Олий малакали кадрлар — тараққиёт гарови

15 Май, 11:44 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 82 марта кўрилди • Комментариев к записи Олий малакали кадрлар — тараққиёт гарови нет

Истиқлолнинг дастлабки кунларидан буён мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш Давлатимиз сиёсатининг диққат-марказида бўлиб келмоқда. Хусусан, олий таълим тизимини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Агар 25-26 йил олдинги давр билан солиштирадиган бўлсак, кўпгина соҳаларда бўлгани каби, таълим соҳасида ҳам  катта ўзгаришлар юз берганини сезишимиз қийин эмас. Эндигина мустақилликка эришган кезларимизда таълим соҳасининг аҳволи қай даражада эканлигини, таълим-тарбия муассасалари қанчалик ночор аҳволда бўлганлигини ҳеч қачон унутмаймиз.

Мустақиллик йилларида таълим соҳасининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш йўлида қатор ишлар амалга оширилди.

Энг аввало, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида-ёқ “Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда ҳар томонлама камол топган, таълим ва касб-ҳунар дастурларини пухта ўзлаштирган ёшларни тарбиялаш устувор вазифа сифатида белгилаб олинганлигидан далолат беради.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури ва бошқа бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, умуммиллий дастурларнинг қабул қилиниши ва таълим тизимига муваффақиятли жорий этилиши натижасида мамлакатимизда таълим-тарбия жараёнлари юқори босқичга кўтарилди. Соҳани тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси Қонунларидан ташқари яна бир қатор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари ҳам қабул қилиндики, ушбу ҳужжатлар ҳам олий таълим соҳасини ривожлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Умуман, мустақиллик йилларида соҳани тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 га яқин Қарор ва Фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг 40 дан зиёд қарор ва чора-тадбирлари, 2 та миллий дастур қабул қилиндики, ушбу нормати-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам соҳанинг ривожланиши учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 20 майдаги Қарори билан тасдиқланган 2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастурини амалга ошириш доирасида олий таълим муассасаларининг ўқув-лаборатория корпуслари, спорт заллари, талабалар яшаш жойларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди ва ушбу мақсадлар учун давлат бюджетининг ўзидан 215,0 млрд. сўм ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йилнинг 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида эса олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Ўтган давр мобайнида таълим соҳасининг ҳуқуқий асосларини яратиб бориш билан чамбарчас боғлиқ равишда амалий саъй-ҳаракатлар ҳам амалга оширилдики, улар тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Айниқса, соҳанинг моддий–техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган талайгина ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Умуман, ижтимоий соҳа харажатлари давлат бюджети харажатларининг мутлоқ кўпчилик қисмини ёки 60 фоизга яқинини ташкил қилгани ҳолда, мазкур харажатларнинг салкам 40 фоизи таълим соҳасига йўналтирилганлиги, шунингдек, таълимга ажратилаётган харажатларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 10,0-12,0 фоизни ташкил қилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Дунёнинг аксарият мамлакатларида, ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам ушбу рақам 3,0 – 5,0 фоиздан ошмаслигини эътиборга олсак, мамлакатимизда инсон омилига бўлган эътиборни ва инсон капиталига йўналтирилаётган инвестициялар салмоғи юқорилигини яққол кўришимиз мумкин.

2016 йилда ҳам таълим муассасалари таъминоти харажатлари бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг ҳамда Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасининг харажатларисиз ялпи ички маҳсулотга нисбатан 7 фоиздан зиёдни ташкил этди.

Шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизнинг ҳозирги ва истиқболдаги босқичи реал талабларидан келиб чиққан ҳолда, юртимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш, унга ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича ихтисослик йўналишларини янада такомиллаштириш олдимизда турган муҳим вазифа ҳисобланади.

Айниқса, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашиб бораётган Ўзбекистон учун меҳнат бозори талабларига тез мослаша оладиган олий таълим тизимини ривожлантириб бориш долзарб масала ҳисобланади.

Зеро, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида ҳам ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш, таълим тизимининг узлуксизлигини янада такомиллаштириш мақсадида сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш энг муҳим вазифалардан этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелда қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда, кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Президентмизнинг ушбу Қарори қабул қилинишдан олдин соҳадаги реал аҳвол пухта ўрганиб чиқилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 8 октябрдаги фармойиши асосида махсус ишчи гуруҳ тузилиб, олий таълим тизимидаги мавжуд ҳолат тўлиқ ўрганилди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики,

— қатор олий таълим муассасаларида илмий-педагогик салоҳият ҳануз паст даражада қолмоқда,

— таълим жараёнининг ўқув-методик ва ахборот таъминоти замонавий талабларга мос эмас,

— моддий-техник база тизимли равишда янгиланишга муҳтождир.

Бундан ташқари, олий таълим тизимида ўқув жараёнига илғор халқаро тажрибани кенг жорий этиш, етакчи хорижий турдош илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш орқали педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш борасидаги ишлар талаб даражасида олиб борилмаётгани аён бўлмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Қарорда давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим тизимини келгусида комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари белгилаб берилди.

Жумладан, Қарорда ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини яқиндан йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш белгиланган.

Педагог кадрларнинг касб малакаси ва маҳоратини сифат жиҳатдан мунтазам ошириб бориш, педагог ва илмий ходимларнинг стажировкадан ўтишини йўлга қўйиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD дастури ва хорижий магистратура дастурлари асосида ўқитиш ҳам назарда тутилмоқда.

Қолаверса, Қарор билан олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, уларнинг академик илм-фан билан интеграциясини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий фаолияти самарадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилади.

Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ечимини тўлиқ таъминлаш мақсадида олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш мақсадида Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда 48 та олий таълим муассасасида жами 180 та ўқув, илмий-лаборатория биноси, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмалари объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 53 та олий таълим муассасасида 400 та ўқув лабораторияси босқичма-босқич энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланади, 7 та олий таълим муассасасида барча олий таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фойдаланадиган илмий лабораториялар ташкил этилади.

Қарорнинг муҳим аҳамиятини кўрсатадиган яна бир жиҳат шундан иборатки, мамлакатимиз Президенти томонидан ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича конкрет параметр ва кўрсаткичларни ўз ичига олган манзилли ривожлантириш дастурлари тасдиқланди. Унга мувофиқ профессор-ўқитувчиларнинг касб маҳоратини, педагог ходимларнинг малакасини ошириш, шунингдек, уларнинг хорижий ҳамкор олий ўқув юртларида малака ошириши, магистратура, докторантурада таълим олиши, ҳамда республикамизнинг таянч олий ўқув юртлари қошида қайта тайёргарликдан ўтиши ва малака ошириши таъминланади.

Мазкур дастурда асосан мамлакатимизнинг ҳар бир олий таълим муассасаси билан АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Нидерландия, Россия, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва шу каби бошқа давлатларнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилгани ўта муҳим аҳамият касб этади. Шу асосда ҳар йили 350 нафардан ортиқ хорижлик юқори малакали педагог ва олимларнинг мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқув жараёнига жалб этилиши кўзда тутилмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг мазкур Қарорида белгиланган вазифалар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурларида илгари сурилган мақсад ва вазифаларга ҳамоҳангдир. Айниқса, илмий тадқиқот ишларини кенгайтириш, мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тармоқлардаги мавжуд эҳтиёжни инобатга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш, олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини, илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтиришга доир қўшимча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш масалалари Президентимизнинг Қарорида ўз аксини топганлиги биз учун айни муддао, зеро ушбу вазифалар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳам энг муҳим дастурий йўналишлари ҳисобланади.

Айниқса, Қарорга мувофиқ олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида корхоналарнинг буюртмасига асосан амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширадиган таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари юридик шахслардан олинадиган даромад солиғидан, ягона солиқ тўловидан, мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўлов ва қўшимча қиймат солиғидан озод қилиниши ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантиришга, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, олий таълим тизимида янги таълим ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларнинг, шунингдек, иқтисодиёт соҳалари ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва бакалавриат ва магистратурага талабалар қабул қилишнинг умумий кўрсаткичларини 2021 йилгача босқичма-босқич равишда 18 фоизгача оширишни назарда тутилаётгани юртимиз ёшларининг олий таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Қарорида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳага доир қонун ва қонуности ҳужжатларига тегишли ўргартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш партия депутатлик корпусининг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобаланади. Бу борада Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий ўқув юртлари, олимлар ва жамоатчилик билан мустаҳкам ҳамкорлик Қарорда белгиланган вазифалар самарали ижро этилишининг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз — мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам — буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »