Салоҳият ва имконият етарли: нега ундан оқилона фойдалана олмаяпмиз?

24 Июль, 14:29 • Депутат минбари, Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 351 марта кўрилди • Комментариев к записи Салоҳият ва имконият етарли: нега ундан оқилона фойдалана олмаяпмиз? нет

Жорий йилнинг 21 июль куни халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзуидаги маърузасида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш тўғрисида сўзга чиқди.

Тўғриси, кун тартибидаги ушбу маъруза юзасидан музокараларда мен ҳам иштирок этдим. “Адолат” СДП аъзоси сифатида сессияда ўз нуқтаи назаримни билдирдим.

Ушбу маърузани тинглар эканман, ҳақикатдан ҳам вилоятимиз сиёсий ижтимоий, иқтисодий ҳаётида кейинги йилларда бир қатор ютуқларга эришилди. Шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг Парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари иш фаолияти, истиқболдаги вазифаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси барча жабҳада бўлгани каби бизнинг вилоятимизда хусусан, “Адолат” СДП ташкилотларида ҳам кенг ўқиб ўрганилмоқда. Ушбу тарихий маърузадан келиб чиқадиган устувор вазифаларни белгилаб олаяпмиз. Юртбошимиз алоҳида таъкидлаб ўтганларидек бугун давр шиддат билан ўзгариб бормоқда. Шундай экан, биз партия фаоллари унга ҳамоҳанг равишда иш услубимизни тубдан қайта кўриб чиқишимизни даврнинг ўзи тақозо этаётир. Бугун эскича, самарасиз тарғибот-ташвиқот усулларидан мутлақо воз кечиш пайти келди.

Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, Президентимизнинг видеоселектор йиғилишидаги маърузаси менда жуда катта таассурот қолдирди. Айниқса, Шавкат Миромоновичнинг “депутатга беписандлик- халққа беписандлик” дея эътироф этганлари мени айни кўнглимдаги гап бўлди.

Президентимиз парламентимиз фаолияти, маҳаллий Кенгаш депутатлари ишидаги камчиликларни куюнчаклик билан айтиб ўтдилар. Албатта ушбу танқидий маъруза ҳаммамиз учун сабоқ бўлди.

Мен Президентимизнинг республикамиз вилоятлари, туманлари ҳамда маҳаллаларида халқимиз билан учрашувларини ҳар сафар диққат билан кузатиб бораман. Жумладан, ўтган ҳафтада Президентимиз Тошкент вилоятида бўлганларида ҳам одамларни рози қилишга, муаммоларини тезда ҳал этишга алоҳида эътибор бермоқдалар. Энг муҳими, муҳтарам Президентимизнинг  ҳар бир сўзида, амалга ошираётган барча ишларида адолат бор. У кишининг юртимизнинг равнақи йўлида олиб бораётган халқпарвар сиёсати мустақил Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган барча фуқароларни тўлқинлантирмоқда.

Кейинги йилларда кундалик ҳаётимизда бир қатор муаммолар кўзга ташланмоқда. Президентимиз бот-бот такидлаб ўтаётганларидек, энг аввало “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат килиши керак” деган тамойилни бугун ҳар бир депутат, ҳар бир бошқарув идораси ходимлари, ҳар бир ташкилот раҳбарлари ўзларига шиор қилиб олишлари зарур. Шуни унутмаслигимиз керакки, халқимизга беминнат ёрдам кўрсатиш бугун нафақат давлатимиз томонидан олиб борилаётган халқчил сиёсатнинг давоми, балки муқаддас динимизда ҳам асраб-авайлаб келинаётган кадриятларимиз ҳисобланади. Жамиятда инсон манфати, унинг қадр-қиммати меҳнати ва тақдири бу қадар юксак эътироф этилаётган экан, барча саъи-ҳаракатлардан биз “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари четда туришга асло ҳаққимиз йўқ.

Бундан буён Президентимиз маърузаларида илгари сурилган вазифалар моҳиятини чуқур ҳис этган ҳолда, халқ хўжалигининг барча жабҳаларида кўзга ташланаётган муаммоларни ҳал этишда, ўзимизга берилган ваколат имкониятлардан, қолаверса, жамоатчилик назоратининг барча таъсирчан усулларидан кенг фойдаланишимиз керак.

Давлатимиз раҳбари маърузаларида Парламент палаталари айниқса, сиёсий партиялар фаолиятига одил ва оқилона баҳо берилди. Тан олиб айтишим керакки кейинги вақтда сиёсий партиялар одамларни унчалик ҳам диққат эътиборини торта олмайдиган тадбирлардан нарига ўта олмай қолган эдилар. Ваҳоланки, бугунги шиддаткор давр, сиёсий партиялар, депутатлардан алоҳида намуна кўрсатишни, ташаббускорлик билан иш олиб боришни, жамиятнинг олдинги сафларида бўлишни тақозо этаётир. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсам, баъзи  маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган “Депутат минбари” рукни остида берилаётган мақолаларни ўқиганимда таажжубга тушаман. Наҳотки, баъзи депутатларимиз ҳали ҳам ўзининг аниқ бир иш режасига эга эмас. Амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган ўз ваколати доирасидаги вазифаларни аниқ ҳис этмайди. Энг ачинарли томони, баъзи депутатларимиз вилоят, туман Кенгашлари билан алоқани мутлақо  узиб қўймоқда. Қани айтинглар, бундай депутатлар билан  муроса қилиш мумкинми?

Энди Президентимиз таклифларига асосан сиёсий партиялар   депутатлар фаолияти билан боғлиқ амал қилиб турган қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартириш ва  қўшимчалар киритилади. Бундан буён   барча маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз фаолиятларини қайтадан кўриб чиқишлари шарт.

Шу ўринда депутатлар билан қуйидаги таклифларимни ўртоқлашмоқчиман. Қадрли депутатлар, бундан кейинги фаолиятларингизда сизларга жуда катта ишонч билдириб, сиёсий жараёнларда иштирок этишингиз учун  катта ишонч ва имконият яратиб берган сиёсий партиялар билан мустаҳкам алоқада бўлинг! Халқ, сайловчилар ишончини оқланг! Акс ҳолда, Президентимиз таклифларига асосан қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ депутатни сиёсий партиялар маълумотномасига асосан ваколат муддатидан аввал чақириб олинишини унутмангиз!

Бундан кейинги иш фаолиятимизни қайта кўриб чиқиб маърузадан тегишли хулоса чиқариб оламиз. Партиямизнинг дастурий вазифаларини ҳам такомиллаштириш ҳаракатини  кўрамиз, албатта.

Биз “Адолатчилар” Президентимиз томонидан илгари сурилган барча вазифаларни беками -кўст адо этилишида у киши билан ёнма -ён, елкама- елка туриб фақат илдам одимлайверамиз.

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ҳаракатлар стратегияси” да белгиланган вазифалар, қолаверса у кишининг бевосита ташаббуслари билан халқимиз манфаати йўлида бошланган икки  йиллик сафарбарлик ишларида ҳам алоҳида фидоийлик, керак бўлса жасорат намуналарини кўрсатамиз. Бунга асло шубҳа бўлиши мумкин эмас.

 

Абдуқаххор АХМЕДОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши депутати.

Салоҳият ва имконият етарли: нега ундан оқилона фойдалана олмаяпмиз? was last modified: Июль 24th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »