Ёшларга берилаётган эътибор

31 Май, 11:13 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 356 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшларга берилаётган эътибор нет

Бугунги кунда ёшларнинг ҳар томонлама юксак маънавиятли ҳамда баркамол авлод бўлиб шаклланишида қатор имконятлар яратилган. Хусусан, келажакда етук мутахассис, малакали кадр бўлиб етишишлари мақсадида барча соҳа тизимида шароитлар кўлами кенгаймоқда. Таъкидлаб ўтадиган бўлсак, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида ҳам партиянинг бош вазифаси мамлакатимиз таълим тизимининг фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтирилган, инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборат эканлиги айтиб ўтилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида навқирон авлодни жисмонан соғлом, интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга, Ватанга содиқ қилиб тарбиялаш баробарида мамлакатимизда замонавий меҳнат бозорини ривожлантириш, янги иш жойларини барпо қилиш, ёш мутахассислар бандлигини таъминлаш, кадрлар тайёрлашнинг замонавий воситаларини татбиқ этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Бугуннинг ўзида ҳар бир битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш зарур”, деган сўзлари эртамиз эгаларига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Вилоятда замонавий жиҳоз ва технологиялар билан таъминланган 80 та касб-ҳунар коллежи мавжуд. Мазкур таълим муассасаларини жорий йилда 26 минг 166 нафар ўқувчи тугатади. Айни пайтда уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Касбга йўналтирилган таълимни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган малакали кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилмоқда.

Ҳ.Қобилов – вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи:

Вилоятимиздаги барча шаҳар ва туманларда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, уларнинг ота-оналари ва иш берувчи ташкилот-корхоналар вакиллари билан учрашувлар ҳамда меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда бир қатор ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ёшларни кафолатланган иш билан таъминлаш таклифи билан чиқяпти.

Айтиш жоизки, жорий йил бошида вилоят ҳокимлиги билан биргаликда коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Касб-ҳунар коллежлари дастлабки ўтказилган сўровномалар натижаси бўйича битирувчилар бандлигини таъминлашнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Унга кўра 21 минг 733 нафар битирувчи ишга жойлашади. 3 минг 718 нафар битирувчи олий ўқув юртларига кириш истагини билдирган, 1 минг 429 нафар битирувчи эса турли хил йўналишлар бўйича тадбиркорлик қилиш истагида бизнес режаларини тайёрлашмоқда.

Касб-ҳунар коллежларида ўтказилаётган меҳнат ярмаркаларида битирувчилар иш берувчилар билан бевосита мулоқотда бўлмоқда. Дипломолди амалиётни ўташ ҳамда ишга жойлашиш мақсадида жорий йилда 108 йўналиш бўйича битирувчилар билан тўрт томонлама шартнома имзоланди.

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши, баркамол авлодга эътибор ва ғамхўрлик натижасида ҳаётда муносиб ўрнини топаётган йигит ва қизлар хоҳ меҳнат жамоалари, хоҳ тадбиркорлар сафида бўлсин, жамиятимиз тараққиётига ҳисса қўшмоқ нияти билан меҳнат қилишга тайёрдирлар.

Шаҳло БАҚОЕВА,

“Бухоронома” мухбири.

Ёшларга берилаётган эътибор was last modified: Май 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »