Миллий валютамиз – давлатимиз рамзи, ифтихоримиз

30 Июнь, 14:20 • Расмий хабарлар, Янгиликлар • 280 марта кўрилди • Комментариев к записи Миллий валютамиз – давлатимиз рамзи, ифтихоримиз нет

1 июль – Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – сўм муомалага киритилган кун.

Давлатимиз мустақиллигининг муҳим рамзларидан бири бўлган миллий валютамиз мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон учун ифтихор тимсоли. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Миллий валюта – миллий ифтихор, давлат мустақиллигининг рамзи, суверен давлатга хос белгидир».

Дарҳақиқат, Ўзбекистон мустақиллиги, ўз миллий валютасига эга экани халқимизнинг улкан ютуғи. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1994 йил 16 июндаги фармонига мувофиқ муомалага киритилган миллий пулимиз – сўм бизга ана шундай имкониятни ҳадя этган. 1994 йил 1 июль мамлакатимиз солномасида тарихий сана. Шу куни миллий валютамиз – сўм юртимиз ҳудудида ягона тўлов воситаси сифатида муомалага киритилган.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, миллий валютани жорий этиш кўп ҳолларда иқтисодий инқирозга, нархларнинг ўсиб кетиши ва маҳсулотлар танқислигига сабаб бўлган. Мамлакатимизда сўмни муомалага киритишда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди. Миллий тараққиёт тамойилларига мувофиқ бу жараён ҳам босқичма-босқич амалга оширилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган изчил ислоҳотлар ва бетимсол янгиланишлар ҳақида сўз борганда, иқтисодиётимизнинг ривожланиши, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўзаро мутаносиблиги, инфляция даражасининг пастлиги, аҳоли фаровонлиги юксалаётгани билан бир қаторда миллий валютамиз барқарорлашиб, банк тизими тобора мустаҳкамланиб бораётганини фахр билан тилга оламиз.

Мамлакатимизда янги пул бирлигига ўтишда халқ манфаатлари ҳимояси алоҳида эътиборга олинди. Буни миллий валютани жорий этишга тайёргарлик босқичи сифатида сўм-купонга ўтишдан бошлаб кузатиш мумкин. Мамлакатимизда сўм-купон муомалага кириши билан четдан кириб келаётган, қадрини йўқотган пулнинг йўли тўсилди. Халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган арзон маҳсулотларнинг бошқа республикаларга «оқиб кетиши»нинг олди олинди. Шу билан бирга, даромадларини эски пулда жамғариб келган аҳолига уни алмаштириш учун имконият яратилди.

Сўмнинг муомалага киритилиши Ватанимизда самарали пул-кредит тизимини яратиш йўлидаги муҳим қадам, иқтисодий мустақилликка эришишга йўналтирилган асосий воситалардан бири бўлди. Ўзбекистон ўз миллий валютасининг барқарорлиги ва мустаҳкамлигига четдан қарз олмасдан, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, мавжуд захиралардан оқилона фойдаланиш орқали эришди.

Сўнгги йилларда «Мудис», «Стандарт энд Пурс» ва «Фитч рейтингс» халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз банк тизими фаолиятини «барқарор» деб баҳоламоқда. Бу давлатимиз иқтисодий салоҳияти халқаро экспертлар томонидан тан олинганлигининг далилидир. Бугунги кунда мамлакатимиздаги деярли барча тижорат банклари юқори рейтинг даражасига эга.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган барқарор иқтисодиётнинг асоси мустаҳкамланмоқда. Иқтисодиётнинг янги тармоқларига асос солинмоқда. Кичик саноат зоналари, янги корхоналар замонавий, юқори унумли техника ва технологиялар билан жиҳозланаётир. Бозорларимизни мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар эгалламоқда. Рақобатбардош маҳсулотларимиз дунё бозорларига экспорт ҳам қилинмоқда.

Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” деб номланган учинчи йўналишида миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, туризм индустриясини жадал ривожлантириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш назарда тутилган.

Сўмнинг харид нархини ошириш мақсадида ички бозорни юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдириш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, пул-кредит сиёсатининг изчиллигини, истеъмол моллари билан нақд пул мутаносиблигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани барча соҳаларда ўз самараларини бермоқда.

Шу йил 10 март куни 10000 сўмлик купюра муомалага чиқарилди. Мазкур купюранинг муомалага чиқарилиши мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Миллий валютадан ҳаммамиз ҳар куни фойдаланамиз. Уни кўрганда қалбимизда миллий ғуруримиз жўш уради. Зеро, пулимиз нафақат мамлакатимиз иқтисодий қудратининг, балки халқимиз маънавий, маърифий ва маданий салоҳиятининг кўзгусидир. Уни қўлига олган кишининг қадим Самарқанддаги Регистон майдони, Тиллакори, Шердор мадрасалари, Амир Темур мақбараси каби тарихий обидалар, пойтахтимиздаги Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси бинолари, Темурийлар тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри, «Истиқлол» санъат саройи, Амир Темурнинг улуғвор ҳайкали тасвирларига кўзи тушади. Бу тасвирлар мамлакатимизнинг ўзига хос «ташриф қоғози»га айланган, десак муболаға бўлмайди.

Буларнинг барчаси халқимизда, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодда миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Миллий валютамиз мамлакатимиз салоҳиятини янада юксалтириш билан бирга, халқимизнинг ғурур-ифтихорини, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

УзА.

Миллий валютамиз – давлатимиз рамзи, ифтихоримиз was last modified: Июнь 30th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »