Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар дастурий вазифаларимизга ҳамоҳанг

30 Май, 10:50 • Давра суҳбати, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 379 марта кўрилди • Комментариев к записи Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар дастурий вазифаларимизга ҳамоҳанг нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда “Олий таълим соҳасини ривожлантиришнинг истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази мутасаддилари, бир қатор олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабалар, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелда қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 апрелдаги “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қарорини жамоатчиликка етказиш, шу билан бирга, масофадан туриб таълим беришнинг замонавий шаклларини ривожлантириш каби масалаларни мутахассислар иштирокида кенг муҳокама қилишга қаратилди.

Эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда, кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.

Мазкур ҳужжатда давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим тизимини келгусида комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари белгилаб берилди.

Жумладан, Қарорда ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини яқиндан йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш белгиланган.

Педагог кадрларнинг касб малакаси ва маҳоратини сифат жиҳатдан мунтазам ошириб бориш, педагог ва илмий ходимларнинг стажировкадан ўтишини йўлга қўйиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD дастури ва хорижий магистратура дастурлари асосида ўқитиш ҳам назарда тутилмоқда.

Қолаверса, Қарор билан олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, уларнинг академик илм-фан билан интеграциясини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий фаолияти самарадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилади.

Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ечимини тўлиқ таъминлаш мақсадида олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш мақсадида Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда 48 та олий таълим муассасасида жами 180 та ўқув, илмий-лаборатория биноси, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмалари объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 53 та олий таълим муассасасида 400 та ўқув лабораторияси босқичма-босқич энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланади, 7 та олий таълим муассасасида барча олий таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фойдаланадиган илмий лабораториялар ташкил этилади.

Давра суҳбатида илмий тадқиқот ишлари, мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тармоқлардаги мавжуд эҳтиёжни инобатга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш, олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини, илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтиришга доир қўшимча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг энг муҳим дастурий мақсадларидан эканлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари томонидан алоҳида таъкидланди. Президентимизнинг Қарори эса мазкур соҳадаги вазифалар ижросида айни муддао бўлганлиги эътироф этилди.

Айниқса, Қарорга мувофиқ олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида корхоналарнинг буюртмасига асосан амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширадиган таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари юридик шахслардан олинадиган даромад солиғидан, ягона солиқ тўловидан, мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўлов ва қўшимча қиймат солиғидан озод қилиниши ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантиришга, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, олий таълим тизимида янги таълим ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларнинг, шунингдек, иқтисодиёт соҳалари ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва бакалавриат ва магистратурага талабалар қабул қилишнинг умумий кўрсаткичларини 2021 йилгача босқичма-босқич равишда 18 фоизгача оширишни назарда тутилаётгани юртимиз ёшларининг олий таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлади.

Давра суҳбатида, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан жорий йилдан бошлаб хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартибига киритилган янгиликлар ҳам иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Ушбу ҳужжатга кўра, дунёнинг энг яхши 500 хорижий олий таълим муассасаларида таълим олган битирувчиларнинг дипломлари тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) нострификациялаш амалга оширилиши белгиланди.

Ушбу янгилик хорижнинг етакчи олий таълим муассасасини битирган олий малакали кадрларнинг ўз билими ва салоҳиятини Ватанимиз тараққиёти йўлида сарфлашига хизмат қилишига, мамлакатимиз меҳнат бозорида олий маълумотли кадрлар ўртасида рақобат муҳити юзага келишига хизмат қилиши давра суҳбати иштирокчилари томонидан эътироф этилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий ғояларидан келиб чиқиб, айниқса, олий таълим тизимида масофавий ўқитиш тизимини йўлга қўйиш ҳам бугунги замон талаби эканлиги қайд этилди ва ушбу йўналишда норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар билдирилди.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари олий таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳага доир қонун ва қонуности ҳужжатларига тегишли ўргартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш партия депутатлик корпусининг энг муҳим вазифаларидан эканлиги айтиб ўтилди. Бу борада Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий ўқув юртлари, олимлар ва жамоатчилик билан мустаҳкам ҳамкорлик Қарорда белгиланган вазифалар самарали ижро этилишининг муҳим омили эканлиги таъкидланди.

Давра суҳбати якунида муҳокама этилган масала юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати.

Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар дастурий вазифаларимизга ҳамоҳанг was last modified: Июнь 5th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »