БПТ: кичик қуйи бўғинлар – катта ишонч илдизларидир

3 Июнь, 19:11 • БПТ, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 278 марта кўрилди • Комментариев к записи БПТ: кичик қуйи бўғинлар – катта ишонч илдизларидир нет

Республикамизнинг барча ҳудудларида партия электорати манфаатларига сидқидилдан хизмат қилувчи ва бизнинг дастурий мақсадларимиз ижроси учун курашувчи кичик бўғинларимиз – БПТлар борлиги энг катта ютуғимиздир. Барчага маълумки, ҳар қандай партияга бўлган ишонч унинг амалдаги фаолиятига қараб ошиб боради.

Бу борада партиямизнинг Қўқон шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиника қошидаги бошланғич партия ташкилоти аъзолари меҳнатини эътироф этиш лозим, албатта.

2011 йилнинг май ойидан буён фаолият юритиб келаётган БПТ олти йил ичида Қўқон ахли ишончини қозонишга улгурди. Шаҳардаги ёш оилаларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, турли оғир касалликларни юзага келтириши мумкин бўлган омиллар, соғлом турмуш тарзига тўсқинлик қилувчи мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ечимини топиш ва бартараф қилиш ишлари — доимо БПТ аъзолари назоратида. Партиямизнинг Қўқон шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси Эъзоз Аҳмедова ташаббуси билан ташкил этилган мазкур БПТ дастлаб 5 нафар аъзо билан иш бошлаган бўлса, бугунги кунда улар сони 30 нафарга етди.

Бош вазифа сифатида хотин-қизлар ва болалар саломатлигини мутаҳкамлаш йўлида иш юритаётган БПТ томонидан ўтган йилда ҳам бир қатор амалий ишлар қилинди. Йилнинг биринчи чораги давомида шаҳардаги 8 та касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик асосида “Хотин-қизлар — жамият таянчи” мавзусида семинарлар олиб борилди ва уларда 427 та аёллар ва ёшлар иштирок этдилар. Март ойидан бошлаб эса ўндан ортиқ маҳаллаларда соғлом ижтимоий — маънавий муҳитни барқарорлаштириш юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди ва натижада аҳолининг ижтимоий соҳадаги 23 та мурожаати БПТ ёрдамида керакли ташкилотлар ва мансабдор шахслар, маҳаллий депутатларга етказилди. Шу билан бирга, шаҳарнинг “Собир Абдулла”, “Олтин водий”, “Бунёдкор” маҳаллаларида “Кўкрак бези саратони касаллигини олдини оламиз” мавзусида 262 нафар аёлларни қамраган ҳолда йиғилишлар ўтказилди. Май ойида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!” шиори остида БПТ аъзолари гуруҳларга бўлинган ҳолда оғир касалликка чалинган, кекса ва ногиронлар яшовчи йигирмага яқин хонадондан хабар олдилар.

БПТнинг жорий йил давомида амалга оширган турли йўналишдаги фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, энг ташаббускор аъзолардан поликлиника бош патронажи Муродова Барно, ҳамширалар Шаҳноза Жакбарова, Намуна Шералиева, Дилфуза Абдулҳакимова, Зарифа Мўйдинова, умумий амалиёт шифокори Фаррух Мамажонов ва бир қатор партия фаоллари Қўқон шаҳрида партиямиз тарғиботи ва дастурий мақсадларимиз ташвиқоти йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётганликларига гувоҳ бўлдик.

Барно Муродова, поликлиника бош патронажи:

Йил давомида маҳаллаларда, ўқув муассасалари ва корхоналарда аҳолининг кенг қатлами эътиборига касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан жами 744 нафар иштирокчи жалб этилган бўлиб, 13 маротаба тарғибот тадбирлари ташкилланди. Жумладан, март ойида БПТ бошчилигида шаҳарнинг “Саодат” маҳалласида “Соғлом оила – соғлом жамият – порлоқ келажак” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбир аҳоли, айниқса, хотин-қизлар учун самарли бўлди. Тадбирда халк депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи, шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва оилавий поликлиникалар, вилоят Силга қарши кураш диспансери вакиллари фаол иштирок этдилар. Шу куни қон таҳлили, “УЗИ”, “ЭКГ” бўйича малакали шифокорлар, онколог, маммологлар, кўчма рентген автомашинаси кун бўйи маҳалла аҳолиси ихтиёрида бўлди ва 372 нафар аёллар, хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Мазкур БПТ 3 йилдан буён маҳаллалардаги ижтимоий ҳимоя ва тиббий ёрдамга муҳтож бўлган хонадонларга амалий кўмак бериш мақсадида “Соғлом авлод” хайрия жамғармаси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бугунги кунга қадар ҳамкорлик натижасида 11 маротаба тиббий кўриклар ташкилланди ва хайрия маблағлари ҳисобидан 133 та хонадонда яшовчи ўсмирлар, хотин-қизлар, кексалар ва хомиладор аёллар кальций етишмаслиги, витаминоз, хафақон, камқонлик, йод танқислиги, дармонсизлик каби турли касалликларга қарши қўлланувчи дори воситалари билан таъминладилар.

Фаррух Мамажонов, 3-оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори, БПТ етакчиси:

Партиямиз ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари маҳаллаларда ўтказилаётган “Адолат” кунлари БПТ ишида ҳам яхши самара бермоқда. Масалан, апрель ойида “Олтин Водий” маҳалласида олиб борилган ўрганишлар натижасида маҳаллада кичик бизнес йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг 12 нафари билан суҳбатда бўлдик. Уларнинг ютуқларини ўрганиш баробарида тадбиркорликни кенгайтириш хусусида таклиф ва муаммолари ҳам таҳлил қилинди. Кўп тадбиркорларимиз иссиқхона ташкил этиш йўналишида туб ислоҳотлар ўтказиш, ушбу соҳада малакали кадрлаш тайёрлаш ва махсус ўқувлар жорий этиш, бу борада ривожланган мамлакатлар билан тажриба алмашиш таклифини билдирдилар. Шу билан бирга, мебел жиҳозлари тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорларда аниқланган бўш иш ўринларига БПТга иш масаласида мурожаат қилган 3 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчилари жалб этилди.

Ушбу 3-сонли оилавий поликлиникани 7 йилдан буён юқори малака билан бошқараётган депутатимиз Э.Аҳмедова БПТ фаолиятини янада ривожлантириш учун аъзоларга ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда.

Жумладан, депутат ёрдамида ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари шаҳардаги “Буюк ипак йўли”, “Фаробий” савдо марказларига ўрнатилган радиоузелларда, “Қўқон-мулоқот” телевидениеси, “Қўқон садоси” газетаси ва шу каби оммавий ахборот воситаларида БПТ, шунингдек шаҳар партия ташкилоти томонидан олиб борилаётган ишлар аҳоли эътиборига тақдим этилмоқда.

Ушбу кичик бўлсада, катта ишларни режалаштираётган қуйи бўғин аъзоларининг шиддати таҳсинга лойиқ. Уларнинг таъкидлашича, оналаримиз ва болаларимизни ҳамиша саломат бўлишлари нафақат партиямизнинг, мамлакатимиз сиёсатининг бош мақсадидир.

 

Комила ИСРОИЛОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

БПТ: кичик қуйи бўғинлар – катта ишонч илдизларидир was last modified: Июнь 3rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »