Ҳудудларда дастурий вазифалар ижро этилмоқда

29 Июнь, 13:07 • Аёллар қаноти, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 282 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳудудларда дастурий вазифалар ижро этилмоқда нет

Маълумки, Сайловолди дастуримизда хотин-қизларга тааллуқли қонунчиликни янада такомиллаштириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир ислоҳотларни изчил давом эттириш, хотин-қизлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишларига кўмаклашиш каби муҳим вазифалар белгилаб қўйилган. Ушбу дастурий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 28 июнь куни Фарғона вилояти, Фарғона тумани, 26-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида партиянинг вилоят Кенгаши, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида семинар бўлиб ўтди.

Ушбу ҳамкор ташкилотлар ўртасида имзоланган қўшма қарор асосида таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Семинарда вилоят партия Кенгаши, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки, Фарғона тумани Хотин-қизлар қўмитасининг масъул ходимлари, ОАВ вакиллари ҳамда касб-ҳунар коллежи битирувчилари, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар иштирок этдилар.

Тадбир давомида мутахассислар ёш тадбиркорлар ва аҳолининг кенг қатлами учун яратилган банк хизматлари, улардан фойдаланиш тўғрисида иштирокчиларга керакли маълумотлар бердилар.

Семинарда вилоят партия Кенгаши раисининг ўринбосари Қудрат Маткаримов коллеж битирувчилари билан суҳбат олиб борар экан, дастурий мақсадларимиз қаторидан ўрин олган аёлларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини янада кучайтириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, касбий салоҳиятини ошириш, ижтимоий-сиёсий соҳаларда кўрсатаётган фаолликларини қўллаб-қувватлаш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш — бугунги кун зарурияти эканлигини таъкидлаб ўтди.

Кутилганидек, тадбирнинг асосий қисмида ҳамкорлар томонидан тадбиркорлик йўналишида фаолият олиб боришни мақсад қилган 20 нафар коллеж битирувчиларига умумий миқдори тўқсон миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Хурсаной Каримова, сертификат соҳиби (Фарғона давлат университети битирувчиси):

Бугунги кунда ёшларнинг тадбиркорликка бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, сиёсий фаолликларини ошириш долзарб аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Ҳамкор ташкилотлар томонидан бундай тадбирларнинг тез-тез ташкил этилиши биз каби изланувчан, ташаббускор ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган ойлари давомида банк томонидан мазкур соҳа тараққиёти учун ажратилган микросармоялар касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадларига сарф этилмоқда.

Бу йўналишдаги ислоҳотлар заминида аҳоли фаровонлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришдай эзгу мақсадлар мужассам экан, истиқболли лойиҳалар яна давом этади. Худди шу йўналишдаги тадбир эндиликда вилоятимизнинг Қува туманида ўтказилади.

 

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Ҳудудларда дастурий вазифалар ижро этилмоқда was last modified: Июнь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »