Таълимга эътибор – келажакка эътибор

17 Май, 08:27 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 16 марта кўрилди • Комментариев к записи Таълимга эътибор – келажакка эътибор нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.

Истиқлол йилларида иқтисодиётнинг, ижтимоий ҳаётнинг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда, юртимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш, унга ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича ихтисослик йўналишларини такомиллаштириш борасида катта ишлар қилинди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 8 октябрдаги фармойиши асосида тузилган ишчи гуруҳ томонидан олий таълим тизимидаги мавжуд ҳолатни ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, қатор олий таълим муассасаларида илмий-педагогик салоҳият паст даражада қолмоқда. Замон талабларига жавоб бермайди. Шунингдек, педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш борасидаги ишлар талаб даражасида олиб борилмаяпти.

Қабул қилинган ушбу қарорда олий таълим тизимини келгусидаги комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари белгилаб берилган. Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ечимини тўлиқ таъминлаш мақсадида олий таълим даражасини сифат жиҳатдан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳҳкамлаш, модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш мақсадида Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Қарорнинг яна бир муҳим аҳамиятли жиҳати шундаки, мамлакатимиз раҳбари томонидан ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича аниқ параметр ва кўрсаткичларни ўз ичига олган манзилли ривожлантириш дастурлари тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда иқтидорли ёш педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, хорижий таълим муассасаларини ва илмий марказларида илмий-педагог ходимларнинг малака ошириш ва қайта тайёргарликдан ўтишини, олий таълим муассасалари битирувчиларининг PhD дастури ва уларнинг магистратурада ўқишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган таклифлар киритиш топширилганлиги айтиб ўтилган.

Қарорда таълим-тарбия жараёнларининг сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси ташкил этилиши таъкидланган. Шунингдек, унинг асосий вазифаси таълим-тарбия жараёни, профессор-ўқитувчилар таркиби, таълим тизимида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифати ҳамда таълим муассасаларини аттестациядан ва давлат акредитациясидан ўтказиш, таълим-тарбия сифатини назорат қилиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишдан иборат эканлиги қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, мамлакатимизнинг изчил ривожланиб бораётган иқтисодиётини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, барча ҳудудлар ва тармоқларни стратегик жиҳатдан комплекс ривожлантириш масалаларини ҳал этиш борасида олий таълим тизими иштирокини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим амалий қадамдир.

 

Зуҳро МИРЗАҲАМДАМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »