Долзарб қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида

31 Июль, 11:02 • Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 222 марта кўрилди • Комментариев к записи Долзарб қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган йиғилишда бир қатор долзарб қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари дастлаб “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда, юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат органларига мурожаатлари 2014 йилда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Бироқ, ушбу қонун соҳадаги умумий масалаларни тартибга солса-да, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашдаги ҳуқуқий механизмларни тўлиқ очиб бермаган. Яъни, амалдаги қонунда фақат давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига келиб тушаётган мурожаатлар билан боғлиқ муносабатларгина тартибга солинган.

Ваҳоланки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш натижалари одамларни ўйлантираётган аксарият муаммолар нафақат давлат органлари, балки давлат органлари тизимига кирмайдиган ташкилотлар фаолияти билан ҳам алоқадорлиги маълум бўлмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги қонунда “ишонч телефонлари” орқали мурожаатлар, видеоконференц алоқа ёрдамида фуқароларни қабул қилиш ва жойларга чиқиш каби замонавий ҳамда интерактив услубларни жорий қилишга қаратилган нормалар белгиланмаган. Қолаверса, қонунда “халқ қабулхоналари” ва “виртуал қабулхоналар”, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Виртуал Қабулхоналари тизими билан боғлиқ мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги янги демократик институтлар ҳам назарда тутилмаган.

Таклиф этилаётган янги таҳрирдаги қонун амалиётдаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш соҳасидаги муносабатларнинг анча тўлиқ тартибга солинишини назарда тутади.

Қонун лойиҳаси билан “мурожаатни кўриб чиқишни тўхтатиш” процессуал ҳаракати ҳамда “мурожаатга жавобни тушунтириб ўтиш ва уни тўғрилаш” институти жорий қилинаётгани унинг энг муҳим янгиликларидан ҳисобланади..

Фракция аъзолари ҳар қандай мурожаат ортида инсон тақдири мужассам эканлигини, янги қонун лойиҳаси жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишда замонавий иш услубларни жорий қилиш ҳамда соҳадаги муносабатларни тартибга солишни такомиллаштириши ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилиши билан “Адолат” СДП дастурий ғояларига ҳамоҳанг эканлигини таъкидладилар. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жихатдан маъқулланди.

Шунингдек, Президентимизнинг шу йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида янги ташкил этиладиган Бизнес омбудсманга тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш ҳамда давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш каби ваколатларни бериш назарда тутилмоқда.

Қонунга мувофиқ тадбиркорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Вакил давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан мустақил равишда ўз фаолиятини эркин амалга оширади. У фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида ҳисобдор саналади.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан тадбиркорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Вакилни лавозимга тайинлаш ва озод қилиш тартиби, шунингдек унинг асосий ваколатлари ҳамда фаолият йўналишлари белгилаб берилмоқда.

Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси билан ташкил этилаётган янги институт тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши билан “Адолат” СДП дастурий мақсадларига мос келишини қайд этдилар ва уни маъқулладилар.

Йиғилишда “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасининг мақсади болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш ва ахборот олиш кафолатларини таъминлаш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш, болаларни бузғунчи, уларнинг руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигига зиён етказувчи ахборот тарқатилишининг олдини олиш, чеклаш ва (ёки) тақиқлашга қаратилган.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда ёшларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш партия Сайловолди дастурида устувор вазифа этиб белгилангани ҳамда таклиф этилаётган қонун лойиҳаси мазкур дастурий мақсадларга тўла мос эканлигини қайд этдилар ва уни концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

Шунингдек, йиғилишда “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди ҳамда муҳокама этилган мазкур қонун лойиҳалари юзасидан фракциянинг “Адолат” СДП позициясидан келиб чиқувчи нуқтаи назари белгилаб олинди.

Партия матбуот хизмати.

Долзарб қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида was last modified: Июль 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »