Сиҳатгоҳдаги сафдошларимиз намунаси

1 Июнь, 20:11 • БПТ, Наманган вилояти, Янгиликлар • 210 марта кўрилди • Комментариев к записи Сиҳатгоҳдаги сафдошларимиз намунаси нет

Мамлакатимизда фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ҳақида ғамхўрлик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда ҳам тиббиёт соҳасида кенг миқёсли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам фикримиз далилидир. Мазкур йўналишдаги хайрли ишларга жойларда Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Бутун мамлакатга машҳур дам олиш масканларидан бири – замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган “Косонсой” санаторийси жамоаси таркибида ҳам партиядошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Чотқол тоғининг ён бағирларидаги хушманзара жойда қўним топган ушбу сиҳатгоҳда ҳар йили минглаб юртдошларимиз ҳордиқ чиқариб, ўз саломатликларини тикламоқдалар. Малакали врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари таянч-ҳаракат, юрак-қон томир, асаб тизимлари, нафас йўлларида учрайдиган ва қатор бошқа хасталикларни даволаш бўйича самарали иш олиб бормоқдалар. Даволаш жараёнларида шу ернинг ўзидан чиқадиган маъданли сувнинг шифобахш хусусиятларидан ҳам кенг фойдаланилаётгани диққатга сазовордир. Бу ерда тиббий муолажалардан ташқари дам олувчилар учун ранг-баранг маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилади.

  – Жамоамиз мижозларга намунали хизмат кўрсатишни ўзининг энг муҳим ва биринчи даражали вазифаси деб ҳисоблайди, — дейди тажрибали шифокор Нўъмонжон Мўйдинов. – Ўндан ортиқ врачлар, қирқ нафардан зиёд ҳамширалар ва кўплаб бошқа ходимлар дам олувчиларнинг кўнглини олиш учун тинимсиз изланадилар. Дам олувчиларнинг сиҳатгоҳдан саломатликларини тиклаб, яхши кайфиятда уйга қайтишлари биз учун энг юксак мукофот ҳисобланади.

 Бир неча йилдирки, санаторийда “Адолат” СДПнинг бошланғич ташкилоти фаолият олиб боради. Сиҳатгоҳдаги сафдошларимизга ҳамшира Басидахон Абдуллаева етакчилик қилади. БПТ ўзининг чиройли жиҳозланган хонасига эга. Партиядошларимиз бу ерда тез-тез тўпланиб, даволанувчиларга тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш, ҳамкасбларнинг жамоатчилик ишларидаги фаоллигини ошириш масалаларини муҳокама этиб турадилар. Албатта, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги янгиликлар, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳалардаги ислоҳотларни чуқурлаштириш мақсадида амалга оширидаётган тадбирлар юзасидан ўзаро фикр алмашадилар. Дам олувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш, бу борада партиямиз аъзоларининг намуна кўрсатишига эришишни таъминлаш ҳам доимо диққат марказида. Бу борада врачлардан Нўъмонхон Мўйдинов, Гулбарра Қурбонова, ўрта тиббиёт ходимларидан Маҳбубда Жабборқулова, Валижон Қосимов, Маҳфуза Одилова, Фарида Аҳмелова, Исломжон Бозоров ҳамиша бошқа ҳамкасбларига ўрнак.

Санаторий меҳнат аҳлининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари юфори ташкилотлар томонидан юксак даражада баҳоланмоқда. Жамоа Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси бирлашмаси санаторий-курортлар бошқармаси анъанавий тарзда ўтказадиган мусобақада ғолиб чиқиб, биринчи даражали диплом билан тақдирланганди. Шуниси диққатга сазоворки, бу муваффақият барча соҳаларда ютуқларни мустаҳкамлаш учун асос яратди. Натижа эса кутилганидан ҳам зиёда бўлди.

 – Жамоамизнинг меҳнати шундай юқори даражада эътироф этилгани ходимларимизни чексиз руҳлантириб юборди, — дейди “Косонсой санаторийси” МЧЖ раҳбари, “Адолат” СДП аъзоси Абдуллахон Қаландаров. — Биз бундан буён ҳам дам олувчиларга намунали хизмат кўрсатиш учун барча мавжуд имкониятларни ишга солаверамиз. “Халқ билан мулофот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳам барчамизни шунга даъват этади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Сиҳатгоҳдаги сафдошларимиз намунаси was last modified: Июнь 20th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »