Кенг имкониятлардан унумли фойдаланайлик

9 Июль, 15:19 • Ёш адолатчилар, Муносабат, Янгиликлар • 236 марта кўрилди • Комментариев к записи Кенг имкониятлардан унумли фойдаланайлик нет

Юртимизда айни вақтда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини, яъни ҳуқуқий демократик давлат қуришдек эзгу мақсадимизни аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ёшларга бўлган эътибор тубдан кучайди. Хусусан, мустақилликнинг илк кунларида юртимизда ёшларга оид бир қанча қонунлар қабул қилинди. Унда ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсади ва вазифалари қатъий белгилаб қўйилди. Ўтган давр мобайнида ёшларга доир яна қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, изчил равишда ҳаётга татбиқ қилинди.

Шу билан бирга, бугунги давр талаби бу борадаги ишларни қайта кўриб чиқиш ва ёшлар сиёсатига қаратилган ислоҳотларимизни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” номли нутқида давлатимизнинг ёшлар сиёсатини амалга оширишда бир қанча устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, аниқ тизим бўйича иш олиб борадиган, ёшларнинг қизиқиш ва интилишларини рўёбга чиқарадиган, уларнинг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бутунлай янги ташкилот Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши том маънода биз ёшларни қувонтириб юборди. Бу мустақил Ватанимиз тараққиёти ва истиқболи, ёруғ келажагига ҳисса қўшишдек эзгу мақсадларимиз йўлида ўзимизга бўлган ишончнинг янада ортишига сабаб бўлди.

Давлатимиз раҳбари ўсиб келаётган ёш авлод шаклланишига ўз ҳиссасини қўшишдек масъулиятли вазифани адо этадиган барча ташкилот ҳамда муассасалар давлатнинг кўмаги ва қўллаб-қувватлашисиз замонавий талаблар даражасига кўтарила олмаслигига алоҳида эътибор қаратди. Шу маънода Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган, Президентимиз таъбири билан айтганда, “социал лифт” вазифасини бажариши лозимлиги эса билимли, ташаббускор ва ташкилотчи, фидойи ёш раҳбарларнинг етишиб чиқишига замин яратади.

Шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатининг изчиллиги ва хусусий ташаббусларнинг кучайиши таълим тизимида ҳам ўз аксини топаётганлигини қайд этиш зарурдир. Бу борада қўлига диплом олиб, мустақил иш бошлаётган ёшларимиз учун ҳам қўшимча имтиёзлар доирасида турли имкониятлар яратилмоқда. Яъни, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларини тамомлаб, биринчи марта ишга жойлашган битирувчилар таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган бўлса, уларнинг иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи биринчи йили 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йилларда эса 25 фоиз камайтирилиши ёшларга маълум соҳада фаолият бошлашида катта рағбат вазифасини ўтайди.

Анжуманда интернет ва бошқа замонавий ахборот манбаларининг ўрни ва аҳамиятини инкор этмаган ҳолда, бугунги кунда мамлакатимизда китобхонлик савиясини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилаётганига қарамай кўплаб ёшларимиз китобдан узоқлашиб, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани хусусида ҳам сўз юритилди. Шуни ҳисобга олган ҳолда давлатимиз раҳбари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Интернет тизими орқали маънавий тарғибот ишларини, жумладан, электрон китобхонликни кучайтириши зарурлигини белгилаб берди. Сабаби ёшларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига йўл қўймаслигимиз зарур. Нега деганда, глобаллашув жараёнида оммавий маданиятнинг салбий таъсирларидан аввало уларни асраб-авайлаш, ёшларни миллий маънавиятимизга бегона бўлган зарарли ғоя ва мафкуралардан ҳимоя қилиш орқали уларни комил инсон этиб тарбиялашга қаратилган эзгу мақсадлар биз ёшларга қанот бағишлайди.

Шу маънода Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда сиёсий партиялар ҳам ҳаётда қоқилган ёки ёмон муҳитга тушиб қолган ёшларни тўғри йўлга, эзгу мақсадга даъват қилиш, ишонтириш борасида тинимсиз ишлаши зарурлигини биз “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари яна бир карра англаб олдик.

Анжуманда таъкидланган ҳаётий ва долзарб масалалар ва устувор вазифалар биз ёшларнинг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда ўз ўрнимиз борлигини кўрсатиши баробарида бизга улкан масъулият ҳам юклайди. Шундай экан, барчамиз яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз, аждодларимизга муносиб авлод сифатида Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳисса қўшишга бутун куч ва салоҳиятимизни сафарбар этмоғимиз зарур.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли.

Кенг имкониятлардан унумли фойдаланайлик was last modified: Июль 9th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »