Қувалик ёшларга имтиёзли кредит учун сертификатлар топширилди

30 Июнь, 17:08 • Фарғона вилояти, Янгиликлар • 208 марта кўрилди • Комментариев к записи Қувалик ёшларга имтиёзли кредит учун сертификатлар топширилди нет

Куни кеча касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида партиямиз ҳамда “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида Фарғона туманида ташкилланган семинар бугун Қува туманида ҳам ўтказилди.

Партия лойиҳаларини амалга ошириш баробарида хусусий тадбиркорлик соҳасига қизиққан аёллар ва ёш тадбиркорларимиз ўз бизнес режаларини рўёбга чиқаётганидан мамнун бўлмоқдалар.

Семинарда сўзга чиққан туман партия Кенгаши раиси Шоҳиста Мамажонова имтиёзли кредит талабгорлари бўлган 15 нафар сертификат соҳиби билан уларнинг келгусидаги режалари борасида суҳбатлашди ва ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий соҳаларда ўз фаоллигини намоён қилаётган ёшлар партиямиз томонидан ҳамиша қўллаб-қувватланишини таъкидлаб ўтди.

Дастурга кўра, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки, туман Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари тадбирда иштирок этаётган маҳалла фаоллари, аёллар, ишчилар, тиббиёт соҳаси ходимлари ва педагогларга имтиёзли кредит олишнинг афзалликлари, тадбиркорлик йўналишларини тўғри танлаш, қишлоқ шароитида томорқадан унумли фойдаланиш, бизнес лойиҳалар ишлаб чиқиш ва бошқа ахолини қизиқтирган масалалар тўғрисида ҳуқуқий маслаҳатлар бердилар.

Мирзажонова Шаҳноза, кичик тадбиркор, сертификат соҳиби:

Мен чеварчилик соҳасига қизиққаним боис, ҳозирги кунда “Сўфи” қишлоғимиз аёлларига турли либослар тикиб, оиламга моддий томондан қўлимдан келганча ёрдам бермоқдаман. Эндиликда имтиёзли кредитни оқилона сарфлаб, қишлоғимиз қизларига чеварчиликни ўргатиш, тикувчилик маҳсулотларини сотишни йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Тадбир сўнгида иштирокчилар тумандаги ёш тадбиркорлар ва ҳунармандлар томонидан тайёрланган турли маҳсулотлар тақдимоти билан танишдилар.

Партиямизнинг қизиқарли лойиҳалари асосида ташкил этилган бундай қўшма тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида ҳам ўтказиб келинмоқда.

 

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Қувалик ёшларга имтиёзли кредит учун сертификатлар топширилди was last modified: Июнь 30th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »