Келажак инновацион иқтисодиётда

24 Июнь, 11:16 • Фракция, Янгиликлар • 170 марта кўрилди • Комментариев к записи Келажак инновацион иқтисодиётда нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июндаги “Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва унинг ижросини таъминлашда партия депутатлик корпусининг иштироки масалалари муҳокама этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантиришни таъминлаш борасида замонавий ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш, амалиётга жорий этиш вазифалари белгиланган.

“Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркннн ташкил қилиш тўғрисида”ги Фармон ушбу мақсадларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлди. Зеро, бугунги тараққиёт айнан инновацион технологияларга асосланган иқтисодиётга эга мамлакатларгина дунё рақобат майдонида етакчилар қаторида бўлишини кўрсатмоқда.

Фракция аъзолари ушбу ҳужжат ўз мазмун-моҳиятига кўра Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларга ҳамоҳанг эканлигини эътироф этдилар. Чунончи, партия бир неча йиллардан буён инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий фаолиятни ривожлантириш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ғоясини илгари суриб келмоқда.

Шу маънода Фармонда мамлакатимиз илм-фан, ўқув ва ишлаб чиқариш салоҳиятларини ўзаро интеграциялаш орқали илмий-ҳажмдор маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг яхлит инновация занжирини амалга ошириш устувор масалалардан бири сифатида белгилангани депутатлар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Ҳақиқатдан ҳам бугун айнан кичик инновацион технопарклар саноатда, ишлаб чиқариш ва илм-фанда кенг кўламли инқилоблар ясаганлигини ривожланган давлатлар тажрибаси ҳам кўрсатиб турибди. Эндиликда Ўзбекистон ҳам синовдан ўтган ушбу йўлдан изчиллик билан қадам ташламоқда.

Айниқса, Фармон билан ташкил этилаётган “Яшнобод” технопаркининг илмий ишланмалар ва тадқиқотлар, саноат-тажриба синовларини ўтказиш ва инновация маҳсулотлари намуналарини ўзлаштириш бўйича мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари ривожида муҳим ўрин тутувчи устувор йўналишлардан бири сифатида энергия тежамкорлик, муқобил ва энергиянинг қайта тикланадиган манбаларини ишлаб чиқаришга ҳам ихтисослашуви белгилангани “Адолат” СДПнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларига самарали таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

“Яшнобод” технопарк фаолияти узоқ истиқболга мўлжаллангани ва унинг резидентларига кредитлар олишда махсус имтиёзлар ажратилиб, бир қатор солиқ ва мажбурий ажратмалардан озод этилиши назарда тутилганлиги инновацион лойиҳаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига замин яратади.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари модернизацияга асосланган замонавий иқтисодиёт ва инновацион технологиялар юртдошларимизга янги иш ўринларини топиш, янги касб-ҳунарларни ўрганиш, янги корхоналарни очиш ва кенгайтириш имкониятини беришини, бу эса халқимиз, мамлакатимиз фаровонлиги, юксак тараққиёти учун хизмат қилишини таъкидладилар.

Айни шу жиҳатдан партия Сайловолди дастуридаги устувор вазифалардан бўлган замонавий ва юқори технологияларни жорий этишга қаратилган инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш бўйича депутатлар фаолиятини кучайтириш ҳамда партиянинг маҳаллий кенгашларидаги депутатлари билан ҳамкорликда республикамизнинг бошқа ҳудудларида инновацияга ихтисослаштирилган муассасаларнинг кенг ривожланишига харакат қилиш вазифалари белгиланди.

Йиғилиш якунида ушбу Фармондан келиб чиқадиган партия депутатлари олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »