Биз гиёҳвандликка қаршимиз

24 Июнь, 12:35 • Жиззах вилояти, Янгиликлар • 219 марта кўрилди • Комментариев к записи Биз гиёҳвандликка қаршимиз нет

Ўзбекистон «Адолат» СДП Жиззах вилоят Кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда партиянинг «Ватан келажаги ёшлар қўлида!» лойиҳаси доирасида «Биз гиёҳвандликка қаршимиз» шиори остида вилоят чемпионати ўтказилди.

Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Мамлакатимизнинг таянчи, халқимизнинг бахту саодати бўлган ёшларимизнинг соғлом ва баркамол, буюк аждодларимизга муносиб бўлиб вояга етиши, илм-фан сирларини, замонавий билимларни, спортнинг барча турларини чуқур эгаллашлари учун барча имкониятлар яратилган. Мустақилликка эришганимиздан сўнг ёшларга алоҳида эътибор қаратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам мамлакатимиз келажаги ҳар томонлама соғлом ва уйғун ривожланган ёшлар қўлида деб ҳисоблайди.

Спорт билан шуғулланиш орқали қанчадан-қанча ёшларимиз соғлом турмуш тарзи билан ошно бўлмоқда. Болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида этиборнинг амалдаги самаралари, ёшларимизнинг жаҳон ва қитъа миқёсида нуфузли мусобақаларида қўлга киритган ютуқлари орқали кўринмоқда. Бугун Ватанимизнинг шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилаётган спортчиларимизнинг аксариятини ўспирин ёшларимиз ташкил қилади. Ўсиб келаётган ёш авлодда спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маънавий ва жисмоний комилликка интилиш зарурлигини тушунтириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни ёшларимизнинг кундалик турмуш тарзига сингдириш лозим.

Таэквон-до корейс спорт тури ва жанубий Кореянинг миллий спортидир. 2000 йилдан бери Олимпия ўйинлари таркибига қўшилган. Таэквон-до (корейсча; таи-оёқ; квон-қўл, до-йўл, яъни оёқ ва қулларнинг ҳаракат йўли) кураш спорт тури. Бунда эркак ва аёллар белгиланган майдончада ўз вазн тоифаларида (ҳимоя воситаларида) яккама-якка олишиш ва махсус машқларни бажариш махоратини намойиш этиш борасида якка ва жамоавий тарзда оёқ қўлларда зарбалар бериш ёки зарба ҳаракатини қайд этиш бўйича мусобақалашадилар.

Таэквон-донинг (ИТФ) тури билан юртимиз ёшлари кенг миқёсда шуғулланади, айни пайтда бу спорт тури бўйича жаҳон чемпиони ҳам бўлишган. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президентининг 2010 йил 5 майдаги «Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш ва Таэквон-до (ИТФ) турини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши, Жиззах вилоят Таэквон-до (ИТФ) ҳамда «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда “26 июнь халқаро гиёхвандликка қарши курашиш куни”га бағишлаб 2000-2004 йилларда туғилган болалар ўртасида спортнинг Таэкван-до (ИТФ) тури бўйича “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида вилоят чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада Ш.Рашидов тумани, Зарбдор тумани ҳамда Жиззах шаҳридан 80 нафар спортчилар иштирок этишди. Мусобақа давомида спортчилар ёш бўлишига қарамай жуда пухта тайёргарлик кўришгани маълум бўлди. Мусобақа жуда қизғин тарзда ўтди.

Фахрли биринчи ўринни вазн тоифасига қараб, Соатов Шерзод (40 кг) ва Қодирова Севинч (35 кг) қўлга киритди, иккинчи ўринни Норқулов Жавлон (35 кг), Қўшбоқова Севара (35 кг) ҳамда Равшанов Иброҳим (40кг) лар эгаллашди. Учинчи ўринни эса Носирова Сабина (35 кг)  вазн тоифасида ғолиб бўлди.

Соатов Шерзод, 40 кг вазн тоифасидаги фахрли биринчи ўрин соҳиби:

Мен Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон ўлкада яшаётганимдан, унинг тоза ҳавосидан нафас олаётганимдан, озод ва обод Ватанда туғилганимдан мамнунман. Гўзал ва бетакрор юртимизда биз ёшлар учун яратиб берилаёган имкониятлар ҳавас қилса арзигулик. Спорт, санъат, фан-техника соҳаларида чексиз имкониятлар яратилган. Биз ёшлар мана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юртимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Келажакда Ўзбекистон байроғини кўкларга олиб чиқаман. Шу юртга, аждодларимизга, ота-онамга муносиб фарзанд бўлишга ваъда бераман.

Мусобақа сўнгида ғолиблар диплом ва ҳамкор ташкилотлар томонидан махсус совғалар билан тақдирландилар.

Юртимиз келажаги бўлган ёшларимиз энг аввало аждодларимизга, ватанимизга муносиб бўлиши лозим. Бизнинг миллатимиз кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, бу юрт буюк зотлар яшаб ўтган замин. Бизнинг келажагимиз бўлган ёшларимизга ишончимиз жуда катта, келажакда юртимиз байроғини кўкларга кўтариб, бутун жаҳонга танитади. Бугунги ёшлар Ватанимизнинг эртанги кунини белгилаб беради. Жамиятимизнинг тараққиёти бугунги ёшларимизнинг саъй-ҳаракатига боғлиқдир. Зеро «Юрт келажаги – ёшлар қўлида».

Шаҳодат СУЛТОНОВА,

Партиянинг фаол аъзоси
(Жиззах вилояти).

Биз гиёҳвандликка қаршимиз was last modified: Июнь 24th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »