлар яратишга эришилмоқти. Ўрта умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари моддий техника базасини мустаҳкамлаш, тарбияланувчилар ва ўқувчи ёшлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, Қарши шаҳрида ўғил-қизларимиз спортнинг исталган тури билан шуғулланиши учун бугун 295 та спорт иншооти мавжуд. Шу жумладан 67 та спорт зали, 8 та теннис корти, 37 та футбол майдони, 20 та енгил атлетика майдони, 51 та баскетбол майдони, 44 та қўл тўпи, 55 та волейбол, 5 та сузиш ҳавзаси ҳамда кураш, соғломлаштириш марказлари, бадиий гимнастика, дзюдо заллари замонавий кўринишга эга.

Шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфида ҳозирги вақтда 45 та мактаб ва 38 та мактабгача таълим муассасалари бўлиб, уларда 42 минг 652 нафарга яқин болалар таълим тарбия олмоқда. Эътироф этиш керакки, соҳа ходимларининг ўз ишига  астойдил ёндашаётганликлари туфайли мактаб ва боғчаларда бир қатор ютуқларга эришилаяпти ҳам. Хусусан, сўнгги йилларда мактаб ва болалар боғчалари капитал таъмирдан чиқарилиб ёки реконструкция қилиниб, замонавий кўриниш касб этмоқда.

Шаҳар партия ташкилоти саъи-ҳаракати билан тиббиёт, таълим ва депутатлардан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари 15 дан ортиқ мактаб ва болалар боғчаларида бўлиб, келажагимиз эгаларига яратилган шароитлар билан танишдилар. Шаҳардаги кўпгина умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида ошхона, тиббиёт хонаси, ётоқхоналар замонавий тарзда жиҳозланган. Чўмилиш ҳавзаси эса мавжуд эмас. Масалан, 39-сонли мактабдаги тиббиёт хонаси жиҳозланиши бугунги кун талабига жавоб бермайди. Хонани чанг босган. Дори дармонлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мактаб ҳамшираси хонасида вакциналарни сақлаш учун совутгич йўқ. Бунинг устига ҳамшира ишлатиши учун оддий тиббиёт асбоблари етарли эмас.

Гўзал Жўраева, Қарши шаҳар Давлат санитария эпидемиология назорати маркази шифокори, ишчи гуруҳ аъзоси:

32-умумтаълим  ўрта  мактабидаги 31 та синфда 998 нафар ўқувчи таълим- тарбия олади. Илм масканидаги аҳвол билан танишганимизда, ўқувчиларнинг машғулотларга қатнашиши ёмон эмас. Синф хоналари ҳам давлат таълим стандартлари асосида жиҳозланган. Ўқувчилар сони ҳам синф хонасига мос. Бироқ, мактабда фаолият олиб бораётган тиббиёт ҳамширасининг ишидан кўнглимиз тўлмади. Негаки, у ўз вазифасига совуққонлик, эътиборсизлик билан қараб келмоқда. Бунинг устига ҳамширанинг иш ҳужжатларини кўздан кечирганимизда, бир қатор камчиликлар борлиги аён бўлди. Ҳамшира хонасида ҳанузгача вакциналарни сақлаш учун совутгич йўқ. Тиббиёт асбоблари етарли эмас. Дори-дармонлар билан таъминланиш ҳам ўлда-жўлда. Дарвоқе, мактабда тоза ичимлик суви ҳам ташиб келтирилар экан.

Бу камчиликлар юзасидан мутасадди идораларга ёзма маълумот тақдим қилганмисиз? – деган саволимизга эса мактаб ҳамшираси Нигора Қувонова ер чизишдан нарига ўтолмади. Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари билан ўрганиш жараёнида аниқландики, айни пайтда мактабдаги ошхона ҳам авария ҳолатига келиб қолган экан. Буфет учун ажратилган хона эса санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди.

Акмал Бобоев, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати, ишчи гуруҳ аъзоси:

32-сонли мактабгача таълим муассасасида 127 нафар ўғил-қизлар камол топмоқда. Бироқ, гуруҳимиз аъзолари билан режага асосан текшириш ўтказганимизда бу ерда ҳам тиббиёт ходимларининг ўз ишларини кўнгилдагидек бажаришмаётганидан очиғи ранжидик. Мактабгача таълим муассасаси вакциналарни сақлаш учун совутгич билан таъмин этилмаган. Тиббиёт ходими фойдаланиши учун тиббиёт асбоблари йўқ. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун эса ҳамшира дори-дармон билан таъминланмаган. Болалар боғчаси “Зоғза” маҳалла ҳудудида жойлашганлиги сабабли, ҳовли девор билан ўралмаган. 25 – сонли мактабгача таълим муассасаси ҳам болалар хавфсизлигини таъминлаш учун боғча атрофи девор билан ўралишига муҳтож ҳолатда. Айрим муассасалар ошхоналари жиҳозлари ҳам аллақачон яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги аниқланди.

Гулноза Раджабова, Ўзбекистон «Адолат» СДП Қарши шаҳар Кенгаши раиси, ишчи гуруҳ аъзоси

Соғлом авлод баркамоллик мезони деб бежизга айтилмаган. Азалдан фарзандларимиз камоли миллатимизнинг улуғ мақсади саналган. Юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати замиридаги пировард мақсад ҳам фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли доно ва албатта, бахтли бўлишини таъминлашдан иборат. Шундай экан, партиямиз лойиҳаси доирасида шаҳардаги таълим -тарбия муассасаларида олиб борган кузатувларимизда ҳам ана шу ҳаётий мақсад ўз ифодасини топди.

Бир сўз илан айтганда, истиқболимиз эгаларини соғлом баркамол ўсиб улғайишлари учун бу каби ҳаракатлар ҳар кунлик ишимиз бўлмоғи керак. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ишлаб чиқилган соғлом фарзандларни вояга етказиш борасидаги вазифаларни изчил амалга ошириш учун вилоят партия ташкилотлари томонидан шу кеча-кундузда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Биз эса ушбу хайрли ва эзгу ишларнинг баъзилари хусусида тўхталиб ўтдик, холос.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Ишчи гуруҳ: Фарзандларимиз камоли — юртимиз истиқболи was last modified: Май 1st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »