ПРЕСС РЕЛИЗ

23 Июнь, 12:11 • Пресс-релизлар • 151 марта кўрилди • Комментариев к записи ПРЕСС РЕЛИЗ нет

Жамиятимизнинг барча жабҳалари қаторида сиёсий партиялар фаолиятини ҳам оммавий ахборот воситаларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боисдан ҳар йили 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига алоҳида эътибор кўрсатилиб, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш яхши анъанага айланган.

Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” Сиёсий Кенгаши томонидан партия фаолиятини ОАВ орқали ёритиб келаётган энг фаол журналистларни тақдирлаш мақсадида “Куч – адолатда” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 23 июнь куни пойтахтимиздаги ушбу кўрик-танловнинг бу йилги ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, ҳудудий Кенгашлар матбуот котиблари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаров таклиф этилган барча журналистларни касб байрами билан қутлар экан, партиянинг ғоя ва мақсадлари, амалга оширган ишларини кенг жамоатчиликка намоён этишда оммавий ахборот воситалари асосий ўрин эгаллашини, партия фаолиятини холис ва ҳаққоний ёритиш, унга таҳлилий назар ташлаш, барча бўғинлардаги энг сўнгги янгиликлардан аҳолини бохабар этишда журналистлар меҳнати таҳсинга лойиқ эканлигини эътироф этди.

Партия раҳбари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда ҳам оммавий ахборот воситаларининг роли муҳим эканлигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳар доим жамият тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савиясининг шаклланишида асосий воситалардан бири бўлиб келган. Шу боисдан, Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари тизимида уларнинг ролини кучайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Агар 1991 йилда мамлакатимизда 395 та оммавий ахборот воситаси фаолият олиб борган бўлса, мустақиллик йилларида яратилган кенг шароитлар туфайли оммавий ахборот воситаларимизнинг сони ҳозирда 1500 дан зиёдни ташкил этмоқда. Бугун республикамизда ОАВ тўққизта тилда нашр этилади ва эфирга узатилади. Республикамизда айниқса, нодавлат ОАВ тез ривожланмоқда. Телеканал, радиоканаллардан ташқари веб-сайтлар ҳам ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Конституциясида матбуот ва сўз эркинлигини таъминловчи қоидаларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани ОАВ чинакам эркин фаолият юритишининг ҳуқуқий кафолати бўлиб, улар жамиятнинг янгиланиши жараёнида муҳим аҳамият касб этаётир.

Энг муҳими бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар руҳига мос равишда оммавий ахборот воситаларининг ҳам фаоллашгани сезилмоқда. Айниқса, бугун матбуот нашрларида, телевиденияда ва интернет сайтларида жамиятимиздаги камчилик ва муаммолар ҳақида очиқ гапириш, танқидий мулоҳаза юритиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахсларига олдига аниқ масалаларни қўйишдек шаффоф ёндашувга гувоҳ бўлаяпмиз. Пойтахтимизда фаолият бошлаган Халқаро пресс-клуб миллий ахборот маконини ривожлантириш, мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақида халқаро жамоатчиликни тезкор ва холисона хабардор этиб бормоқда. Янги медиа-маконда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутасаддилари жамоатчиликка ҳисобот беряпти, экспертлар ва журналистлар билан фикр алмашмоқда. Бу тадбирлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлигини, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлари мувозанатини таъминлашга ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишга хизмат қилмоқда..

Тадбир доирасида партия фаолиятини тарғиб қилувчи энг яхши журналистик материал учун “Куч — адолатда!” республика кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди. Кўрик-танлов ташкилий комиссиясига партия фаолиятини фаол ёритиб келаётган 60 нафарга яқин ижодкорлардан жами 720 та материал келиб тушди.

Кўрик-танлов якунларига кўра телевидение, радио, матбуот ва интернет йўналишларидаги энг яхши журналистик материаллар муаллифлари партиянинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Байрамона руҳда ўтган тадбир журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий вазифаларининг амалдаги ифодаси бўлди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »