Олий таълим равнақи йўлида муҳим қадам

1 Май, 12:11 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 363 марта кўрилди • Комментариев к записи Олий таълим равнақи йўлида муҳим қадам нет

Истиқболни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобатида мустаҳкам билим ва юксак салоҳиятга эга мутахассис кадрлар устувор ўрин тутади. Бу ўз навбатида уларни тайёрлашга ихтисослаштирилган ўқув муассасалари моддий-техник имкониятларини яратиш, ўқитишнинг замонавий технологияларини изчил жорий этишнинг долзарб вазифаларини кун тартибига қўймоқда. Масалага шу жиҳатдан ёндошадиган бўлсак, ҳозирга келиб тизимда бир қатор муаммолар юзга келганлиги кўзга ташланиб қолди. Ўқув бинолари, ўқув-илмий лаборатория жиҳозларининг эскирганлиги, ахборот-коммуникация воситаларини жорий этиш билан боғлиқ бундай муаммоларни масаланинг молиявий жиҳатларини тўла-тўкис ҳал этиш орқали ечиш талаб қилинаётганди. Давлатимиз раҳбарининг яқинда эълон қилинган «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, айтиш керакки, айни масалада муҳим қадам бўлди.

Президентимизнинг олий таълимнинг эртанги кунини белгилаб берувчи мазкур қарори доирасида олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув лабораториялари, АКТ воситалари билан жиҳозлаш бўйича тасдиқланган дастур, айниқса, ишимизга қанот бағишлайдиган бўлди. Дастурда келтирилганидек, 2017-2021 йиллар давомида 48 та олий таълим муассасасида жами 180 та ўқув, илмий лаборатория биноси, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 53 та олий таълим даргоҳида 400 та ўқув лабораториясини босқичма-босқич энг замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, 7 жойда олий таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фойдаланадиган илмий лабораториялар ташкил этиш кўза тутилган. Бу жуда катта кўламдаги иш бўлиб, унинг ижроси натижасида институт ва университетларимиз жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларидаги турдош муассасалар билан бемалол баҳслаша оладиган муассасага айланишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Қувонарлиси, дастурга ўзининг 75 ёшини нишонлаш арафасида турган Наманган давлат университети ҳам киритилган. Бу ҳозирга қадар мослаштирилган ва мавжуд 6 та биносининг бирортаси мукаммал таъмирланмаган муассасамизда аҳволни бутунлай ўзгартириш имконини яратади. Белгиланган режага кўра, барча биноларимиз уч йил мобайнида боқичма-босқич мукаммал таъмирланади, реконструкция қилиниб, ўқув лабораториялари энг замонавий ускуналар билан жиҳозланади.

Бундай имкониятни Юртбошимизнинг фарзандларимиз келажаги, уларнинг ўзлари танлаган касблари бўйича етук мутахассис сифатида шаклланишлари, илмий тадқиқот соҳасида янада юксак марраларни эгаллаши йўлидаги навбатдаги ғамхўрлик, деб баҳоласак тўғри бўлади. Бошқа жиҳати, энди зиммамиздаги вазифалар кўлами, масъулият янада юксалади. Боиси, қарорда тизимни келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш, жумладан, таълим жараёнини, олий таълимнинг ўқув режа ва дастурларини янги педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини кенг жорий этиш, магистратура илмий-таълим жараёнини сифат жиҳатидан янгилаш ва замонавий ташкилий шаклларни жорий этиш асосида янада такомиллаштириш, педагог кадрларнинг касб маҳорати сифати ва савиясини узлуксиз юксалтириш, хорижда педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ўтказиш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш сингари долзарб вазифалар кўзда тутилганки, буларнинг барчаси профессор-ўқитувчилар, ҳар бир ходимни ўз вазифасига янгича талаблар нуқтаи-назаридан ёндошишга даъват этади.

Абдусалом УМАРОВ,

халқ депутатлари Наманган вилоят
Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси.

Наманган давлат университети ректори,
техника фанлари доктори, профессор.

Олий таълим равнақи йўлида муҳим қадам was last modified: Май 1st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »