Қозоғистон Республикаси Парламенти

4 Июль, 16:26 • Дунё парламентларида, Янгиликлар • 158 марта кўрилди • Комментариев к записи Қозоғистон Республикаси Парламенти нет

Қозоғистон Республикаси Парламенти икки палатали бўлиб, юқори палатда 47 та, қуйи палатада 107 та депутат фаолият юритади.

Мустақил Қозоғистон Республикаси Парламенти 1995 йил 30 августда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги Конституцияга биноан икки палатали асосда ташкил топган.

2007 йилнинг августида Қозоғистон Парламентининг қуйи палатасига сайловлар бўлиб ўтди. Мазкур сайловларда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбаев бошчилигидаги “Нур Отан” партияси 88,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Қолган партиялар тўплаган умумий овозлар сони 7 фоизга ҳам етиб бормади.

Мамлакат Президентининг 2011 йил 16 ноябридаги “Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлисини тарқатиб юбориш ва депутатликка навбатдан ташқари сайловлар ўтказиш тўғрисида” фармонига кўра қуйи палата тарқатиб юборилди ва 2012 йилнинг 15 январида сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган депутатликка номзодлар рўйхатга олинди. 16 январда эса Қозоғистон халқ Ассамблеясидан номзодлар кўрсатилди. Натижада “Нур Отан” партиясидан 83 та, “Ак жол” партиясидан 8 та, Қозоғистон халқ коммунистик партиясидан 7 та, Қозоғистон халқ Ассамблеясидан 9 та, жами 107 та депутат Парламент Мажлисига сайланди.

Шу тариқа мустақил Қозоғистон Республикаси Парламенти шаклланди. Ҳозирда Парламент икки палатадан, Сенат ва Мажлисдан иборат.

Сенат аъзолари (юқори палата) вилоятлар, шаҳарлар ва пойтахт давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан овоз бериш йўли билан ҳар бир вилоятдан 2 кишидан, Қозоғистон Республикаси аҳамиятига молик шаҳар пойтахт депутатларидан сайланади. Сенатнинг ўн беш нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Қозоғистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади. Сенатнинг 50 фоиз аъзолари ҳар уч йилда қайта сайланади. Сенат аъзоларининг ваколат муддати — олти йил.

Сенат Раиси Сенат таркиб топганидан кейинги биринчи мажлисда Қозоғистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Сенат аъзолари орасидан яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Сенат ваколати муддатига сайланади. Сенатда депутатлар сони 47 тани ташкил этади.

Мажлис (қуйи палата) бир юз етти депутатдан иборат. Қуйи палатанинг тўқсон саккиз депутати сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Мажлиснинг тўққиз депутати Қозоғистон халқ Ассамблеясидан сайланади.

Ҳозирда мамлакатда 6 та сиёсий партия расмий рўйхатдан ўтган бўлиб, депутатлар Мажлисга айнан шу партиялар томонидан номзод сифатида кўрсатилади. Улар қуйидагилар:

  1. Умуммиллий социал-демократлар партияси
  2. “Нур Отан” партияси
  3. “Бирлик” партияси
  4. “Ак жол” Қозоғистон демократик партияси
  5. “Ауыл” халқ ватанпарвар демократик партияси
  6. Қозоғистон коммунистик халқ партияси

Мажлис раиси Мажлис таркиб топганидан кейинги биринчи мажлисда депутатлар орасидан Мажлис депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан Мажлис ваколати муддатига сайланади.

Шуни таъкидлаш лозимки, 1995 йил 30 августда ўтказилган умумхалқ рефрендумида айнан Қозоғистон Республикаси Конституциясида биринчи бор “Парламент” тушунчаси расмий тарзда тилга олинган. Шундан сўнг мамлакат Президенти Н.А.Назарбоев “Қозоғистон Республикаси сайловлари тўғрисида” фармонига имзо чекди. Мазкур фармонга асосланган ҳолда 1995 йил охирида икки палатали Парламентга депутатлик сайловлари бўлиб ўтди. Бу эса ўз навбатида кейинги сайлов жараёнларига асос бўлиб хизмат қилди ва ҳозирда ушбу жараёнларнинг ривожини кўришимиз мумкин.

Хусусан, Қозоғистон Парламент Мажлисига охирги сайловлар 2016 йил 20 мартида ташкил этилди. Унда 6 та сиёсий партия иштирок этиб, улардан 7 фоиздан ортиқ овоз тўплаган 3 партия Парламент Мажлиси таркибига киритилди. Улар:  “Нур Отан” партияси (82,20 фоиз), “Ак жол” Қозоғистон демократик партияси (7,18 фоиз) ҳамда Қозоғистон коммунистик халқ партиясидир (7,14 фоиз).

“Нур Отан” партиясидан 84 та, “Ак жол” Қозоғистон демократик партиясидан 7 та, Қозоғистон коммунистик халқ партиясидан 7 та ҳамда Қозоғистон халқ Ассамблеясидан 9 та депутат Парламент Мажлисида фаолият юритмоқда.

Сайловлардан сўнг Мажлис раиси этиб, “Нур Отан” партияси вакили сифатида депутатликка ўз номзодини кўрсатган Бактыкожа Измухамбетов сайланди. Бироқ, у 2016 йил июнида ўз ваколатини тўхтатди. Шундан сўнг раис этиб унинг партиядоши Нурлан Нигматулин сайланди.

Мажлиснинг янги таркибида: эркаклар 78 (73 фоиз), аёллар 29 (27 фоиз) ни ташкил этади. Улардан 34 (32 фоиз) депутат доктор ва номзодлик илмий даражасига эга.

Мажлиснинг миллий таркибини қозоқ, рус, украинлар, шунингдек, арман, корейс, ўзбек, уйғур, чечен ва бошқа миллатлар ташкил этади. Бу эса ўз навбатида Қозоғистон Парламентининг кўп миллатлилик ва миллатлараро бағрикенглик тамойили асосида фаолият юритишини кўрсатиб келмоқда.

 

Интернет маълумотлари асосида
Ш.Сайфутдинов тайёрлади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »