Давр талабига ҳамоҳанг ўзгаришлар

5 Июль, 17:19 • Ёш адолатчилар, Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 203 марта кўрилди • Комментариев к записи Давр талабига ҳамоҳанг ўзгаришлар нет

2017 йилнинг 30 июнь куни нафақат Ўзбекистон ёшлари, балки бутун мамлакатимиз халқи учун унутилмас бўлиб қолиши шубҳасиз, Чунки айнан мана шу санада пойтахтдаги муҳташам Симпозиумлар саройида ўтказилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV Қурултойи йигит-қизларимиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Ана шу тарихий анжуманда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилоят ташкилоти раисининг ўринбосари, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Дилноза Акрамова ҳам иштирок этди. Ўзининг Қурултойдан олган таасссуротлари ҳақида у қуйидагиларни сўзлаб берди.

 — Республикамизнинг барча ҳудудидан делегатлар қатнашган тадбирда мен ҳам иштирок этганимдан ниҳоятда бахтиёрман, — дея сўз бошлади Д. Акрамова. —  Анжуманда давлатимиз раҳбари ва бошқалар томонидан билдирилган фикрлар ўзининг долзарблиги ва муҳим аҳамиятга эгалиги, ёшларнигина эмас, бутун жамиятни анчадан бери ўйлантириб келаётган масалаларни қамраб олганлиги учун кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Хусусан, 30 июнни бундан буён Ёшлар куни сифатида нишонлашга қарор қилингани ҳаммамиз учун ажойиб воқеа бўлди. Навқирон авлодга кўрсатилаётган бундай улкан эътибор ҳаммамизнинг кўнглимизни кўтардарди. Қурултой қатнашчиларидан ким билан гаплашмайин, барча ўзининг Президентимиз нутқидан ниҳоятда таъсирланганини изҳор этди. Бу эса келгусида амалга ошириладиган кенг кўламли ишларда ҳар бир инсонга қўшимча куч ва ғайрат бағишлаши аниқ.

 Қурултойда мамлакатдаги ўн миллиондан зиёд  ёшларнинг ҳаёти ва фаолиятига, бугунги куни ва келажагига келажагига бевосита дахлдор масалалар ҳақида гап борганлиги диққатга сазовордир. Президентимиз таъкидлаганидай, ёшларнинг янги ташкилоти ҳақида сўз юритилар экан,  амалга ошириладиган  ўзгаришлар ҳар томонлама чуқур ўйлаб иш тутишни, етти ўлчаб, бир кесишни талаб этади. Бу борада аввало бўлғуси ташкилотнинг ҳуқуқий мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, унинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини, обрў-эътиборини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги тўғрисидаги мулоҳазалар ҳам ниҳоятда ўринлидир.  Президентимиз таклифига кўра  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбари айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб боришини ҳуқуқий асосда белгилаб қўйилиши,  у Президент фармонига биноан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланиши ҳам эътиборга молик. Ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги кенгаши раиси Республика Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг раҳбарлари эса тегишли ҳокимларнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланиши ҳам жуда катта аҳамиятга эга..

“Бугун сизларнинг қалбингиз, юрагингиздаги ўй-фикрлар, мақсад-муддаолар, керак бўлса, ушалмай турган ниятлар билан яқиндан танишиш, шу асосда ёшлар сиёсати бўйича олиб бораётган ишларимизни танқидий баҳолаб, тегишли қарорлар қабул қилишни мен ўз фаолиятим учун ғоят муҳим деб ҳисоблайман”, деган фикрлари дарҳол қалбимга муҳрланди. Буни давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга билдирган юксак ишончи сифатида баҳоладим.

Анжуманда қизлар тарбиясига оид кўплаб фикрлар билдирилгани “Адолат” СДП вилоят кенгаши Аёллар қаноти кенгаши раиси сифатида менга ҳам қаттиқ таъсир қилди. Чиндан ҳам улар билан ишлашни янада такомиллаштириш,  бу борада бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик энг муҳим вазифа ҳисобланади. Жумладан, қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг истеъдод ҳамда қобилиятини юзага чиқариш ҳақида ғамхўрлик кўрсатишни унутмаслик даркор. Қани энди, айлларимиз орасидан янада кўпроқ раҳбарлар, жамоат арбоблари, ижодкорлар кўпроқ етишиб чиқса! Бу масалаларни ҳал этишда қизлар учун нашр этиш мўлжалланаётган янги журнал ҳам катта аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

Қисқаси, анжуманда Президентимиз томонидан айтилган ҳар бир сўз навқирон авлоднинг бахтли келажаги ҳақидаги ғамхўрлик билан суғорилганди, десам муболаға бўлмас. Мана бу фикрлар ҳам шундан далолат беради: “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг обрўси ва таъсирини ошириш учун мамлакатимизда ёшлар манфаатини таъминлашга қаратилган ишларда унинг иштирокини ҳар томонлама кенгайтириш зарур. Ёшлар, ёш оилалар учун шахсий уй-жойга эга бўлиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, биз бу йўналишда бошлаган ишларимизни изчил давом эттиришимиз керак. Барча туман ва шаҳарларда, жумладан, чекка ҳудудларда “Ёшлар уйлари”ни қуриш бўйича тўрт йиллик аниқ режа ишлаб чиқиш ва 2018 йилдан уни бажаришни бошлаш лозим”.

Албатта, бундай юксак эътибор ёшларни юксак марраларни забт этишга даъват этади. Биз мамлакатни модернизация қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга камарбаста бўламиз, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшамиз, — дея ўз сўзини якунлади Дилноза Акрамова.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Давр талабига ҳамоҳанг ўзгаришлар was last modified: Июль 5th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »