Оила-муқаддас гўша

31 Июль, 18:12 • Аёллар қаноти, Давра суҳбати, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 37 марта кўрилди • Комментариев к записи Оила-муқаддас гўша нет

У нафақат ҳаёт абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган гўша, балки давлат ва миллат келажагини белгилайдиган қўрғон ҳамдир. Ана шу муқаддас қўрғоннинг тинчлиги, осойишталиги, фаровонлиги кўп жиҳатдан катталарга боғлиқ. Унда янги ҳаётга қадам қўйиб, ширин ҳаёллар оғушидаги икки ёшга йўл-йўриқ, ўгит насиҳат берувчилар эса ота-она, маҳалла-куй саналади. Лекин, айрим оилаларнинг ҳаётнинг баъзи қийинчиликларига бардоши етмай бузилиб кетаётгани, бунда айниқса, катталарнинг ҳам ҳиссаси борлиги эса ачинарли ҳолдир. Оила аъзоларини муросага келтириб, қайтадан яраштириш, қўни-қўшни қариндош–уруғ, айниқса, қайнона-келин ўртасидаги низоларни бартараф этиш осон кечмайди. Бунда эса кўпни кўрган онахонларнинг ҳаётий тажрибалари-ю, ўгитлари қўл келади.

Шу мақсадларни кўзлаб Денов туманида Сурхондарё вилоят ҳокимлиги Хотин-қизлар қўмитаси, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари, “Фахрий аёллар” уюшмаси, вилоятдаги барча партиялар “Аёллар қаноти” Кенгаши раислари, соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари, МФЙ раислари ва маслаҳатчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамкорликда “Ҳаёт мазмуни-умр сўқмоқлари” мавзусида семинар ўтказилди.

Ушбу тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Мавлуда Умаржановна Қобулова очар экан, тадбирни ўтказишдан асосий мақсад баъзи бир қийинчиликлар сабаб ўзаро келишмовчиликлар юзага келган оилаларни, низоли ҳолатларга бориб қолган ёш-келин куёвларни яраштириш, ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмаклашиш ва фойдали меҳнатга жалб қилиш, уйда бўш ўтирган хотин-қизларни, уй бекаларини тикувчилик, касаначилик билан шуғуллантириш каби масалаларни ҳал этишдан иборатлигини тушунтириб ўтди.

Тадбирда Термиз шаҳар Хотин қизлар қўмитаси раиси Робия Каттаева, “Фахрий аёллар” уюшмаси аъзоси Тожигул Давронова, вилоятдаги барча партияларнинг “Аёллар қаноти” Кенгаши раислари сўзга чиқиб, бугунги кунда оилани мустаҳкамлаш, оилада соғлом авлоднинг шакллантириш мақсадида мамлакатимиз раҳбари томонидан бир қатор ислоҳотлар олиб борилаётганлиги ва у юқори кўрсаткичларда турмушимизда ўз амалий тасдиғини топаётганлигини тадбир қатнашчиларига таъкидлаб ўтдилар.

Дилрабо Нармуратова, Ўзбекистон “Адолат” СДП “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси:

Вилоятимизда оилавий ажримлар сони жиҳатидан туманлар орасида Денов туманида кўрсаткичлар бироз юқори даражадалилигича қолмоқда. Ажримлар сони ўтган йилнинг олти ойида 142 тани ташкил этган бўлса, бу йил олти ойлигида 149 тани ташкил қилмоқда. Туманда ёлғиз оналар сони бошқа туманларга нисбатан 20 фоизга кўпни ташкил этаяпти. Ана шу масалалрга ечим топиш мақсадида семинар доирасида очиқ суд мажлисини ташкил қилиниб, унда туманнинг «Боғишамол” маҳалласидан бешта оилавий ажримлар кўриб чиқилди.

Ҳали ҳаётнинг паст-у, баландини тушунмаган бу ёш оилаларнинг бузилиб кетишининг олдини олиш учун “Фахрий аёллар” уюшмасидан кўпни кўрган мўътабар онахонларимиз, маҳаллаларнинг обрўли аёллари маърузалар қилишиб, ўз насиҳатларини беришди. Ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, ёш оилаларга йўл-йўриқлар кўрсатишди.

Оилани фаровон бўлиши кўп жиҳатдан эр-хотинга боғлиқдир. Семинарда сўзга чиққанлар тўкин-сочин ҳаёт учун қилинган съай-ҳаракатлар бир кун ўз натижасини беришини таъкидладилар. Ёш оилаларга сабр билан ҳалол меҳнат қилиб яшаш келажакда фаровон ҳаёт гарови эканлиги уқтирилди. Натижада аксарият оилалар яраштирилди.

Тожигул Давронова, вилоят “Фахрий аёллар” уюшмаси аъзоси:

Соғлом оилани мустаҳкамлаш бугун мамлакатимизда сиёсат даражасига кўтарилган энг асосий масалалардан биридир. Эр-хотин фарзандлар ўртасидаги муҳитнинг уйғунлиги оилада мустаҳкам муносабатни вужудга келтиради.

Ушбу тадбирни ташкил этишдан яна бир мақсад оила қурувчи ёшларнинг ҳуқуқий сиёсий, ижтимоий-иқтисодий билимларини ошириш, ёшларда аждодларимиз меросига ҳурмат, миллий урф-одат ва анъаналаримизни, оиланинг муқаддаслигини тушунтириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оила қонунчилиги, тиббий кўрикнинг моҳияти, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ҳар қандай қийинчиликлардан чиқишга йўл топа оладиган шахсларни, бўлажак ота-оналарни тарбиялаш каби бир қатор хайрли мақсадлар кўзланган.

Тадбир якунида қатнашувчилар ўзлари қизиқтирган саволларга маърузачилар томонидан батафсил жавоблар олишди. Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган ушбу семинар барчада чуқур таассурот қолдирди.

Оила-мўъжаз жамиятдир. Зеро, бутун бир инсоният, жамиятнинг дахлсизлиги ҳам унинг жипслигига боғлиқдир. Шундай экан, оилаларнинг мустаҳкам бўлиши учун барчамиз бирга съай-ҳаракатлар олиб бормоғимиз зарур.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »