Ёшлар келажагига юксак эътибор

5 Июль, 15:34 • Бухоро вилояти, Ёш адолатчилар, Муносабат, Янгиликлар • 152 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшлар келажагига юксак эътибор нет

Мамлакатимизда барча ёшларнинг билим олиши, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб шаклланиши учун қатор шароитлар, имкониятлар яратилди. Аммо шундай бўлса-да, баъзан орамизда берилган шароит ва янгиликлардан фойдаланмай, турли салбий иллатлар оқимида яшаб келаётган ёшларимиз йўқ эмас. Юртимизда ана шундай ёшларнинг тарбиясига катта эътибор бериб, уларни ҳар қандай салбий иллатлардан асраш долзарб вазифалардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV Қурултойида сўзлаган нутқида ҳам айни шу масалалар борасида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, биз — ёшларга янада кенгроқ имкониятларни яратиш, улардан фойдаланиш борасида қатор таклифлар, вазифалар берилди. Ҳар қандай соҳага катта эътибор қаратилди.

Қиз бола – оила, жамият кўзгуси. Унинг тарбияси, билим савиясини янада юксалтириш лозимлиги борасида тўхталиб ўтилар экан, қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қобилиятини юзага чиқариш, улар орасида ҳақиқий етакчиларни тарбиялаш ишларини янада кучайтириш лозимлиги тўғрисидаги билдирилган фикрлар жамиятда аёлларнинг, қизларнинг ўз ўрнига эга бўлишлари учун асос бўлади. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борадаги фикрларга жуда катта эътибор қаратилди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда китобхонлик савиясини ошириш, ёшларнинг маъанавий камолотини юксалтирувчи китобларни ўқиш учун жалб этишга катта аҳамият берилмоқда. Ушбу учрашувда ҳам айни шу масалалар тўғрисида давлатимиз раҳбари тўхталиб ўтар эканлар, албатта, китобхонлик савиясини ошириш мақсадида “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила” каби йўналишларда танловлар ўтказиш вазифаларини топширдилар. Бу эса ёшларнинг саводхонлигини, билим савиясини, шунингдек, бутун бир оила ва маҳалланинг маънавий камолотини шакллантиришга хизмат қилади.

Ҳалол ва самарали меҳнати, илмий-ижодий ютуқлари, Ватанга садоқатли хизмати билан барчага ўрнак бўлаётган мард ўғлонларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш давлатимизнинг эътибор марказида бўлиши зарур. Уларнинг бу борадаги меҳнатини қадрлаш мақсадида “Мард ўғлонлар” деган ном билан Давлат мукофотини ҳамда ҳар томонлама фаол ёшлар учун “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этиш таклифи берилганлиги барча ёшлар учун яна бир имконият бўлди, албатта.

Раҳбаримизнинг барча ёшлар эътиборини тортган таклифлардан яна бири шуки, 30 июнь – “Ёшлар куни” деб эълон қилиниши барчамиз учун бир кунлик эмас, балки бутун умрлик байрам кунига айланиб қолди. Бу эса шубҳасиз, янада кенгроқ имкониятлардан фойдаланиш, дунё минбарларида биринчиликларни қўлга киритиб, улкан ютуқларга эришишимизда хизмат қилади.

Низомиддин СУВОНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгашининг
“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли.

Ёшлар келажагига юксак эътибор was last modified: Июль 5th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »