ТАНИШИНГ: Зулфия мукофоти соҳибаси

1 Май, 14:17 • Ёш адолатчилар, Наманган вилояти, Янгиликлар • 524 марта кўрилди • Комментариев к записи ТАНИШИНГ: Зулфия мукофоти соҳибаси нет

Хушхабарнинг қаноти бор, деб бежиз айтилмаган. Бу нақлнинг ҳақлигига Чуст спорт коллежининг ўқувчиси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси «Ёш адолатчилар» қаноти фаоли Севинч Муҳаммаджонова ҳам яқинда яна бир карра ишонч ҳосил қилди. Март ойининг дастлабки кунлари эди. Уни Тошкентга таклиф этишди. 8 март байрами арафасида унга Зулфия номидаги давлат мукофоти берилганлиги тўғрисидаги Президент Фармони эълон қилинди. Ўша кунлари қўл телефони тинмай ишлаб турди. Дастлаб ота-онаси – Иброҳимжон ва Фотимахон Темировлар қутлашди, кейин қариндош-уруғлар, дугоналар, мактабдошу маҳалладошлар, таниш-билишлар.

Ана ўша лаҳзаларда у беихтиёр Чуст туманидаги 20-умумтаълим мактабининг спорт залини эсга олди. Чунки таэквондо сирларини ўрганишни ҳудди ана шу ерда бошлаганди. Ўшанда вилоятда мазкур спорт турини ривожлантириш юзасидан дастлабки қадамлар қўйилаётган пайт эди. Қатор туманларда таэквондо бўйича тўгараклар очишга киришилганди. Унинг биринчи мураббийи Жаҳонгир Жаъфаров бўлди. У ўзи бир пайт яккакурашнинг бу тури билан шуғулланган, анчагина тажриба тўплаган эди. Устозликка энди киришаётган бўлса-да, шогирдининг спортга қаттиқ қизиқишини сезди. Бу эса иқтидорини намойиш этишга кўп жиҳатдан ёрдам берди.

Бетўхтов машғулотлар, назария асосларини, жанг олиб боришнинг тактика ва стратегиясини ўрганиш ва қўллашга ҳаракат қилиш секин-аста маҳоратга сайқал бера бошлади. Маълум муддатдан кейин у мусобақалардаги илк ғалабаларини қўлга кирита бошлади. Тез орада у ўз гуруҳида энг яхши натижалар эгаси сифатида тан олинди. Кўп ўтмай тенгдошлари орасида вилоят бўйича ҳам кўзга кўринди ва вилоят термасига номзод бўлди.

Тўққизинчи синфни битиргач, узоқ ўйлаб ўтирмай, ҳужжатларини спорт коллежига топширди. Чунки у ерда таэквондо гуруҳи борлигидан хабар топганди. Коллежда унга Жавоҳир Синматов мураббийлик қилади. Севинч билан бирга жами 26 ўқувчи ушбу спорт тури билан шуғулланади. Мутахассислар фикрича, Венера Мирзамаҳмудова, Аваз Абдуллаев, Миржалол Бурҳонов каби тенгдошларининг иқтидори ҳам тасанного лойиқ. Улар ҳам спортда юксак чўққиларни эгаллашлари мумкин. Чунки анчагина мусобақаларда қатнашиб, тажриба тўплашган, машқлардан ҳеч қачон бўйин товлашмайди. Бундан кейин ҳам спортга қизиқишни сусайтирмаса бўлгани.

Севинчнинг спортдаги ютуқлари ҳақида гап кетганда, охирги икки йилда эришган натижаларини эслаш ўринлидир. 2015 йил унинг учун Ўзбекистон кубоги учун мусобақалардаги ғалабадан бошланди. Мазкур беллашувлар Андижонда ўтказилганди. Жанубий Корея пойтахти – Сеулдаги “Korea open” халқаро турниридаги қўлга киритилган ғалаба ҳам ҳеч қачон ёдидан чиқмайди. Ўша йили мамлакат биринчилиги ва Тошкентдаги халқаро турнирда кумуш медалларга ҳам эга бўлди. 2016 йилда яна бир қатор нуфузли мусобақаларда муваффақиятли қатнашди. Уларнинг биронтасида совринсиз қолмади. 2017 йил ҳам унинг учун яхши бошланди. Севинч Фарғонада ташкил этилган “Олтин водий” мусобақасида биринчи ўринга сазовор бўлди.

Иброҳимжон Темиров, спортчи қизнинг отаси:

Биз қизимизнинг муваффақиятларидан чексиз хурсандмиз. Бундай ютуқлар мамлакатимизда ҳар жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказиш учун олиб борилаётган ишларнинг самараси деб ҳисоблаймиз. Давлатимиз ёшларнинг маънавий ва жисмоний жиҳатдан юксак чўққиларни эгаллашлари учун шарт-шароитларни яратиб қўйган. Улардан самарали фойдаланган йигит-қизлар албатта, ўз мақсадларига эришадилар.

Севинч Муҳаммаджонова билан биз Намангандаги яккакураш спорт турларига ихтисослашган болалар-ўсмирлар мактабида учрашдик. Таэквон-до-ВТФ бўйича вилоят терма жамоасининг машғулотлари кўпинча шу ерда ўтади. Нафақат унинг ўзи, балки дугоналари, устозлари билан суҳбатлашдик. Қуйида уларнинг айримлари билдирган фикрлар билан танишасиз.

Венера Мирзамаҳмудова, вилоят терма жамоаси аъзоси:

Севинч менинг энг яқин дугоналаримдан бири, уни анчадан бери биламан. Тиришқоқ, мақсади йўлида тинмай меҳнат қиладиган қиз. Шунинг учун иродаси ҳам мустаҳкам. Қийинчиликлар олдида ўзини йўқотиб қўймайди, доимо олға интилади. Бу эса муваффақият келтирмай қўймайди.

Маъмур Нозимов, мураббий:

Юқори малакали спортчини тарбиялаш учун унинг ҳақиқий салоҳиятини билиш лозим. Мана шу асосда иш олиб борса, қўйилган мақсадга эришиш мумкин. Севинч уч йилдан бери шу ерда машқ қилади. Ўтган давр натижалари унинг маҳорати ҳар жиҳатдан ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. Менимча, техник, тактик ва руҳий тайёргарлик даражасини ошириш орқали янада каттароқ ғалабаларга эришиш мумкин.

Севинчнинг ўзи ҳам ҳозиргача эришган натижалари билан кифояланмоқчи эмас. У ўз устида янада қаттиқроқ ишлаш, билмаганларини пухта ўрганиш зарурлигини яхши тушунади. Дарвоқе, таэквондонинг фалсафасини ҳам яхши ўзлаштирган. Унинг мана бу сўзларига қулоқ тутинг:

Севинч Муҳаммаджонова, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси:

Устозларимиз ватани Жанубий Корея бўлган ушбу спорт турининг тарихини кўп марта ҳикоя қилиб беришади. Таэквондо инсонга атроф-муҳит билан уйғунлашган ҳолда яшашга кўмаклашадиган ахлоқий ва маънавий тамойилларни тарғиб этади. Унинг жозибадорлиги инсонийлик, адолат ва донишмандликка асосланган. Бу спорт туридан ғаразли ниятда фойдаланиш асло мумкин эмас.

Суҳбатимиз ниҳоясида Севинч ўзининг келажакдаги режалари билан ўртоқлашди. У юқори малакали спортчи мақомига эришиб, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилмоқчи. Олимпиада ўйинлари ғолиби бўлишни орзу қилади. Шунингдек, университетнинг хорижий тиллар факультетида ўқиб,  мактабда болаларга билим бермоқчи. Шу мақсадда у бўш вақтларида инглиз тилини ўрганмоқда.

Орзуларинг сенга йўлдош бўлсин, Севинч!

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

ТАНИШИНГ: Зулфия мукофоти соҳибаси was last modified: Июнь 20th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »