Кийимларда инсон таълим тарбияси акс этади

19 Май, 14:47 • Самарқанд вилояти, Семинар, Янгиликлар • 127 марта кўрилди • Комментариев к записи Кийимларда инсон таълим тарбияси акс этади нет

Либос – миллатнинг маданият белгиси, маънавият тимсоли, урф одат, қадрятнинг бир кўриниши. Кийим инсон маънавий дунёсининг бир қисми. Шу сабабдан ҳам кийиниш маданияти бошқа маданиятлар ичида энг нозиги саналади. Бугунги глобаллашув жараёнида жамиятимизда содир бўлаётган сифат ўзгаришлари ёшлар онги, дунёқарашига таъсир кўрсатмасдан қолмайди, шундай экан, мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи куч бўлган, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий ва ахлоқий тарбияси ўта муҳим ўрин эгаллайдики, ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, уларда юриш-туриш одоби, кийиниш маданиятида меъёрни сақлай билиш кўникмасини ҳосил қилиш учун миллийлик билан замонавийлик уйғунлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Самарқанд Давлат университетининг мажлислар залида олийгоҳнинг профессор, ўқитувчилари, талаба ёшлар иштирокид Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда Самарқанд Давлат университети ҳамкорлигида “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик” лойиҳаси доирасида “Таълим даргоҳларида кийиниш маданияти” мавзусида ўтказилган тадбирда ана шу маслаларга эътибор қаратилди.

Тадбирда таъкидланганидек, либос-инсон кўрки бўлиб кишининг диди, дунёқараши ҳамда хулқу одобидан дарак беради, кийинишнинг ҳам ўзига яраша меъёрлари бор. Шу боис таълим муассасаларида кийиниш маданияти, диний ва мавсумий либосларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари, тор, узун пошна, калта, очиқ кийимларда юришнинг ёшлар саломатлиги ва хулқ-атворига таъсири ҳақида қайғуриш лозим. Инсон эгнига бирор кийим кийишидан аввал ўзи борадиган даргоҳ, қатнашадиган тадбирга монанд қилиб кийиниши, турфа бачканалик ҳамда “оммавий маданият” кўринишларидан сақланиши лозим. Зеро, кийимларда инсон таълим тарбияси акс этади. Инсоннинг дид фаросати кийим-бошда, хаётий ҳаракатларда, ўзини тута билишида кўзга ташланади. Дидли фаросатли киши ҳамиша шу қиёфани сақлаб қолади. Ташқи қиёфага эътибор бериш, ички маънавий гўзалликнинг ифодаси ҳисобланади.

Ҳар бир янгиликни тез ўзлаштириб олувчи, жамиятнинг энг фаол қатлами бўлган ёшларимизнинг қандай кийинишига, энг аввало, уларнинг ота-оналари, қолаверса маҳалла куй эътиборли бўлиши лозим. Кийиниш маданияти борасида биз катталар, устоз ва мураббийларимиз ёшларга ҳар жиҳатдан намуна бўлишимиз керак.

Тадбир сўнгида талабалар томонидан миллийлик ва замонавийликни ўзида акс эттирган либослар намойиши бўлиб ўтди.

Маҳлиё ТУРДИЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП фаоли.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »