Қонун лойиҳаси – жамоатчилик эътиборида

27 Июль, 12:03 • Бухоро вилояти, Давра суҳбати, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 105 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонун лойиҳаси – жамоатчилик эътиборида нет

Куни кеча Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси «Адолат» СДП депутат ва эксперлари томонидан Бухоро шаҳрида кўриб чиқилди.

Маълумки, жорий йилнинг 12 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан Президентимизнинг видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда давлатимиз раҳбари парламент фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб берди. Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимиз раҳбарининг маърузасида қайд этилган вазифаларни амалиётга тадбиқ этиш депутатлик корпусининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, қабул қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳасини жамоатчиликни кенг жалб этган ҳолда атрофлича муҳокама қилиш, фуқаролардан келиб тушаётган таклифларни инобатга олган ҳолда уларни маромига етказиш қонун ҳужжатларининг халқчиллигини таъминловчи муҳим омил саналади. Шу нуқтаи назардан, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилишдан олдин қатор жамоатчилик муҳокамалари ташкил қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Бухоро вилоят Кенгашида ҳам олим ва мутахассислар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларини жалб этган ҳолда мазкур қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси тақдим этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Адолат” СДП фракциясининг раҳбари Наримон Умаров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракциясининг аъзоси Қодир Жўраев, “Адолат” СДПнинг Бухоро вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раислари ҳамда партиянинг фаол аъзолари, халқ депутатлари Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, жамоатчилик вакиллари, экспертлар иштирок этдилар.

Ушбу жамоатчилик муҳокамасида ҳар бир қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз вақтида ижрочиларга етказилиши, аҳолига ушбу қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтирилишини сифатли таъминлаш, ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг самарали, яҳлит тизимини ва механизмини яратиш, ҳозирги шароитда аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, жамиятда ҳуқуқий саводхонлик, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражасини янада юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ишларнинг самарасини ошириш зарурлиги сабабли ушбу қонунни қабул қилиш зарурати туғилганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, қонун лойиҳасида бир қатор муҳим нормалар назарда тутилганлиги қайд этилди. Жумладан, ушбу қонунда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашнинг асосий тушунчалари, тамойиллари, ҳуқуқий ахборотни тарқатишни амалга оширувчи ва ундан фойдаланилишини таъминловчи органлар ва муассасалар ваколатлари, шунингдек, Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланганлиги, ахборот-кутубхона ва таълим муассасалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашдаги ўрни ҳамда иштироки, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тартиби, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишни таъминлаш тартиби ва механизми очиб берилганлиги таъкидланди.

Дилбар Ҳамдамова, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати:

Ушбу қонун лойиҳаси билан танишиб бориш нафақат жамоат ташкилотлари, балки барчамиз учун энг муҳим ва долзарб вазифадир. Сўнгги пайтларда турли бўғинлдаги депутатларнинг ўзаро ҳамкорлик самарадорлиги ошмоқда. Агар бу ҳамкорлик доирасида ҳар бир қонун лойиҳаси билан танишиб борилса, албатта, маҳаллий Кенгаш депутатларининг саводхонлиги ошади. Мен Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қандай қонун лойиҳаси кўрилса партия ходимларининг саводхонлигини оширишга хизмат қилиши учун партияларга етказилиши таклифини берар эдим.

Ушбу қонун лойиҳасининг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, қонун лойиҳаси ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасида ривожланган демократик давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Хусусан, лойиҳада Европа Иттифоқи мамлакатлари (Германия, Бельгия, Португалия, Франция, Швейцария ва бошқалар), Буюк Британия, АҚШ, Россия, Белорусия ва бошқа давлатларнинг ушбу соҳадаги қонунчилик тажрибаси инобатга олинди.

Йиғилишда иштирок этганлар мазкур қонун лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини ҳамда қатор таклифларини илгари сурдилар.

Йиғилиш якунида партиянинг вилоят Кенгаши томонидан бу каби муҳокамалар жараёнида билдирилган таклифларни умумлаштирган ҳолда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига тақдим этишга келишиб олинди.

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матубот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »