Сўровларга қачон жавоб бўлади?…

24 Июль, 11:42 • Муносабат, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 143 марта кўрилди • Комментариев к записи Сўровларга қачон жавоб бўлади?… нет

Жорий йилнинг 12 июль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Сенаторлар, Олий Мажлис палаталари ҳамда сиёсий партиялар билан бўлган учрашувда фаолиятимизга бўлган танқидий баҳо барчамизни янгича қарашга ундади десам, муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, сайловолди дастуримизда белгиланган мақсад-вазифаларни жамиятимизнинг барча жабҳаларида кенг тарғиб қила олмаётганимиз, сайлов жараёнларида сайловчиларимиз олдида берган ваъдаларимизни ўз вақтида бажара олмаётганимизни бугун вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Бироқ, шу ўринда айтиб ўтишим керакки, Тошкент вилоятининг барча шаҳар, туман Кенгашларида ҳафта давомида ўрганиш мобайнида иш жараёнида бир талай муаммолар борлиги маълум бўлди. Хусусан, ижро органлари, мутасадди ташкилотлар томонидан шаҳар, туман Кенгашларининг мурожаатларига масъулиятсизлик билан ёндашилган. Бунга кўплаб мисоллар келтириб ўтишим мумкин.

Масалан, партиямизнинг Ангрен шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан Ангрен шаҳар ҳокимиятига, Ангрен шаҳар судига, шаҳар электр тармоғига, Тошкент вилояти газ таъминотига, Оҳангарон туман ҳокимиятига, Тошкент вилояти темир йўллари бошқармасига чиқарилган турли масалалардаги 6 та депутатлик сўровларига жавоб қайтарилмаган.

Бекобод шаҳар Кенгаши депутати Эркин Турсунбоев томонидан шаҳар Электр тармоқларига 3 маротаба, шаҳар ҳокимиятига аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида 3 маротаба чиқарилган депутатлик сўровлари, тегишли раҳбарлар томонидан жавоб қайтарилмаган. Айниқса, партиямизнинг Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутати Умид Убайдуллаев томонидан Олмалиқ шаҳридаги умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларидаги ҳолатларни яхшилаш мақсадида, жорий йилнинг май-июнь ойларида шаҳар Халқ таълими бўлимига юборилган 8 та, шаҳар Бандликка кўмаклашиш марказига чиқарилган 3 та депутатлик сўровларининг бирортасига ҳам, жавоб хати келмаганини қандай изоҳлаш мумкин.

Шунингдек, Бўка тумани Кенгашининг офис учун хона ажратиш масаласида 3 маротаба туман ҳокимиятига қилган мурожаати ҳам ўз ечимини топмаган. Ҳаттоки, айрим депутатлар бир масала юзасидан қайта-қайта сўров чиқарган ҳолда ҳам, сўровлар жавобсиз қолиб кетмоқда. Бу депутатга ҳурматсизликми ёки халққами? Ахир депутатнинг сўровлари халқнинг манфаатини ҳимоя қилиш, турмуш тарзини яхшилаш мақсадидаги мурожаатларку.

Айниқса, вилоятда партия лойиҳалари доирасида ўтказилаётган тадбирларга айрим мутасадди раҳбарлар томонидан беписандлик билан қараш холатлари кузатилмоқда. Жумладан, Оққўрғон тумани Хотин-қизлар қўмитаси раиси партиянинг туман Кенгаши раисига тадбир ўтказиш масаласида беписандлик билан муомала қилгани одамни таажжубга солади.

Агар вилоятда ижро органлари, тегишли ташкилотлар ва масъул раҳбарлар томонидан депутатлар ва туман Кенгаши раисларининг сўров ва мурожаатларига мана шундай эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан ёндашув бўлар экан, биз қачон халқнинг оғирини енгил, уларни қийнаётган муаммосига ечим топамиз.

Бундан буён мутасаддилар  Президентимизнинг  “Депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт”, деган фикрларидан тегишли хулоса чиқариши шарт, деб ўйлайман.

Умуман, давлатимиз раҳбари томонидан фаолиятимизга берилган танқидий фикрлардан барчамиз хулоса чиқарган ҳолда камчиликларимизни ўз вақтида бартараф этишимиз зарур. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ўз олдига устувор мақсад ва вазифаларни белгилаб олди. Халқ депутатлари Тошкент вилояти, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари сайловчиларимизнинг ишончини оқлаб, “Меҳнаткаш”, “Халқпарвар”, “Адолатли” депутат номларини биринчилардан бўлиб олишида, бор куч ва имкониятларини ишга солишга тайёрдирлар.

Умид ШОУМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши раиси в.в.б.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »