Юксак маънавиятли авлод – келажак бунёдкори

19 Май, 14:34 • Бухоро вилояти, Семинар, Янгиликлар • 185 марта кўрилди • Комментариев к записи Юксак маънавиятли авлод – келажак бунёдкори нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро туман Кенгаши ҳамда “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари ташаббускорлигида маданият ва аҳоли дам олиш марказида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Юксак маънавиятли авлод келажак бунёдкори” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда партиянинг Бухоро туман Кенгаши ходимлари, партиянинг фаол аъзолари ҳамда уюшмаган ёшлар иштирок этишди.

Асосий эътибор ёшларнинг маънавий жиҳатдан шаклланиши ҳамда интернинг ижобий хусусиятлари билан бир қаторда салбий жиҳатлари тўғрисида фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, яқиндан бери ижтимоий тармоқлар орқали қора кучлар томонидан жадал тарғиб қилинаётган, юзлаб ўсмир ёшларнинг ёстиғини қуритган “Кўк кит” номли ўйиннинг вабо сингари шиддат билан бутун дунёга тарқалиб, хатар солиб келаётганлиги борасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, бугунги таҳликали, глобаллашув даврда ёшларимизни сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-руҳий, ахлоқий жиҳатдан етук баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Навқирон авлодлар нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидение, матбуот, интернет каби воситалар орқали ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқда. Замон тараққий этгани сари ёшларимизнинг онги ва хаёллари буткул эгаллаб турган ўргимчак тўри – интернет, афсуски, фақатгина ижобий хусусиятлари билан улар онгига кириб боряпти, деб айта олмаймиз. Бўлиб ўтган давра суҳбатида ҳам бу борада қатор айтилган фикрлар мисоллар асосида таҳлил қилинди.

Шунингдек, “Кўк кит” қандай ўйин, деган саволга партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти Бухоро туман Кенгаши раиси Мансур Тешаев батафсил маълумот бериб ўтди:

Биламизки, ўсмир ёшлар атрофдагиларга ўзининг нималарга қодир эканлигини кўрсатишга иштиёқманд бўлишади. Ҳар қандай ўйинда ғолибликка интилади. Ижтимоий тармоқлардаги “ўлим гуруҳлари” ўсмирларнинг ана шу нозик жиҳатларига эътибор қаратган ҳолда улардан фойдаланиб, хавфли ўйин якунидаги “ғолибликка” етаклайди. “Кўк кит” шартлари 50 қисмдан иборат бўлиб, 50 кун давом этади. Охири ўз жонига қасд қилиш билан якунланади. Фанга маълумки, кўк кит тез-тез тушкунлик сабаб ўзини қирғоққа, қуруқликка ташлаб, жонига қасд қилади. Бу “ўлим гуруҳлари” айнан кўк китни рамз сифатида танланганининг сабаби ҳам шунда.

Тадбир давомида сўзга чиққан партиянинг Бухоро туман Кенгаши раиси Гулчеҳра Тожиева бугунги даврда фарзандларга эътиборли бўлиш, уларни ёлғиз қўймасдан, аксинча, ўз фикрига эга, турли маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш масъулиятли вазифа эканлиги таъкидланди ва бу масъулиятли вазифани барча бирдек ҳис қила олиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Ёшлар онгини эгаллашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга, миллий манфаатимизга зид, маънавиятимизга тажовуз қиладиган ғаразли кучларга қарши доим ҳушёр, серган бўлишни даврнинг ўзи тақозо қилар экан, ҳар бир бу борада эътиборли бўлишмиз зарур. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам шунда – ёшлар тарбиясига эътибор билан ёндашиш, уларни маънавиятли ва баркамол авлод қилиб вояга етказишдир. Ана шундай эътибор ва ҳушёрлик билан фарзандларни “Кўк кит” сингари қабоҳат, разолат, ваҳшийлик устига қурилган ўйинлар домидан асраб қолиш мумкин. Зеро, юксак маънавиятли авлод келажакнинг бунёдкори ҳисобланади.

 

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »