Тинчлик ва фаровонлик йўлида ҳамкорлик тарафдоримиз

24 Июнь, 11:07 • Фракция, Янгиликлар • 139 марта кўрилди • Комментариев к записи Тинчлик ва фаровонлик йўлида ҳамкорлик тарафдоримиз нет

Жорий йилнинг 23 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2017 йил 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган Саммити якунлари ва ундаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг маърузаси мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, халқаро муносабатлардаги ҳозирги мураккаб шароитда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, фракция аъзолари жорий йилнинг 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги cаммитида имзоланган ҳужжатлар ва Президентимизнинг сўзлаган нутқида келтириб ўтилган долзарб масалаларни тўла қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Бу Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини кучайтириш ва тинчликсевар ташқи сиёсат тарафдори бўлган “Адолат” СДП дастурий ғояларига тўла мос эканлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Қозоғистон Республикаси раислигида ўтган саммитда ШҲТ ва унинг тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури ва бошқа ҳужжатлар ижроси Саммит доирасидаги муҳокамалар марказида бўлди.

Саммитда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугунги кунда халқаро террорчи гуруҳлар ва бузғунчи кучлар ўз фаолиятида ахборот технологияларини янада кенгроқ қўллаётганини ва бу орқали ёвуз ғояларини ёйиб, ёшларимиз онгини заҳарлаётганини алоҳида таъкидлади. Шу боисдан, Президентимиз ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг фаолияти ва ваколатларини кенгайтиришни, хусусан, ушбу тузилмага глобал ахборот майдонида юзага келадиган таҳдидлар мониторинги ва уларга қарши курашиш ваколатларини беришни таклиф қилди.

Шунингдек, саммитда Президентимиз ўсиб келаётган ёш авлоднинг турли бузғунчи ғоялар ва радикал гуруҳларга қўшилиб кетишининг олдини олишнинг аниқ чораларини қўллаш лозимлиги ҳамда асосий эътиборни маърифатга, ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига қаратиш, уларда билим ва ўз устида ишлашга интилишни шакллантириш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Фракция аъзолари ушбу фикрлар “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган “дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак”, деган ғояга ҳамоҳанглиги билан партия депутатлари ва фаолларининг зиммасига ҳам катта масъулият юклашини таъкидладилар.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар билан биринчи галда савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканлиги, бу борада айниқса, ташкилот доирасида транспорт-коммуникация тизимлари, хусусан, темир йўллар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, бунинг учун ШҲТ давлатлари темир йўл соҳаси раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ташкил қилиш зарурлиги хусусидаги таклифлари ҳам депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти давлатлари билан гуманитар ва ижтимоий соҳаларда ўзаро муносабатларни кенгайтириш, ШҲТнинг савдо ва инвестиция фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасидаги ҳаракатлари, минтақа мамлакатлари иқтисодини барқарор ривожлантириш ва мазкур мамлакатларда истиқомат қилаётган халқларнинг фаровонлигини янада ошириш мақсадидаги трансчегаравий, транспорт-коммуникация, инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳалар тарафдори эканлиги таъкидланди.

Фракция аъзолари Остона саммитида имзоланган муҳим ҳужжатлар, айниқса, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзоси мақомига эга бўлиши Ташкилот имкониятларини янада кенгайтириб, унинг халқаро майдонда долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақа ва дунёда хавфсизлик, барқарор тараққиётни таъминлашда кўп томонлама механизм сифатидаги ролини янада оширишга хизмат қилишини қайд этдилар.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари мамлакатимизнинг Президент Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган изчил прогрессив ташқи сиёсатини ҳамда минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги ташаббусларини жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилишда, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва ушбу Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида белгилаб олинган вазифаларни амалга оширишда, хусусан, қабул қилиниши режалаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик корпусининг фаол иштирокини таъминлашга келишиб олдилар.

Йиғилиш сўнгида муҳокама этилган масала юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати.

Тинчлик ва фаровонлик йўлида ҳамкорлик тарафдоримиз was last modified: Июнь 24th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »