ВИЛОЯТ КЕНГАШИ ҚОШИДА ЯНА БИР БПТ

14 Май, 15:45 • БПТ, Наманган вилояти, Янгиликлар • 71 марта кўрилди • Комментариев к записи ВИЛОЯТ КЕНГАШИ ҚОШИДА ЯНА БИР БПТ нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган Пленумида бошқа масалалар қатори партия сафларини ўстириш бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди. Аксарият туман кенгашлари ўзларининг аъзолар сонини кўпайтириш, янги БПТ ташкил этиш юзасидан режалари билан ўртоқлашдилар. Бу ташаббуслар маъқулланди, албатта. Шу билан бирга вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев вилоят Кенгаши қошида ҳам БПТ тармоғини кенгайтириш юзасидан ҳам фикр билдирди. Аввалроқ бу йўналишда дастлабки қадам ташланган эди. Яъни Кенгаш жойлашган бинодаги қўшни ташкилот – Ўзбекистон Республикаси Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри давлат лойиҳа илмий-текшириш институти давлат унитар корхонаси Наманган филиалида “Адолат” СДПнинг бошланғич ташкилоти фаолият бошлаган эди. Яқинда эса вилоят Кенгаши қошида яна бир БПТ очилди.

Воқеа аслида бундай бўлганди. Тадбиркор Исмоилжон Тошмирзаев бир куни вилоят Кенгашига мурожаат қилиб, ўзи иш юритаётган корхонада ижтимоий-сиёсий мавзуда тадбир ўтказишда ёрдам сўради. Адолатчилар дарров кўмаклашишга ваъда бердилар. Кенгаш ходимларидан Дилшод Болтабоев ва Акбар Мансуровлар пухта тайёргарлик кўрган ҳолда тадбир режасини ишлаб чиқдилар. Унга фаоллардан бир неча киши ҳам таклиф қилинди. Самимий тарзда ўтказилган давра суҳбатида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар, дунёда юз бераётган турли-туман воқеалар тилга олинди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига қизиқиш катта бўлди. Ана шу муҳим ҳужжатга асосан тайёрланган ва тасдиқланган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини рўёбга чиқариш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳам диққат марказида бўлди.

Рустам Шокиров – «Рустам текстил инвест» МЧЖ раҳбари:

Корхонамиз ўз фаолиятини бошлаганига кўп бўлгани йўқ, ўтган йили ёзда тикувчилик маҳсулотларининг дастлабки туркумини истеъмолчиларга жўнатгандик. Ўттиз кишилик жамоамиз асосан ёшлардан иборат. Улар замонавий, юқори унумли, илғор технологияга асосланган дастгоҳларни бошқарадилар. Ишчиларимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётда рўй бераётган воқеалар билан ҳам қизиқадилар. Шунинг учун биз “Адолат” СДП вилоят Кенгаши билан алоқа ўрнатишга қарор бергандик. Мана шу ҳамкорлик асносида жамоамизда партия ғоялари ва дастурий мақсадларига қизиқиш кучайди. Уларда баён этилган масалалар кўпчиликка маъқул тушганлигини ҳам айтиш лозим.

Қисқаси, тез орада МЧЖда бир қатор ишчилар “Адолат” СДП сафига кириш истагини билдирдилар. Улар орасида бичувчи Козим Исоқов, бичувчи ёрдамчиси Муҳаммад Эргашев, тикувчилардан Дилноза Тўхтасинова, Яйра Раҳимжонова, Малика Боймирзаева кабилар бор эди. Кейинчалик улар сафига яна бир неча нафар киши қўшилди. Бугунги кунга келиб эса бу ердаги сафдошларимиз сони йигирма кишига етди. Яқинда эса корхона ишчи-хизматчилари ва муҳандис-техник ходимлари аъзо бўлган БПТ расмий мақом олди. Унинг раислигига дизайнер Абдулбосит Шокиров сайланди.

Абдулбосит Шокиров — «Рустам текстил инвест» МЧЖ дизайнери, БПТ раиси:

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида мамлакатимизнинг келажаги инновацион иқтисодиётда, деган ғоя илгари сурилган. Аслида биз ҳам шундай фикрдамиз. Модернизацияга асосланган янги иқтисодиёт ва янги технологиялар фуқаролар учун янги иш ўринлари яратиш, уларга замонавий касб-ҳунарларни ўрганишга ундайди. Бу эса тараққиётнинг янги босқичларига чиқиш учун шарт-шароит яратиши шубҳасиз.

Шундай қилиб, вилоят партия ташкилоти таркибида яна бир янги бошланғич ташкилот фаолият кўрсата бошлади. Айни пайтда барча туман ва шаҳар кенгашларида ҳам “Адолат” СДП аъзолари сафини ўстириш учун ҳаракат бошланди. Ишлаб турган БПТлардаги маслакдошларимизни кўпайтириш билан бирга янги ташкилотлар тузишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »