Ўтганларни хотирлаш, кексаларни эъзозлаш – фарзандлик бурчимиздир

12 Май, 18:29 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 251 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўтганларни хотирлаш, кексаларни эъзозлаш – фарзандлик бурчимиздир нет

Хотира – ўтганларни эслатиб туради, ўзликни англатади. Қадр – инсонни улуғлайди, жамиятни безайди. Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой олди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.

Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш — одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори асосида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бир марталик пул мукофотини тантанали равишда топширилгани барчани мамнун этди.

Бу йил Хотира ва қадрлаш куни “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият” шиорлари остида юқори савияда ўтказилди.

Ўзбекистонда ўша пайтда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, шунинг 1,5 миллиондан кўпроғи урушда қатнашганининг ўзи, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, барча эркаклар, мардларимиз қўлига қурол олиб, ягона душманимизга қарши чиққанидан далолат беради.

Қарийб ярим миллион юртдошимиз шу урушда ҳалок бўлгани, қанча-қанчаси ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанча-қанча аёллар бева, болалар етим бўлиб қолганини ҳар қайси оила ҳали-бери эсидан чиқармайди. Бошқача қилиб айтганда, юртимизда бирорта хонадон йўқки, мана шу мудҳиш урушнинг жабрини ўз бошидан ўтказмаган бўлса.

Халқимиз айни шундай оғир вазиятда кунни – кун, тунни – тун демасдан, машаққатли меҳнат қилиб, фронт учун, ғалаба учун муносиб ҳисса қўшгани ҳеч эсимиздан чиқмайди.

Ҳар қайси халқнинг одамийлиги ва маънавий қадриятлари, меҳр-оқибат ва олижаноблиги ана шундай унутилмас дамларда яққол намоён бўлади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Мухтасар айтганда, Хотира ва Қадрлаш кунини, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришда энг муҳим омилдир.

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат”СДП фракцияси аъзоси.

Ўтганларни хотирлаш, кексаларни эъзозлаш – фарзандлик бурчимиздир was last modified: Май 12th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »