Сессияда депутатлар фаолиятида танқидий ёндашув

21 Июль, 21:10 • Бухоро вилояти, Депутатлик гуруҳи, Муҳим хабарлар, Сессия, Янгиликлар • 164 марта кўрилди • Комментариев к записи Сессияда депутатлар фаолиятида танқидий ёндашув нет

Халқ депутатлари Ромитан туман Кенгашининг намунали сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасининг Спикери ўринбосари Наримон Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Сессияни халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов очар экан, у ўз сўзида жорий йилнинг 12 июль кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасини барчамиз қизиқиш билан эшитганимиз ва бу маъруза ўзининг моҳияти билан тарихиий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, мамлакатимиз олдида турган муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш борасида сиёсий партияларнинг фаоллигини кучайтириш, олий ва маҳаллий вакиллик органларидаги депутатларнинг масъулиятини кучайтириш лозимлигига алоҳида тўталиб, айнан шу масалада Ромитан туманидаги сиёсий партиялар ва депутатларнинг асосий вазифалари нималардан иборат эканлиги тўғрисида ўз фикрини билдирди.

Сессияда сўзга чиққан Спикер ўринбосари Наримон Умаров эса, сиёсий партияларнинг, депутатларнинг масъулиятли вазифалари, улар олдида турган асосий амалий ишлар хусусида сўзлаб, вилоятдаги Ромитан туманининг бошқа туманларга ҳақиқатдан ҳам намуна бўла оладиган даражага етиши лозимлигини айтиб ўтди.

Шундан сўнг туман сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг видеосеслектори намойиш этилиб, унинг якуни бўйича партияларнинг туман Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз муносабатларини билдиришди, ўз фаолиятлари давомида камчиликларга йўл қўйилганлиги борасида тўхталишар экан, уларни бартараф этишда, янада эътиборли бўлиб, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиб, партиялар ва туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳларининг фаолиятини кучайтириш, уюшмаган ёшлар билан ишлашда самарали усуллардан фойдаланиш, депутатлик сўровларини ёзишда эътиборсизликка йўл қўймаслик зарур эканлигини ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишди.

Раҳматилло Ҳайитов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Ромитан туман Кенгаши раиси:

Давлатимиз раҳбарининг маърузалари биз учун жуда катта тажриба мактабидир. Тўғри, унда фаолиятимиз билан боғлиқ танқидий фикрлар билдирилди. Биз барчамиз ана шу танқидий фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда масъулиятли бўлмоғимиз зарур. Фуқаролар билан ишлаб, мавжуд муаммоларнинг ечимини топишга кўмаклашишимиз ҳамда ёшларнинг фаолиятига янада эътиборли бўлиш лозимлигини унутмаслигимиз шарт. Ҳар бир партия ходими доим ўзининг сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда амалий ишларга эътиборли бўлиши талаб этилади.

Сессия кун тартибининг иккинчи масаласи этиб “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар” тўғрисида туман ички ишлар бўлими раҳбари Бахтиёр Саиджонов ҳисобот бериб ўтар экан, дастлаб Халқ депутатлари туман Кенгашида ҳуқуқбузарикларнинг профилактикаси тизимини ислоҳ қилиш йўналишида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган 3 та баён, 22 та Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлар, ҳукумат қарор ва фармойишлари, жумладан, ички ишлар органлари тизими бўйича 15 та, адлия, прокуратура, судлар бўйича 2 тадан муҳим ҳужжатлар қабул қилинганлиги борасида айтиб ўтди. Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш назоратга олинганлигини таъкидлади.

Сессия кун тартибига киритилган учинчи масала “Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида” бўлиб, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Жавлон Давронов аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги ПҚ-2857-сонли “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ туманда тиббиётнинг бирламчи тизимида белгиланган тартибда мақбуллаштириш ишлари олиб борилганлиги, унга асосан туманда мавжуд 25 та қишлоқ врачлик пунктлрининг 6 таси негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилинганлиги, 9 та қишлоқ врачлик пунктлари эса фаолияти сақлаб қолинганлиги, уларнинг сони 25 тадан 15 тагача камайтирилиб, шундан 10 таси қисқартирилганлиги, қисқартирилган 6 та ҚВПларнинг биносида шифокорлар учун хизмат уйлари ташкил этиш орқали аҳолига туну кун бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатиш имконияти яратилганлиги, 3 та ҚВПларининг фаолияти эса бутунлай тугатилганлиги тўғрисида ахборот берди.

Кун тартибидан ўрин олган “Ёшлар билан ишлаш соҳасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги тўртинчи масала юзасидан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Сайфуддин Фаттуллаев тўхталиб ўтар экан, туманда ёшлар сиёсати соҳасида олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш, ёшлар олдида турган муаммолар ечимини топиш, уларни туманда олиб борилаётган амалий ишларга жалб этиш, фаоллигига эътибор қаратиш, ёшларнинг, айниқса, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, ёшлар орасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, нотинч оилалардаги ёшлар билан индивидуал ишлаш ҳамда уларга психологик ёрдам кўрсатишни маҳаллалар кесимида тизимли йўлга қўйиш масалалари депутатлар томонидан муҳокама этилди. Шунингдек, улар бу борада ўзларининг таклиф ва тавсияларини беришди.

Сессия иштирокчилари, маҳаллий Кенгаш депутатлари соҳа ходимларига ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Сессия кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »