Вазифалар белгилаб олинди

31 Июль, 18:26 • Пленум, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 137 марта кўрилди • Комментариев к записи Вазифалар белгилаб олинди нет

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Қибрай тумани Кенгаши Пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши, партиянинг халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, шаҳар, туман Кенгашлари раислари, партия фаоллари ҳамда ОАВлари ходимлари иштирок этди.

Пленумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлиси палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Қибрай туман Кенгашининг 2017 йил иккинчи ярим йиллиги учун чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш, муҳокама қилишга эътибор қаратилди.

Йиғилишни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаров кириш сўзи билан очиб берди ва кун тартибидаги масалалар билан таништирди.

Давлатимиз раҳабари Ш.Мирзиёев билан бўлган учрашув миллий парламентимиз ва сиёсий партиялар фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Айниқса, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаолияти ҳақида билдирилган танқидий фикрлар қанчалик аччиқ бўлмасин, барчаси ҳақиқат. Бу партиянинг барча депутатларини, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раисларини, қолаверса, бошланғич партия ташкилотларини, бир сўз билан айтганда барча партия фаолларини ташвишга солиши керак. Шу сабабдан, бугунги йиғилишда партия фаолиятининг барча йўналишларини танқидий таҳлил асосида тубдан қайта кўриб чиқилиб, Президентимизнинг маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.

Шундан сўнг, партиянинг Қибрай тумани Кенгаши раиси Азамат Акромов ўз нутқида, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом эттирилмоқда, дея таъкидлади. — Бугунги кунда ушбу жараёнларда партия ва депутатлик гуруҳининг ўрни ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан партия ва халқ депутатлари Қибрай туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг иш услубини тубдан ўзгартиришни, жумладан, аҳоли билан доимий мулоқотлар олиб бориш, аҳолини ўйлантираётган ҳаётий долзарб муаммоларни бартараф қилишда фаол иштирок этиш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал қилиш борасидаги ташаббускорликни ошириш каби тадбирларни самарали ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Партиянинг Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати Боймат Тошманов сўзга чиқиб, депутатлик гуруҳидаги депутатлар ўз ваколатларини тўлиқ фойдаланмаганлигимиз ва самарали ишларни амалга оширмаганимиз ҳолати бугунги фаолиятимиздада яққол кўзга ташланмоқда, — дея ўз фикрини баён қилди. — Хусусан, туманда бир қатор долзарб масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар мавжуд бўлган бир пайтда, 2017 йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари туман Кенгашининг сессияларида прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятининг айрим йўналишларидан ташқари, туман учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокама этилмаган,  туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз ушбу йўналишларда ўз ташаббуси билан чиқмаган.

 Партиянинг Қибрай тумани Кенгаши фаолиятни тубдан янгилаш ва ривожлантириш борасида ўзининг жорий йилнинг иккинчи ярим йиллиги учун чора-тадбирлар дастурини  Кенгаш депутатлари, раислари эътиборига тақдим этди. Дастур лойиҳасига кўра, партия фаоллари ҳамда депутатларга алоҳида аниқ вазифалар, уларни амалга ошириш муддатлари белгилаб берилган. Депутатлар, раислар дастур лойиҳаси билан танишиб чиқиб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Пленум якунида кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан  тегишли қарорлар қабул қилиниб, вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг, Тошкент вилояти Кенгашининг Ижроқўми ҳам ўтказилиб, унда жорий йилнинг 3 август куни Пленум чақирилиши келишиб олинди.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Вазифалар белгилаб олинди was last modified: Июль 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »