Сессия: Жомбой туманида депутатлик гуруҳлари фаолияти қониқарлими?

24 Июль, 12:14 • Самарқанд вилояти, Сессия, Янгиликлар • 383 марта кўрилди • Комментариев к записи Сессия: Жомбой туманида депутатлик гуруҳлари фаолияти қониқарлими? нет

Куни кеча халқ депутатлари Жомбой туман Кенгашининг намунали тарзда ташкил этилган сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифаларни туманда амалга оширишнинг 2017-2019 йилларга мўлжалланган дастури муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, вакиллик органлари, хусусан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, шунингдек сиёсий партияларнинг жойлардаги Кенгашлари, депутатлик гуруҳлари ҳамда депутатлар ўз ваколатларини тўлиқ ва самарали амалга оширмаган, бундай салбий ҳолат халқ депутатлари Жомбой туман кенгаши ва унинг доимий комиссиялари, сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, туманда бир қатор долзарб масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар мавжуд бўлган бир пайтда, 2017 йилнинг ўтган даврида туман Кенгашининг сессияларида прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятининг айрим йўналишларидан ташқари, туман учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокама этилмаган, бирорта сиёсий партиянинг депутатлик гуруҳи ёки доимий комиссиялари  ушбу йўналишларда ташаббус билан чиқмаган.

Туманда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш, шу  мақсадда тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш ишлари ҳам аксарият ҳолларда депутатлик корпуси эътиборидан четда қолиб келмоқда.

Туманда тиббиёт муассасалари, жумладан, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг самарадорлиги юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бурхон Ўринов ҳисобот берди. Туманда аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, бу борада тиббиёт ходимларининг масъулиятини ошириш, жавобгарлигини таъминлаш бўйича ҳам бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Жумладан, Деҳқонобод маҳалласидаги оилавий поликлиникадаги зарур тиббий аппаратуралар эскирган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ушбу муассасага терапевт, педиатр ва умумий амалиёт шифокорлари етишмайди. “Ногаҳон” ва “Жомбой” қишлоқ врачлик пунктларининг бинолари капитал таъмирга муҳтож бўлиб, бу борада туман Кенгаши, хусусан унинг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш, Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссиялари бундай муаммоларнинг сабабларини ўрганиб, танқидий-таҳлил асосида таъсирчан чораларни етарли даражада кўриб бормаганлиги эътироф этилди.

Шунингдек, ўрганиш натижаларидан маълум бўлишича, туманда туманда ёшларга оид давлат сиёсатини тўлиқ ва самарали амалга ошириш борасида ҳам долзарб масалалар, ечимини кутаётган муаммолар бисёр, бу борада олиб борилаётган ишлар етарли эмас, ёшлар ҳаётидаги ечилмаган ижтимоий муаммолар таҳлили ҳамда уларни бартараф этишга оид ташаббуслар туман Кенгашидаги сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари ва тегишли доимий комиссиялар томонидан фаол илгари сурилмаган бўлиб, бу борада, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларни иш билан таъминлаш борасидаги ишларни жонлатириш лозимлиги қайд этилди.

Танқидий таҳлил асосида ўтган халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, ишчи гуруҳ раиси Н.Йўлдошев сўзга чиқиб, тумандаги мавжуд муаммоларнинг ҳал этилиши учун сиёсий партиялар ва депутатлар фаолиятини жонлантириш лозимлигини эътироф этди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр- мулоҳазаларини баён қилди.

Сессия сўнгида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Сессия: Жомбой туманида депутатлик гуруҳлари фаолияти қониқарлими? was last modified: Июль 24th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »