Адолат — қонун устуворлигида

23 Июнь, 17:17 • Муносабат, Янгиликлар • 256 марта кўрилди • Комментариев к записи Адолат — қонун устуворлигида нет

Инсоният тарихида макон ва замон танламайдиган энг олий мезонлардан бири — бу, шубҳасиз, адолатдир. Зеро, адолат устувор бўлган жойда фаровонлик ҳукм суради, тараққиёт бўлади, эртанги кунга ишонч ортади, юртга файзу барака келади, одамларда меҳр-оқибат кучаяди, халқнинг орзу-истаклари рўёбга чиқади. Замонлар ўтса-да адолатли раҳбарларни халқ ҳамиша хотирасида сақлайди. Шу боис ҳам халқ ижодида адолатли ва адолатсиз етакчилар ҳақида кўпдан-кўп достонлар, масаллар учрайди. Чунончи, адолат ва ҳақиқатга интилиш, адолатли жамиятда яшаш ҳар бир халқнинг асрий орзуси бўлиб келган.

Бугун мамлакатимизда кечаётган демократик янгиланишларнинг янги босқичида халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, барчанинг фикрини билиш, дардини эшитиш ва ҳақиқий ҳаётга мос бўлган халқчил стратегияни амалга оширишнинг ҳосиласи сифатида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан адолат тамойили кун тартибидаги энг устувор масалалардан бири сифатида илгари сурилмоқда.

Юртбошимиз, у қайси мансаб ёки лавозимда бўлмасин, ҳар бир раҳбардан қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик баробарида, албатта, адолатли бўлишни талаб этаётгани, Биринчи Президентимизнинг «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот — инсон манфаати учун», деган пурҳикмат ғояси изчил ва тизимли давом эттирилаётгани ҳар бир фуқаронинг қалбига қувонч бағишлаб, келажакка ишонч билан қарашга ундамоқда.

Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидаги нутқини кенг жамоатчилигимиз катта мамнуният билан кутиб олди. Ушбу маъруза, айниқса, адолат ва қонун устуворлиги тарафдори бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фаолларини, электоратини тўлқинлантириб юборди.

Зеро, партиямиз учун қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳаси доимо муҳим аҳамият касб этиб келган. Хусусан, партиямиз давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида “Адолат – қонун устуворлигида”, “Қонун устувор бўлган жойда адолат бўлади”, “Куч – адолатда” каби ғояларни ҳаётга кенг жорий этиш, қонун устуворлигини таъминлаш – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимояси амалда таъминланадиган ҳуқуқий давлат, халқчил, адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг гарови, деб билади.

Биз “кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор”, деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда партиямиз суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини, фаолиятининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, одил судловнинг нуфузини ошириш, суд ва судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни таклиф этиб келмоқда. Энг муҳими, ушбу таклифларнинг аксарияти бугунги кунга келиб Президентимизнинг соҳага доир қарор ва фармонларида ва парламентимиз томонидан қабул қилинган қонунларда ҳамда амалиётда ўз ифодасини топаётгани бизни қувонтиради.

Давлатимиз раҳбари суд тизими вакиллари билан учрашувдаги нутқида соҳада эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларни, таъбир жоиз бўлса, адолат тарозисида тортиб, хатоларни рўй-рост кўрсатган ҳолда истиқболдаги долзарб вазифаларни белгилаб берди. Албатта, Президентимиз жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтириш борасида аввалги нутқларида ҳам кўп бора тўхталиб ўтган эди. Бу гал Юртбошимиз куюнчаклик билан “Асосий вазифаси ва бурчи оқни – оққа, қорани – қорага ажратиш, адолатни ҳимоя қилишдан иборат бўлган судья қонунга, ўз касбига хиёнат қилса, одамлар додини кимга айтади? Адолат излаб қаерга боради?”, дея ҳақиқатни очиқ-ойдин гапирди. Тўғри-да, модомики одамлар тақдири, таъбир жоиз бўлса, ҳаёти судьялар қўлида экан, бу лавозимда фақат ва фақат адолат яловини маҳкам тутган инсонлар фаолият олиб бориши ҳаётий заруриятдир.

Қолаверса, ушбу фикрлар нафақат суд тизими ходимлари, балки Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун ўзини масъул, деб билган мансабдор шахслардан тортиб, оддий фуқарони ҳам ҳақиқатга тик боқишга, ислоҳотларга дахлдор бўлишга ундади десак, янглишмаймиз.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, кейинги пайтларда соҳага оид жадаллашган саъй-ҳаракатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва алоҳида назорати доирасида кечаётгани барчамизни қувонтирмоқда.

Хусусан, жорий йил бошида қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган эди.

Қолаверса, Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳам соҳадаги туб ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ судьялик лавозимига тайинлаш (сайлаш) муддатларига аниқлик киритилди. Узоқ йиллар муҳокамалар билан чекланиб келинган судьялик лавозим муддати қатъиятлик билан узил-кесил ҳал этилди. Адолат қарор топди, яъни судьялик лавозимига биринчи маротаба тайинлаш беш йилга, иккинчи маротаба — ўн йил, кейингисида муддатсиз тайинланиш (сайланиш), зарур бўлганида етмиш ёшгача ва ундан кейин ҳам фаолият кўрсатиш имкони яратилди. Бу судьяларнинг ёши, малакаси, касб маҳорати ва ҳаётий тажрибасини инобатга олган ҳолда узоқроқ муддат фаолият кўрсатишини кафолатлаш баробарида, уларнинг бошқа давлат органлари олдидаги мустақиллигини таъминлаш омили ҳамдир. “Қари билганни пари билмас” деганларидек, бунда, албатта, судьяларнинг халқимиз кўз ўнгида нуроний, мукаммал, комил шахслар бўлиб кўриниши ҳам эътиборга олинган.

Бундан ташқари, келгусида судларнинг замонавий биноларда, яъни суд ходимлари ва фуқаролар учун барча қулайликлар мавжуд жойда фаолият юритиши учун комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, суд тизими ходимларини ижтимоий ҳимоялаш, уларга зарур шароит яратиш режалаштирилганлиги суд органининг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашга ҳамда судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилади. Албатта, бундай ёндашув одил судлов органларига нисбатан ҳурмат кўрсатилишидан ва судьяларнинг умумэътироф этилган нормалар даражасида ижтимоий ҳимояга олинишидан далолат беради.

Шу билан бирга, ўтган қисқа давр ичида судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил қилиниши билан судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг янада адолатли тизими шакллантирилди. Айниқса, Президент судьяларни тайинлаш билан боғлиқ ўз ваколатининг бир қисмини Судьялар олий кенгаши ваколатига ўтказиб берганлиги бу янги тузилмага бўлган ишонч ва масъулиятдир.

Суд ислоҳотларининг яна бир муҳим жиҳати, “Судлар тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган ва узоқ йиллардан буён ечимини кутиб келган маъмурий судлар ўз фаолиятини бошлади. Шу билан бир вақтда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий орган сифатида янгидан шакллантирилди. Бу ҳам одил судловнинг институционал ривожланишига, инсон ҳуқуқларини тизимли ва ишончли ҳимоя қилинишига, яхлит бошқарув орқали қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилади, албатта.

Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани ҳам Президентимиз томонидан бир қатор аниқ мисоллар асосида келтириб ўтилган тизимдаги қонун бузилиш ва коррупция ҳолатларининг олдини олишда муҳим қадам бўлди. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ишончли механизмидир. Чунки қўшимча терговга юбориш институтидан воз кечилиши, оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш каби масъулиятни зиммасига олмаган судьяларнинг “Отангга бор, онангга бор” қабилида иш юритиш ҳолатларига барҳам беради.

Шунингдек, ўтган даврда қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ давлат бошқаруви ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари, жумладан, ҳокимлар, прокурор ва ички ишлар органлари раҳбарларининг маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисоб бериш амалиёти жорий этилди. Президентимизнинг эндиликда ҳар бир судьянинг жойларда ойига камида бир марта аҳоли билан очиқ мулоқотини ташкил этиш, суд ходимларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ўз фаолияти бўйича ахборот бериб бориши тизимини жорий этиш ташаббуси одил судлов органлари вакилларининг халқ билан яқинлигини таъминлашга хизмат қилади. Зотан, халқимиз судьяларни “халқ суди”, “халқ судьяси” деб аташи бежиз эмас. Албатта, мазкур амалиётнинг йўлга қўйилиши судьяларни халқ ичида бўлишга ундайди. Улар билан ҳамдард, ҳамфикрликка чорлайди.

Юртбошимиз “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди” деган сўзларнинг маъносига судьялар эътиборини қаратар экан, адолат посбони саналадиган ушбу касб эгалари томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг қонуний ва адолатли бўлиши зарурлигини таъкидлади. Бу борада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини сўзсиз таъминлаш лозимлиги ҳақида билдирилган фикрлар эса адолатни таъминлаш йўлидаги яна бир қатъий қадам бўлди. Ҳақиқатан, судья ўз қасамёдига содиқ қолиб фақат қонунга бўйсунган ва ўз виждони олдида пок бўлган ҳолда иш кўриши керак. Суд ишига аралашув нафақат судьянинг қасамёди, ҳатто Конституциямизнинг “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деган талаби бузилишига олиб келади. Бундай ҳаракат, муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, оғир жиноят ҳисобланади.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда одамларнинг ҳуқуқий онгги ва маданияти юксалиб бораётгани, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши англаб етаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига фуқаролар томонидан йўлланаётган мурожаатларнинг сони ва доирасида бу яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, фуқаролардан тушаётган мурожаатлар орасида суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқлари кўпчиликни ташкил этаётгани давлатимиз раҳбари томонидан афсус билан қайд этилди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, судьялар билан мулоқот жараёнида тилга олиб ўтилган танқидий мулоҳазалар асосида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш ғояси кенг жамоатчилигимиз қаторида “Адолат” партияси фаоли сифатида бизни жуда тўлқинлантирди.

Президентимизнинг судьяларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ихтисослаштирилган ўқув муассасаси — Одил судлов академиясини ташкил этишга доир таклифи ҳам суд ходимларининг билими, малакаси ва масъулиятини ошириш орқали одил судлов амалиётини тўлиқ таъминлаш имконини беради.

Бундан ташқари, халқ олдида обрў-эътибор қозонган судьяларнинг ҳаёт йўли, одил судловни амалга оширишдаги ижобий тажрибаларни кенг оммалаштириш учун “Судьялар клуби”, “Суд ҳимоясида” каби рукнлар остида марказий телеканаллар ҳамда газеталарда мунтазам равишда туркум кўрсатув ва мақолалар эълон қилиб бориш ҳақида илгари сурилган амалий фикрлар ҳам одил судловни рўёбга чиқариш ҳамда судларнинг обрўсини мустаҳкамлаш, шу билан бир вақтда жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг пойтахтимизда “Адолат саройи” деб аталадиган янги мажмуани барпо этиш ҳақидаги таклифини ҳам “Адолат” СДП фаоллари тўла қўллаб-қувватлайдилар. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, давлат ҳокимиятининг узвий тармоғи бўлган суд тизимига кирадиган барча суд муассасаларини бир жойга жамлайдиган ушбу муҳташам даргоҳ адолат истаб келадиган ҳар бир фуқаро учун ўз саволига қонуний жавоб топадиган масканга айланиши шубҳасиз.

Умуман, Президентимизнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, эл-юртимизнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган бундай эътиборини “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғоянинг амалдаги ифодаси сифатида эътироф этиш мумкин. Дарвоқе, Юртбошимиз томонидан кўтарилаётган масалалар ва уларнинг ечимини, амалга оширилаётган ислоҳотларни, айниқса, инсонга бўлган юқори муносабатни кўриб Алишер Навоийнинг “Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами” деган пурмано сатрлари ёдимизга келади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу дастуриламал маърузаси Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги тузилмалари томонидан чуқур ўрганилиб, ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди. Айни кунларда унинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш бўйича жойларда турли тадбирлар ўтказилмоқда. Эндиликда партиямиз олдида турган энг муҳим вазифалардан яна бири суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган янгиланишларга мос равишда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда фаол иштирок этиш, бунинг учун ҳар бир маҳаллада Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича кўнгилли лекторларини шакллантириш, улар орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ҳаракатлар стратегияси, қабул қилинаётган қонунлар, Президент қарорлари ва фармонларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ишларини тизимли йўлга қўйишдан иборатдир. Зеро, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши биладиган, қонун ва амалдаги тартиб-қоидаларни, одил судлов органларини ҳурмат қиладиган жамиятда қонун устувор бўлади. Қонун устувор бўлган жойда эса адолат қарор топиши муқаррар.

Абдукамол РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Адолат — қонун устуворлигида was last modified: Июнь 23rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »