Тинчлик – энг олий неъмат

12 Май, 18:14 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 99 марта кўрилди • Комментариев к записи Тинчлик – энг олий неъмат нет

Тинчлик, эрк ва озодлик учун жангга кирган халқимизнинг буюк ўғлонлари кўрсатган жасоратлар бизга тарихдан маълум.

Аммо уруш ўз номи билан уруш. Ундан ҳамма ҳам омон қайтган эмас. Бундан етмиш икки йил аввал Иккинчи жаҳон урушидан омон қайтган, бугун биз билан ёнма-ён яшаётган тирик тарих, тирик афсонага айланган мўътабар қарияларимизнинг борлиги қувонарлидир. Улар билан хонадонларимиз нурли, файзли-фаришталидир.

Истиқлол йилларида юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида фидокорлик қилган, ҳалол меҳнати билан эл-юртда ҳурмат-эътибор қозонган табаррук кексаларни ҳар жиҳатдан эъзозлаш миллий қадрият даражасига кўтарилди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниши ва ҳар йили ушбу сана умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши бунинг ёрқин далилидир. Байрам тадбирларида халқимиз бугунги ёруғ ва фаровон кунларга етказганига шукроналар айтиш баробарида, ҳаётимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, осмонимизнинг мусаффолиги учун жангу жадалларда жон олиб, жон берган ватандошларимиз хотираси олдида бош эгади. Бугун ҳаёт бўлган, истиқлол самараларидан баҳраманд бўлаётган, бой ҳаётий тажрибаси билан ёш авлодга ҳар жиҳатдан ўрнак бўлаётган уруш қатнашчиларининг ҳурматини жойига қўяди.

Бу йил ҳам юқори савияда нишонланган байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, нуронийларимизга юксак даражада ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, ўтганлар хотираси ёд этилди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халқимизга йўллаган табрик сўзида “Мана шу қутлуғ байрам кунларида бутун халқимиз бундай даҳшатли уруш энди ҳеч қачон қайтмасин, деб чин дилдан ният қилмоқда. Бугунги тинч ва осойишта, фаровон ҳаёт учун шукрона билдирмоқда”, — дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, шундай кунларда тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилгани унут бўлмайди. Яъни, ўша даврда Ўзбекистонда яшаган 6,5 миллион нафар аҳолининг деярли ҳар тўрттадан бири Иккинчи жаҳон урушига жалб этилгани, уларнинг ҳар учтасидан бири жанг майдонларида ҳалок бўлганию, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак кетганини кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, уруш ўчоқлари биздан қанчалик олисда бўлмасин, халқимиз учун нақадар талофатли бўлганини ҳис қиламиз.

Афсуски, бугун инсоният тафаккури нечоғлик юксалмасин, давлатлар тараққий этмасин, Иккинчи жаҳон урушининг ҳали ҳаёт бўлган қатнашчилари тирик гувоҳ сифатида авлодларга ушбу хунрезликнинг аянчли оқибатларидан сўзлаб бераётганига қарамай барибир, тўғри хулоса чиқарилгани йўқ.

Шулар тўғрисида ўзининг аниқ таҳлилий фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, Юртбошимиз дунёда турли қарама-қаршиликлар кескинлашиб, терроризм, экстремизм хавфи кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг “Биз “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак”, деган даъватнинг моҳиятини чуқур англаган ҳолда, тинчлик учун ҳар биримиз масъул эканимизни унутмасдан, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашимиз керак”, деган даъвати юртимизда яшаётган ҳар қайси инсондан ҳамон учраб турадиган лоқайдлик ва бепарволик кайфиятларидан халос бўлишни, энг муҳими, ён-атрофимизда бўлаётган воқеаларга дахлдорлик ҳисси билан яшашни бугунги кунда энг долзарб масала сифатида олдимизга қўймоқда.

Айниқса, “Бизнинг қабул қилаётган барча қонун ва қарорларимиз, режа ва дастурларимиз – бу мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўладими, давлат ҳокимияти ва бошқарув тизими, ҳуқуқ-тартибот, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия соҳалари фаолиятини такомиллаштириш бўладими, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш бўладими – буларнинг барчаси ана шундай эзгу мақсадларга қаратилган”, — деган мулоҳазалари биз халқ вакилларининг ҳам кўнглимиздаги гап бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, мусаффо осмон, эркин ва осуда ҳаётни ҳимоя қилиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат”СДП фракцияси аъзоси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »