НАТОга аъзо мамлакат раҳбарларининг учрашув якунлари

1 Июнь, 16:35 • Дунё парламентларида, Дунё янгиликлари, Янгиликлар • 197 марта кўрилди • Комментариев к записи НАТОга аъзо мамлакат раҳбарларининг учрашув якунлари нет

Шу йилнинг 25 май куни Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО)нинг янги биносида ҳарбий-сиёсий ташкилотнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўртасида навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашув арафасида бинонинг ёнида икки ёдгорликнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бири Берлин деворидан ташкил топган монумент бўлса (1989 йилда бузилган девор қолдиқлар), иккинчиси Нью Йоркдаги Бутунжаҳон Савдо Маркази монументи (2001 йил 11 сентябдаги террор натижасида қулаган бинонинг қолдиқлари). Эътиборли жиҳати шундаки, бу икки ёдгорликни ўрнатишдан мақсад иттифоқчиларнинг якдиллиги ва терроризмга қарши ҳамжиҳатликда кураш олиб боришини ифодалашдир.

Айтиш жоизки, юқори даражадаги учрашувда биринчи маротаба АҚШ президенти Д.Трамп, Франция раҳбари Э.Макрон ва Буюк Британия вазири Т.Мэй иштирок этди.

Учрашув кун тартибига икки муҳим масала киритилган эди. Аъзо мамлакатларнинг мудофаа харажатлари ўртасидаги тафовут ва терроризмга қарши кураш. Учрашув якунлари бўйича НАТО бош котиби Йенс Столтенберг қабул қилинган карорлар бўйича якуний баёнот берди. Унинг айтишича, алнясга аъзо барча мамлакатлар мудофаага ажратиладиган харажатни оширишга кафолат берибгина қолмай, бу харажатларни ўзаро тенг тақсимлашга келишиб олдилар.

Шу билан бир қаторда, НАТО расмий равишда АҚШ бошчилигидаги «Исломий давлат» террорчи гуруҳига қарши кураш олиб бораётган глобал коалицияга қўшилишини эълон килди. Ташкилот ўз зиммасига мувофиқлаштирувчи вазифаларни олган ҳолда, коалицияга аъзо мамлакатлар ўртасида олиб бориладиган музокараларда иштирок этадиган бўлди.

Шу билан бирга, НАТО бош котиби Ўзбекистонга қўшни бўлган Афғонистон масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, яқин кунларда бу мамлакатга жойлаштирилган ҳарбий кучларнинг сони оширилиши мумкин. Аммо, ҳали якуний қарор ва тўхтамга келинмаган. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, АҚШнинг янги раҳбари ўзининг сайловолди нутқларидаги каби, Брюсселда бўлиб ўтган учрашувда ҳам НАТО террорга қарши курашда зиммасига кўпроқ масъулятни олиши даркорлигини уқтириб ўтган.

Халқимизнинг «қўшнинг тинч, сен тинч» мақолидан келиб чиққан ҳолда фикр юритадиган бўлсак, шубҳасиз, Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият биз учун ҳам долзарблигини йўқотмай, доим диққат-эътиборимизда бўлиб келган. Шу билан бирга, Биринчи Президентимиз И.Каримов ҳам давлатимизнинг ҳозирги раҳбари Ш.Мирзиёев ҳам ўз чиқиш ва нутқларида бу мамлакатда бўлаётган воқеа-ҳодисалар бўйича фикр ва ёндошувларини билдириб келганлар. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Афғонистон масаласи биз учун ҳам ҳамиша долзарб бўлиб қолади.

Таҳлилчи ва мутахассисларнинг фикрлари асосида хулоса қиладиган бўлсак, агар НАТО ҳақиқатдан ҳам бу мамлакатда ҳарбийлар сонини оширадиган бўлса, бу қарор келажакда Марказий Осиё минтақаси хавфсизлигини янада кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Аброр ИБРАГИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
матбуот хизмати етакчи мутахассиси.

НАТОга аъзо мамлакат раҳбарларининг учрашув якунлари was last modified: Июнь 5th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »